Халқ оғзаки ижоди ва қадриятлари давлат мақомида
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ВА ҚАДРИЯТЛАРИ ДАВЛАТ МАҚОМИДА
Маънавият қадим замонлардан инсон дунёқарашини, хатти-ҳаракатини, жамиятда тутган ўрнини, халққа, ватанга, атрофидаги одамларга бўлган муносабатини бошқарувчи омил ҳисобланади. Маънавий қашшоқ кимса ҳаётда рўй бераётган воқеаларга лоқайд бўлади. Лоқайдлик эса тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. Маънавий қашшоқ одам учун Ватан, халқ, оила каби муқаддас тушунчалар ёт. Шунинг учун кекса авлод, аввало, фарзанднинг маънавий дунёсини шакллантириш чорасини режалаштирган. Аслини олганда, халқ достонлари, эртаклари, қўшиқлари, мақоллари ва бошқа ўнлаб жанрдаги асарлар ёш авлоднинг маънавиятини бойитиш, уни ҳақиқий инсон даражасига етишини таъминлаш мақсадини назарда тутган ҳолда яратилган. Ўтган асргача бугунги кундаги матбуот, ўқув даргоҳлари, маданият марказлари, радио, телевидение, интернет каби таълим, маърифат тизими бўлмаган. Бу вазифаларни бажариш, асосан, халқ оғзаки ижоди зиммасига юклатилган. Натижада, халқ оғзаки ижоди халқ педагогикаси заминини ташкил этган. Одатда, халқнинг мустақиллиги, унинг равнақи бадиий адабиёт билан узвий боғланади. Оғзаки ижод эса, бадиий адабиётнинг ажралмас қисмидир. Шунинг учун халқ устидан ҳукм юритишга ҳаракат қилган ҳокимият, аввало, унинг адабиётини бошқаришга уринган. Собиқ шўро тузуми шароитида халқ байрами – Наврўз, “Алпомиш”, “Равшан” достонларимиз тақиққа учраган. Фольклор экспедициясига халқ оғзаки ижоди асарларини ёзиб олиш мақсадида чиққанимизда ислом динига оид асарларни ёзиб олиш маъқул кўрилмас эди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси оғзаки адабиётимизни йўқ қилиш ниятини амалга ошириш чоралари эди, холос.
1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақил республика деб эълон қилинди. Юртимиз ижтимоий ҳаётидаги бу ўзгаришни ўзбек халқи ўнлаб йиллар давомида орзиқиб кутган эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз ўтмиш қадриятларни қайтадан тиклаш, одамлар қалбида тутқунликда ётган маданий меросимизга кенг йўл очиш сиёсатини амалга оширди. Дунё илми тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз номлари, уларнинг кашфиётлари ҳақидаги маълумотлар қатори турли муносабатлар билан урф-одатлар, расм-русумлар ҳам тилга олина бошланди. Бу тадбирлар ҳар бир ўзбек қалбида миллий ғурур туйғусини уйғотиш мақсадини назарда тутди.
Аслида, ўзбекларнинг дунёда илғор, беназир маданиятга эга бўлган халқ эканлигини тасдиқловчи фикрлар мустабид тузум пайтида ҳам айтилган. Аммо бундай ҳур гапларнинг муаллифлари қатағон қилинган эдилар. Уларнинг кўпчилиги сирли вазиятларда ҳаётдан кўз юмдилар. Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Отажон Ҳошим, Сулаймон Хўжа ва бошқалар эса ўйлаб топилган ёлғон жиноятларда айбланиб отилдилар. Айримлари – Усмон Носир, кейинчалик Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло, Шуҳрат кабилар узоқ муддатга қамоққа олиндилар. Аммо эркинликни, ўтмишдаги халқ алломаларининг кашфиётларини тарғиб этувчи асарлар тизими мураккаб вазиятда ҳам тўхтаб қолмади. ХХ асрнинг 60-70-йиллари адабий ҳаётга ёш ижодкорлар сифатида кириб келган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоирлар “Ўзбегим”, “Ўзбекистон” каби поэтик асарлар яратдиларки, бу даврда яшаган юртдошларимиз Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат, кашфиётлар ва қадриятлар юрти эканига комил ишонч билдира бошладилар. Халқимизнинг ҳақиқий фарзандлари саъй-ҳаракати билан “Халқ оғзаки ижоди” туркумида “Алпомиш” достони, Эргаш Жуманбулбул, Фозил шоир, Пўлкан, Ислом шоир, Бола бахши ижро этган эпос намуналари, халқ қўшиқлари, эртаклари, аския, латифа, топишмоқларнинг нашр қилиниши нур устига нур бўлди.
Шунингдек, ўтган асрнинг 50-йилларида Иброҳим Мўминов, Воҳид Зоҳидов, Парсо Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Ҳоди Зариф каби таниқли зиёлилар турли сабаб ва важлар билан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” (Солиҳ Муталлибов), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (Қаюм Каримов), Навоийнинг “Хамса”, Бобурнинг “Бобурнома” (Парсо Шамсиев) каби бир қатор асарларини нашрга тайёрладилар ва чоп этдилар. Қизиғи шундаки, бизнинг олимларимиз мумтоз адабиёт намуналаридан собиқ шўро тузуми сиёсатига мос келмайдиган ўринларни атайин кескин танқид қилишар, бойлар ва йўқсиллар маданияти ҳақида сиёсатбоп гапларни топишар, аммо асарларни тўлиқ нашр қилишдек олий ниятларига ҳам эришар эдилар.
Табиийки, “Собиқ шўро тузуми даврида бевосита халқ орасида ҳукмрон сиёсатни танқид қилувчи халқ оғзаки ижоди асарлари яратилмадими?” – деган савол туғилади. Гап шундаки, халқ оғзаки ижоди асарлари ёзиб олинмаса, уларнинг оммалашуви учун шароит бўлмаса, вақт ўтиши билан бу асарлар ўз-ўзидан ғойиб бўлади: айтувчининг ёдидан кўтарилади, тақдир тақозоси билан айтувчи вафот этади ва ҳоказо. Уларни ёзиб олиш эса ҳамиша ҳам амалга ошавермайди. Бугунги кунда ўша пайтда доҳий деб тан олинган тарихий шахслар ҳақида ўнлаб латифалар тўқилганини, мақталаётган колхозлар, беш йилликларнинг асл қиёфаси қўшиқларда танқид қилинганини эътироф этиш мумкин, холос. Жумладан, ўз пайтида Отажон Ҳошим томонидан ёзиб олинган қўшиқларда колхоз тузумига, ҳамма экин майдонларига фақат пахта экиш сиёсатига салбий муносабат билдирилган намуналар борлиги ҳақидаги хотиралар мавжуд, холос. Афсуски, тақдир тақозоси, турли сабаблар билан бу ёзувлар йўқолган.
Мустақиллик, умуман, халқ қадриятларига, хусусан, халқ оғзаки ижодига бўлган муносабатда кескин ижобий ўзгариш ясади. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон буюк келажак сари” асаридаги “Мустақил Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизлари” деб аталган бўлимда: “Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг йўли тўртта асосий негизга асосланади”, - дейилган. “Бу негизлар:
- умуминсоний қадриятларга содиқлик;
- халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
- инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
- ватанпарварлик” – деб белгилаб қўйилган.
Юқорида қайд этилган тўрт негизнинг ҳар бири ё бевосита, ё бавосита халқ оғзаки ижоди, аждодларимизнинг бизга қолдирган маънавий бойлиги – панд, ўгитлари, эл-юрт қадрини эъзозлаш, миллатимиз ғурурини ҳимоя қилишдек олий туйғулар билан боғланади. Ҳақиқатан ҳам, умуминсоний қадриятларга содиқлик, аввало, миллий қадриятларга садоқат мезони билан ўлчанади. Зеро ўз қадрини билмаган фарзанд ўзганинг қадрига етмайди. Халқимиз оғзаки ижодидаги асарларда эса айнан ана шу ғоя ўз ифодасини топган.
“Ўзбекистон буюк келажак сари” асарида илгари сурилган фикрлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этила бошланди. Халқ юртбоши томонидан айтилган ҳар бир мулоҳаза бевосита давлат сиёсати сифатида рўёбга чиқишига ишонди. Бундай мисоллар халқ оғзаки ижоди ҳам давлат мақомига эга эканини тасдиқлайди.
Кадрлар тайёрлаш “миллий дастури”га мувофиқ Ўзбекистон маорифи соҳасида янги бир тизим сифатида вужудга келган Академик лицейларда ярим йил давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” номи билан махсус курс ўтиш режалаштирилди. Касб-ҳунар коллежларида ҳам дарс соатлари ажратилди. Тўғри, умумтаълим мактабларида ҳам халқ оғзаки ижоди ҳақида маълумот берилади. Аммо бу маълумот 5-9-синфларда ҳар йили 2-4 соат ҳажмда бўлиб, бир сафар ўқитилган мавзу келгуси йилгача ўқувчи ёдидан кўтарилади. Олий ўқув юртларида эса халқ оғзаки ижоди дарслари фақат Филология, Ўзбек тили ва адабиёти, Журналистика факультетларида мавжуд. Ҳозирги вазиятда ўрта маълумотга эга ҳар бир ёш йигит-қиз учун оғзаки ижодимиз меросидан баҳраманд бўлиш имкони яратилди.
Кейинги йилларда давлат томонидан халқ қадриятларига эътибор берилиши натижасида оғзаки ижод дурдоналарига бўлган қизиқиш анча жонланди. Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах вилоятларига уюштирилган экспедициялар материаллари айрим фольклоршунослар билдирган халқ оғзаки ижодида таназзул жараёни бошлангани ҳақидаги фикрларнинг у қадар тўғри бўлмай қолганини тасдиқламоқда. Айниқса, 2009, 2010 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Чироқчи туманларига, Шаҳрисабз шаҳри қишлоқларига қилинган сафарлар достон, қўшиқ, эртак, топишмоқ, ўлан жанрларида ёзиб олинган матнларга бой бўлди.
1998 йилда Фозил Йўлдош ижро этган “Алпомиш” достонининг тўлиқ матни “Шарқ” нашриёт – матбаа концерни Бош таҳририяти томонидан нашр эттирилди. Агар достонни 1928 йилда Маҳмуд Зарифов ёзиб олгани, шу пайтгача фақат турли қисқартиришлар билан нашр этиб келингани назарда тутилса, мазкур китоб биз учун не қадар азиз экани маълум бўлади.
1999 йил 9 ноябрь куни эса “Алпомиш”нинг минг йиллик тўйи нишонланди. Бу тантанада сўзга чиққан юртбошимиз Ислом Каримов достоннинг миллатимиз ғурурини тарбиялашдаги аҳамиятини алоҳида эҳтиросли сўзлар билан изҳор этди:
“Алпомиш” - ўзбекнинг ўзлигини намоён этадиган, мард ва танти халқимизнинг юрак-юрагидан чиққан, ота-боболаримиз авлодлардан авлодларга ўтказиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир”.
Нутқда достоннинг халқ тарихига оид маълумотларга бой экани, ёш авлодни тарбиялашда жуда муҳим аҳамияти ҳақида фикр юритилади. Юртимиз бошлиғининг достонга нисбатан ҳурмати қуйидаги жумлада ўз ифодасини топган: “Аслида халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, “Алпомиш” ана шу достоннинг шоҳбайтидир”.
Халқ оғзаки ижодига бу қадар юқори баҳо беришнинг чуқур илдизи бор. 1997 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида Ислом Каримов мамлакат келажагини белгиловчи “Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” деб аталган нутқ сўзлади. Мазкур нутда шундай фикр берилади: “Чор Россиясининг Туркистон ўлкасидаги генерал-губернатори М.Скобелев: “Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”, - деб айтган гапини эслашнинг ўзи кифоя қилади”.
Маълум бўладики, маданият, санъат, тил халқнинг халқ сифатида равнақ топишининг бош омили экан. Халқ ижоди эса маданият, санъат, тилнинг асосини ташкил этувчи таркибий қисмдир.
Шунинг учун ҳам 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да “Маънавий-ахлоқий тарбия ва маърифий ишлар” алоҳида бўлим сифатида тасдиқланиши бежиз эмас. Унда ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий маданий-тарихий анъаналарига, урф-одатлари ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган самарали ташкилий, педагогик шакл ва воситалари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши таъкидланади.
Бугунги кунда эса мустақил ўзбек халқи маданий ҳаётида қатор янгиликлар рўй бермоқда. Жумладан, “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонининг таъсис этилиши, “Бойсун баҳори” байрамларининг ўтказилиши ўзбек халқи ўтмиши билан бугунги кунини боғловчи ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
2008 йилда “Маънавият” нашриёти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” деб аталган китобини нашрдан чиқарди. Аввало, айтиш керакки, китобхон асарнинг бошидан охиригача халқ қадриятлари, ўтмиш маданият, тарих ҳақидаги чуқур илмий мулоҳазалар билан танишади. Айниқса, муаллифнинг халқ оғзаки ижодига бўлган ҳурмати ҳар бир саҳифада аниқ ифодаланиб туради:
“Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар... бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир” .
Шунингдек, мазкур асарда юртбошимиз “Алпомиш” достони ҳақида янги фикрларни баён этар экан, ибратли хулосага келади: “Демак, халқимиз бор экан, - дейди у, - “Алпомиш” достони ҳам барҳаёт”.
Муаллиф турли мавзулар йўналишида ўз мулоҳазаларини изҳор қилар экан, уларнинг янада тушунарли бўлиши учун “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар”, “Қуш уясида кўрганини қилар”, “Маҳалла – ҳам ота, ҳам она”, “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Уят – ўлимдан қаттиқ”, “Куч - адолатда” каби мақол ва буюк аждодларимизнинг доно сўзларидан фойдаланган. Натижада, бу намуналар юртбошимизнинг аввалги нутқ ва асарларидан ўрин олган “Ватанни севмоқ иймондандир”, “миллий ўзлик”, “халқ бошига тушган хавф”, “мудҳиш воқеалар олдида ҳолва бўлиб қолиш”, “чаламуллалар”, “ишингиз битса, бўлгани” каби халқона ибора ва ҳикматли фикрлар қаторини тўлдиради.
Хуллас, халқимиз оғзаки ижодининг давлат мақомида эъзозланишини Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишининг ижобий натижаси сифатида баҳолаш мумкин. Юртимиз баркамол авлодини халқ оғзаки ижодидан мукаммал маълумотга эга бўлмаган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки оғзаки ижод достонларида ватанга хиёнат қилгандан кўра ўлимни афзал билган Равшан, бутун ҳаракатини парчаланган юртини бирлаштиришга бағишлаган Алпомиш, ўз Ватанини ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилган Гўрўғли, оиласини муқаддас билган Кунтуғмиш мадҳ этилади. Ўзбекнинг бутун фазилати, фалсафаси, донолиги, дунёқараши, олий ҳимматлилиги, турли ҳаётий вазиятларга муносабати мақолларда акс этган. Инсондаги меҳнатга муҳаббат, ишқ туйғулари қўшиқларда энг гўзал ички кечинмалар сифатида ифодаланган. Эртакларда халқимизнинг энг олий орзу-ҳаваслари намоён бўлади. Улар билан танишган ёш авлод ўзбек учун ватан, халқ, оила, меҳнат, илм, ғурур нақадар муқаддас тушунчалар эканини англаб етади.
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL