”АЛПОМИШ” достони
"АЛПОМИШ" достони
Халқ оғзаки ижодидаги бирон асарнинг ёки луғат бойлигимиздаги сўзнинг қадимийлигини аниқлаш учун уни ёндош халқлар ижодида ёки ўша миллат тилида мавжудлигини ўрганиш яхши натижа беради. Бу жиҳатдан "Алпомиш" достони мазмунига оид асосий воқеалар олтой, татар, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа туркий халқларда эртак, ривоят, достон шаклида мавжуд экани асар ниҳоятда қадим замонларда яратилганини далиллайди. Проф. Тўра Мирзаев достон вариантлари юзасидан олиб борган тадқиқотларида унинг "Алпомиш", "Алпамыс", "Алпамис ботир", "Алып - манаш", "Алпамша", "Алпамиша ва Барсин хилув" каби номларда аталишини қайд этади. Ҳатто "Дада Қўрқут китоби"нинг учинчи бўй (достон)и "Бамси Байрак" ўзининг сюжет воқеалари жиҳатдан "Алпомиш"га яқин туришини таъкидлайди . Олимларнинг маълумот беришига қараганда, ХIХ аср охирида Я.Ф.Каль ўзбек-қўнғирот уруғи айнли аймоғига мансуб бахши Омонназардан дутор жўрлигида достон тинглагани ва бу достон “Алпомиш” достони бўлиши кераклиги ҳақида маълумотлар ҳам бор . Шундай қилиб, “Алпомиш” достони ўзбек қаҳрамонлик эпосининг энг қадимги ва мукаммал намунаси эканига ишонч ҳосил қиламиз. Ўзбек фольклоршунослигида унинг ўнлаб вариантлари тўлиқ ва парча ҳолида ёзиб олинган. Қадимги анъаналар асосида достон куйлаган Жасоқ бахши, Йўлдош бахши, Жуманбулбул, Эрназар бахшилар ўз тажрибаларини Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир, Пўлкан, Абдулла шоир, Нурман Абдувой ўғлига мерос қилиб қолдирганлар. “Алпомиш” бу бебаҳо мероснинг ноёб ва бетакрор мўъжизаси бўлиб шуҳрат топди. 1928 йилда Маҳмуд Зарифов устоз Ҳоди Зариф раҳбарлигида Фозил Йўлдош ўғлидан икки ой давомида “Алпомиш”нинг тўлиқ матнини ёзиб олди. Бугунги кунда достоннинг Бекмурод Жўрабой ўғли, Хушбоқ Мардонақул ўғли, Берди бахши (Бердиёр Пиримқул ўғли), Саидмурод Паноҳ ўғли, Пўлкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли вариантлари нашр этилган. Фозил Йўлдош ўғли айтган достон эса бир неча марта устоз Ҳ.Зарифов ва Т.Мирзаев нашрга тайёрлаган шаклда эълон қилинди.
Айтиш мумкинки, агар бахшилар маҳоратини белгилашда “Алпомиш” достонини ижро эта олиши ёзилмаган қоидалардан муҳими ҳисобланса, фольклоршуносликда бу достон ҳақида мақола ёзиш ёки китоб эълон қилиш ҳар қандай ўзбек олими ҳавас қилган воқеа белгисидир. Шунинг учун ўзбек халқ оғзаки ижодини ўрганган, илм ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар Ҳ.Зарифов, Ғози Олим Юнусов, М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, М.Саидов, Б.Саримсоқов бугунги кунда эса Т.Мирзаев, М.Жўраев, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул каби мутахассислар мазкур достон таҳлилига бағишланган мақолалари, тадқиқотлари, асарни нашрга тайёрлашдаги иштироклари билан фольклоршунослик илмимизни бойитдилар. Айни пайтда Ҳ.Олимжон, М.Шайхзоданинг достон юзасидан билдирган мулоҳазалари ҳали ўз қимматини йўқотмаган.
“Алпомиш” достони ҳақида мазкур қўлланмадаги фикрлар Фозил Йўлдош ўғли вариантига асосланишини қайд этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, “Алпомиш” достони деярли ҳамма эпос билан шуғулланувчи олимларнинг эътиборини ўзига жалб қилган экан, асар ўта мураккаб бўлгани сабабли билдирилган мулоҳазаларда ҳам турли ёндашишлар, мунозарали таҳлилларнинг мавжудлиги ҳам табиийдир. 1952 йил “Звезда Востока” журналининг 2-сонида А.Абдунабиев ва А.Степановнинг “Халқчиллик байроғи остида” мақолалари эълон қилинган. Бу мақола аввалроқ “Правда Востока”, “Литературная газета” саҳифаларида ҳам чоп этилган эди. Мазкур мақолада муаллифлар собиқ шўро тузумидаги сиёсий муҳит ҳукмига асосланиб, аввал хўжакўрсинга фольклоршунос олимларнинг яқин қирқ йиллик хизматини шунчаки мақтайдилар ва бирдан уларни мафкуравий онгсизликда айблашга ўтадилар. Улар фольклоршунос устозларимизнинг энг катта хатоси сифатида “Алпомиш”га бўлган муносабатни олишади. “Халққа қарши асарлардан бири “қаҳрамонлик эпоси” намунаси деб аталмиш “Алпомиш”дир”, - дейилади мақолада. Шундан кейин М.Афзалов, М.Шайхзода, В.Жирмунский, Ҳ.Зарифов, Ҳ.Олимжон каби ҳақиқий олимлар асоссиз танқид қилинади. Бу танқиддан “Алпомиш” музикали драмасини ёзган Собир Абдулла ҳам бебаҳра қолмайди. “Танқидчилар” достондаги Ҳакимбек ва Қоражон, Бойбўри ва Бойсари муносабатларини, Кайқубоднинг Қалмоқ юртига подшоҳ бўлиши воқеаларини, халқ оғзаки ижодидаги ўзига хос хусусиятларни, тасвир услубларини, ҳаётни кўрсатишдаги йўналишларни мутлақо тушунмаган, аслида, тушунишни истамаган ҳолда хулосалар чиқарадилар. Масалан, эпос қаҳрамонининг анъанавий ҳисобланган “Дунёни кезай, душманни жазолай” – гапи “Қалмоқ юртини босиб олай”, - деб тушунилади. Ваҳоланки, достонларда дунёни кезиш ва рақибни мағлуб этиш тушунчаси асар қаҳрамонининг бирон юртни босиб олиш ниятида эканига мутлақо мос келмайди. Қоражоннинг Алпомишга кўрсатган ёрдами муаллифлар томонидан “қулнинг эгаси хизматини бажариш” деб баҳоланади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, мақолани ёзган “олимлар” “Алпомиш”ни халқ душмани деб эълон қилиш билан узоқ муддатли режаларини амалга оширишни бошлаган эдилар. Кейинги навбатда “Авазхон”, “Зулфизар”, “Равшан”, “Рустами достон”дек асарлар турганини ҳам очиқ айтиб ўтишади. А.Абдунабиев ва А.Степановларнинг халқ оғзаки ижодининг табиатини тушунмаган ҳолда мақола ёзишга киришганларини Тўра Мирзаев шундай баён этади: “Шуни очиқ-ойдин айтиш керакки, А.Абдунабиев ва А.Степановлар “Алпомиш” достони ҳақида махсус тадқиқотлар олиб бормаганлар, халқ орасидан бирор банд қўшиқ ёки битта мақолни ҳам ёзиб олмаганлар. Хабардор кишиларнинг маълумотларига қараганда, улар достоннинг архивдаги бирор варианти қўлёзмасини ўқиб ҳам чиқмаганлар, фақат Фозил шоир вариантининг русча таржимаси асосида қоралаб ёзганлар, холос” .
Адабий ҳаётда кимдир мақола ёзади, кимдир китоб нашр қилади. Адабиётда ана шу мақола ёки китобга жавоб қайтарган иккинчи олим ҳам бўлади. Натижада илм ривожланади. Аммо “Халқчиллик байроғи остида” оддий мақолалардан эмас эди. Аввало, ўша пайтда Саид Аҳмад, Ҳамид Сулаймон, Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Шукрулло каби шоир, ёзувчи, олимлар тақдирида озодликдан маҳрум бўлишдек мудҳиш воқеалар рўй бераётган эди. Сиёсий ҳужум иштирокчилари энди “Алпомиш”ни қоралаш билан ғазаб мўлжалини халққа қаратмоқчи эдилар. Бу мақсадга эришдилар ҳам. Вазиятнинг кетишидан чўчиган айрим олимлар дарё оқимига қарши бора олмадилар. “Алпомиш”ни халққа қарши босқинчилик ғояси акс этган достон даражасига етказишди. Ана шундай пайтда, академик Азиз Қаюмовнинг хотирасида айтилишича, жуда чуқур мулоҳаза юритиб муаммонинг ечимини топиш талаб қилинган ва бу ечимни Ғафур Ғулом топишга муяссар бўлган. Ойбек ва Ғафур Ғулом давлат одамларига “Алпомиш”нинг фақат Фозил Йўлдош ўғли вариантига асосланиб ҳукм чиқариш тўғри эмаслигини баҳона қилишиб вақтдан ютишга эришишган . Кўп ўтмай вазият ўзгарган ва “Алпомиш” (қисқартирилган шаклда бўлса ҳам) халққа қайтарилган.
1956 йилнинг сентябрь ойида ўзбек олимларининг саъй-ҳаракатлари билан “Алпомиш” достони ҳақида ҳудудий кенгаш ўтказилган. Кенгаш натижаси ўлароқ “Алпомиш” эпоси ҳақида” деб номланган мақолалар тўплами нашр эттирилди. Тўпламда Ҳ.Т.Зарифов, В.М.Жирмунский, А.К.Боровков, Ш.М.Абдуллаева, Ҳ.С.Сулаймонов, М.Шайхзода, М.Афзалов ва бошқа олимлар бир овоздан “Алпомиш”ни ҳимоя қилиб чиқдилар ва “Звезда Востока” журнали мақоласидаги қораловнинг асоссиз эканини исботладилар. Афсус, бу олимлар эришган ғалабани Фозил Йўлдош ўғли кўришга муяссар бўлмади. Аммо, энг муҳими, гўзал достон устидаги қора булутлар тарқалди, “Алпомиш” озодликка чиқди.
“Алпомиш” достони ҳақидаги кейинги мунозарали фикрлар энди илмий аҳамиятга эга бўлди. Достондаги “закот” воқеаси достоннинг қаҳрамонлик эпоси сифатида ўзбек халқининг халқ бўлиб шаклланишидаги аҳамияти, асардаги Алпомишнинг икки сафари, достоннинг яратилиш юзасидан билдирилган мулоҳазалар, вариантлар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутлар билан боғлиқ мунозарали қайдлар қаҳрамонлик эпосини ўрганиш жараёнидаги табиий ҳолат деб баҳоланиши мумкин. Бу ўринда В.М.Жирмунский, М.Саидов, Б.Саримсоқов ва бошқа олимлар чиқишлари ҳақиқатнинг қарор топишидаги ҳаракат деб баҳоланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Президентимиз Ислом Каримов: “Шу боис “Алпомиш” достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади” , - деган эди. Бу фикрда достоннинг моҳияти, ғояси, бадиияти, миллатимиз тарихида тутган ўрни мужассам этилган. 1999 йилда достоннинг минг йиллик тўйи катта тантаналар билан нишонланди ва ўзбек халқининг аждодлар ёдини, қадриятлар қадрини ўрнига қўйиб эсга ола бошлаганини исботлади.
Қабила, уруғ, элат тарихда алоҳида халқ сифатида шаклланар экан, бу жараён, аввало, қаҳрамонлик эпоси ҳисобланган махсус йирик, эпик асарда бадиий ифодасини топади. Профессор Б.Саримсоқов достон ўзбекнинг бирлашуви, мустақил халқ бўлиб уйғунлашувида қандай муҳим вазифани бажарганлигини таърифлаб, шундай дейди: “Дастлаб қабила, сўнгра элат эпоси сифатида вужудга келган “Алпомиш” достони кейинчалик ўзбек халқининг қаҳрамонлик эпоси сифатида тан олинди” . Ҳақиқатан ҳам, достон мазмунида Аму ёқасида яшаган аҳоли тарихига оид жуда кўп лавҳалар акс этган. Қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатлари: ота – ўғил; ота – қиз; она – ўғил; она – қиз; ака – ука; эр – хотин; юртни бошқарувчи – эл; оилавий бурч – фарзанд бурчи – эл олдидаги бурч – ватан олдидаги бурч ва бошқа йўналишларда моддама-модда аниқ тарзда ифодасини топган. Натижада, достон шунчаки тингловчининг вақтини ўтказиш учун яратилган эрмак эмас, халқ қаҳрамонлик эпосига юклатиладиган вазифани бажарувчи асарлиги равшан бўлиб қолади.
Аввало, достондаги мифик дунёқараш элементларини аниқлашга уринайлик. Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчинойнинг туғилишидаги илоҳий ҳомийлик белгиларини эсланг. Ёй, ўқ, туш, қўриқ кабилар жонсиз нарса-предметларнинг ҳомийлиги белгилари, от, туя, ғоз каби ҳайвонлар тотемизм тушунчалар экани “Алпомиш”нинг жуда қадимий асар эканини тасдиқлайди. Ҳакимбек бобоси Алпинбийдан қолган ёй ёрдамида Алпомиш номини олди. Тарихчи олимларнинг маълумотига кўра, ўта қадим замонларда фарзандларга исм қўйиш одати бўлмаган экан. Ёки бирон қаҳрамонлик кўрсатгунига қадар унинг исми вақтинчалик ҳисобланар экан. Ҳақиқий исмини эса йигит ҳаммани қойил қолдириб қаҳрамонлик кўрсатганида олган. Ҳакимбек бор-йўғи етти ёшида Асқар тоғи чўққиларини ўз ўқи билан учириб юбора олгани учун “Алпомиш” деган исмга эга бўлди. Алпомиш исми икки қисмдан иборат бўлиб, “Алп” – улкан, “помиш” – баҳодир, паҳлавон маъносини берган. Икки қисм қўшилганда улкан паҳлавон маъносида қўлланган. Достон қаҳрамонларининг аксарияти исми муайян маънони ифодалаган. Алпинбий – улкан + қабила бошлиғи; Добонбий – довон + қабила бошлиғи; Бойбўри – катта бўри (баъзи маълумотларда оқ бўри); Бойсари – катта тепа ёки оқ тепа; Кунтуғмиш – кун (қуёш) туққан; Ҳакимбек – доно, илмли, ақлли; Қалдирғоч – инсон ва Тангри ўртасидаги алоқачи қуш; Барчиной – ёввойи ўрдак каби маънолар билан боғланади .
“Алпомиш” достони фақат ижро жиҳатидан эмас, мазмун, ғаройиб тасодифий воқеалар тасвири, қаҳрамонлар саргузаштлари, ҳаётий муаммоларнинг қўйилиши билан ҳам мураккабдир. Масалан, илм тарихида бир аёлнинг бир нечта ака-укалар билан битта оила бўлиб турмуш қуриши – полиандрия ҳақида маълумотлар бор. Биз Фозил Йўлдош ўғлининг бундай оила тизими ҳақида маълумоти бор-йўқлигини билмаймиз. Лекин устоздан ўрганилган матнга фидойилик, устоз фикрини икки қилмаслик, устоз гапини бузмаслик одати Фозил отани достон айтишда бир неча марта алп ака-укалар номидан Барчинга қарата: “...ё биримизга тег, ё баримизга тег”, - дейишга мажбур қилган. Инсоният тарихидаги минглаб йиллар олдин ўтган полиандрия оила тушунчаси, қандай қилиб, “Алпомиш”да сақланиб қолди? Яна қизиғи шундаки, на Бойсари, на Барчин алп ака-укаларнинг гапларига ортиқча асабий муносабатда бўлмайдилар, бу гапни оддий маиший ҳаёт ҳолати сифатида қабул қиладилар. Бунга ўхшаган ҳозирги ижтимоий ҳаёт нуқтаи назаридан тушуниш ва атрофлича шарҳ бериш ўта қийин воқеа лавҳалари достонда жуда кўп. Олимлар уларга имкон даражасида илмий изоҳ беришга ҳаракат қилиб келмоқдалар.
Достоннинг тингловчи эътиборини ўзига жалб этувчи нуқтаси бахши томонидан ҳикоя қилинадиган дастлабки воқеалар баёнидан бошланади. Шоир қадимги ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий, Алпинбий, Бойбўри, Бойсари бийлар (уруғ бошлиқлари) ўтганини ҳикоя қилади. Демак, ака-ука Бойбўри ва Бойсаригача Бойсун-Қўнғирот элатидаги ҳаёт бир маромда фавқулодда ҳодисаларсиз кечган экан. Аммо Бойбўри ва Бойсарига келганда, улар фарзанд кўрмадилар. Мана шу ҳолатнинг ўзи бизга “энди нимадир бўлади” деган хабарни бераётгандек туйилади. Бундан кейинги ҳаётда муайян ўзгаришлар бўлишига фарзанд йўқлиги билан тайёргарлик кўрилмоқда. Чунки халқимизда узоқ кутилган ёки Яратгандан тилаб-тилаб олинган фарзанд ҳамиша фавқулодда рўй берадиган янгиликлардан хабар берувчи омил сифатида баҳоланади. Халқ бу фарзанднинг дунёга келиши зарурлигини асослаш учун жуда чиройли бадиий вазиятни ўйлаб топган: чупрон тўйи мазкур ҳолатнинг ечимига айланади. Бойбўри ва Бойсарини тўйда ўта ҳақорат билан кутиб олишади. Қашқадарё, Сурхондарё ва яна кўп вилоят, ҳудудларда тўйга отда борган меҳмоннинг оти жиловини чавандоздан олиб махсус тайёрланган жойга боғлаш ва улов олдига беда ташлаш одати бор. Бу удум ҳозир ҳам сақланган. Бойбўри ва Бойсарига эса ҳеч ким эътибор қилмайди. Тўйда этакдан жой тегади. Ошнинг қолдиғини сузиб беришади. Бундай муносабатдан ака-ука ранжийди. Айни шу пайтда бир чапанитоб бойбаччанинг гапи ҳаддан ошиб кетади. У одам: “Бу тўй ўғиллининг ўғлидан, қизлининг қизидан қайтади, сенинг нимангдан қайтади?” – деб уларнинг нафсониятига тегади. Ака-ука саксон тиллани чупронга ташлаб турадилар, лекин тўйда ейилган ошнинг қарзи фақат тўйда берилган ош билан узилади. Бунинг учун эса асосли сабаб бўлиши – ё ўғилга суннат тўйи қилиш, ё қиз узатишда юртга ош бериб, тўй хабарини қилиш шарт.
Достон матнини ўқир эканмиз, халқ оғзаки ижодидаги эпик асарларга хос хусусиятлардан бири – фарзанднинг етишмовчилиги охир пировардида хурсандчилик билан якунланишига гувоҳ бўламиз. Асарни яратишдан назарда тутилган бош мақсад фарзанд дунёга келганидан кейин бошланади. “Алпомиш”да ҳам Бойбўри ўғил ва қиз кўрди, Бойсари қизли бўлди. Ана шу янгиликдан сўнг қаҳрамонлик эпоси ўз зиммасига юклатилган ижтимоий вазифани бажаришга киришади. Таниқли олимлар В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов бу вазифани қабила уруғчилик муносабатларининг емирилиши ва мамлакатни бошқарувчи давлат тизимининг вужудга келиши билан боғлайдилар. Бу ғоя кейинчалик М.Саидов томонидан ривожлантирилди. Олимнинг фикрича, мамлакатни бошқарувчи давлатни вужудга келтириш ғояси жамият ёшлари Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчин томонидан илгари сурилади. Ҳакимбек “закот” тушунчасини ўйлаб топди. Унинг отасига айтган закоти рамзий маънони ифодалайди. Уни ислом динидаги закот деб қабул қилиш тўғри эмас. Узоқ ўтмишда солиқ йиғувчини закотчи деб аташ одати бўлганлигини ҳисобга олсак, Алпомишнинг таклифи солиқ экани равшанлашади. Бойсари нутқида бу маъно янада аниқлашади. У акасининг ўғли борлигини юзига солганини, акасига закот бергунча ўзга юртда жузья бериб яшагани маъқул эканини таъкидлайди. Ваҳоланки, исломда закотдан ҳеч ким воз кечган эмас. Аксинча, ҳар бир одам Аллоҳнинг закот беришга етказгани учун шукр қилган. Қолаверса, исломий закот иқтисодий қийинчиликдаги одамга берилади. Достонда эса Бойбўри закотни ўзига беришни талаб қилмоқда. Устига-устак белгиланган закот ҳажми битта улоқдан иборат. Маълум бўладики, Бойсари бор-йўғи биттагина улоқни закотчиларга топширса, ўзининг Бойбўри ҳукмида эканини тан олади. Бойсари эса бу ҳолат рўй беришини истамайди. У ўзини Бойбўрига ҳар томонлама тенг деб билади. Яна бир вазиятга эътибор беринг. Бойсарининг қалмоқ юртига кўчишини Барчин маъқулламайди. Натижада, у Алпомишни қўллайди. Хуллас, Алпомиш туғилгунга қадар тотув яшаётган эл эндиликда иккига бўлинади. Энди Алпомиш зиммасида бўлинган аҳолини ўз ҳаракати билан бирлаштириш вазифаси туради. Бу вазифани бажариш учун Алпомиш қалмоқ юртига сафар қилиши ва мусофирликда яшаётган юртдошларини Бойсун-Қўнғиротга қайтариши керак. Мазкур мақсадни амалга ошириш режаси бахши томонидан жуда асосли тузилган: Барчинга қалмоқ алплари совчи қўйишади. Барчин хат ёзиб, Алпомишни Қалмоққа чақиради. Аммо Бойбўри ўғлининг ўзга юртга сафар қилишини истамайди. У мактубни сандиққа яширди. Ана шу сабаб билан достон воқеаларининг фаол ривожланиши Қалдирғоч ҳаракатига боғланади. Унинг ташаббуси билан Алпомиш қўриқ воситасида Бойчиборга эга бўлади ва отасининг ихтиёрига қарама-қарши равишда Барчинга уйланиш учун Қалмоққа жўнайди. Қалмоқда эса уни катта синов кутаётган эди. Профессор М.Саидов фикрича, бу синовни, аслида, келажакда давлат бошқаришни бўйнига оладиган Алпомиш учун Барчин ўйлаб топади. Унинг мулоҳазасига кўра давлат бошқарувчиси зотдор отга, сифатли ёйга эга бўлиши лозим. Шу билан бирга у одам жанг санъатини, айни пайтда ёйдан ўқ отишни билиши, жисмонан бақувват бўлиши шарт. Барчин бутун вужуди билан у қўйган тўрт шартни Алпомиш бажаришини хоҳласа-да, мусобақаларнинг ҳаммасида ўзини бетараф, одил қилиб кўрсатади. От пойгасида қатнашаётган Бойчиборга йиғлаб мурожаат қилади ва ундан маррага биринчи бўлиб келишини сўрайди. Курашда Алпомиш билан Кўкаманнинг кучи тенг келиб турганда, севгилиси ориятига тегиб, ғолиб кела олмаса рақиб билан куч синашиш навбатини ўзига беришни талаб қилади. “Алпомиш” достонидаги бу каби лавҳалар давлатни бошқариш осон иш эмаслигини қайта-қайта таъкидлаш учун киритилгандек туйилади. Достоннинг биринчи қисми асарни ижод қилган аждодларимиз томонидан қўйилган дастлабки довонни эгаллаш билан белгиланади. Яъни Алпомиш Бойсун-Қўнғирот аҳолисини бир давлат чегарасида бошқаришни ният қилди ва бу ниятига Қалмоққа кўчиб кетган юртдошларини қайтариш билан эришди.
“Алпомиш” ижодкорлари Бойсаридаги ўжарликни атайин бўрттириб кўрсатадилар ва унинг Қалмоқда қолишини асослайдилар. Натижада, Алпомишнинг Қалмоққа иккинчи сафари далилланади. Муҳими шундаки, Алпомишда Қалмоқ подшоси Тойчихоннинг мамлакатини тўғридан-тўғри босиб олиш нияти йўқ эди. Тойчихон Бойсари чорвасини зўрлик билан тортиб олди ва ўзига подачи қилиб зулм ўтказди. Бойсари зулмга чидай олмай қизига мактуб ёзишга мажбур бўлди. Иккинчидан, Алпомиш иккинчи сафарида Сурхайил қўйган тузоққа илинди. Етти йил зиндон азобини бошидан кечиришга мажбур бўлди. Энди Алпомиш Тойчихонни жазолашга ҳақли эди. Достон ижодкорига қойил қолиш керакки, бош қаҳрамоннинг етти йил зиндонда ётиши давомида тингловчини зериктирмасдан кўплаб қизиқтирувчи лавҳаларни ўйлаб топган. Достон билан яқиндан танишган тингловчи ёки матн ўқувчисининг диққати бир дақиқа ҳам бўшашмайди. Аввало, Алпомишнинг зиндонга тушиши, кейинчалик ғоз иштирокидаги лавҳалар, Шакаман тоғидаги кампир ва овчи йигит воқеаси, Қоражоннинг дўстини озод қилиш мақсадида Қалмоққа келиши, Тавканинг достон мазмунига аралашуви, Сурхайил ва Тойчи муносабатлари, бозор эпизодлари, Кайқубоднинг Алпомишга ёрдами кабилар шу қадар маҳорат билан тасвирланадики, биз, бир томондан, Алпомиш тақдири гувоҳига айлансак, иккинчи томондан, йирик эпик тасвир якунидаги қаҳрамонлар ҳаракатидан қониқиш ҳосил қиламиз.
Қадимги замонларда бирон юрт ҳақиқий маънода мустақил ҳисобланиши учун унинг тасарруфида қайсидир мамлакат бўлиши шарт ҳисобланган экан. Бу масала мутлақо босқинчилик билан боғланмаган. Гўрўғли туркуми достонларида Чамбилга ҳужум қилган подшоҳлар кейинчалик Гўрўғлига қарам бўлганига кўп марта ишонч ҳосил қилганмиз. “Алпомиш”да ҳам ўхшаш ҳолат рўй беради. Ҳакимбек Сурхайил кампирни, Тойчихонни ўлдиради, Кайқубодни Тавкага уйлантиради, Қалмоқ юртида Кайқубод Алпомишни зиндонга ташлаш ҳийласини ўйлаб топади, бу ерга ўз одамини подшоҳ қилади. Иккинчи сафари ҳам ғалаба билан якунланади. Натижада, қадимги тушунчалар асосида Бойсун-Қўнғирот мустақиллигини таъминлаган бўлади. Доно халқимизнинг ҳар бир тадбирига ана шундай бир қарашда кўзга кўринмайдиган ечимлар воситасида ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш маҳоратига қойил қолиш керак. Муҳими, халқнинг ана шундай зукколик билан тузган достон мазмунини ташкил қилувчи режаси Алпомиш воситасида ҳаётга татбиқ этилади. Алпомиш бутун ўзбек халқининг рамзий тимсолига айланади. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ вариантларида ҳам унга нисбатан ўзбек сўзининг сон-саноқсиз тарзда қўлланилиши фикримиз далилидир. Алпомишдаги тадбиркорлик, мардлик, ўз бахти, келажак ҳаёти учун курашга чанқоқлик, вақтинчалик муваффақиятсизликдан тушкунликка тушмаслик, имонини покиза сақлаш фазилатлари, аслида, ўзбекка хос асосий белгилардир. У зиндонда ётганида яраланган ғозни даволайди. Шунда Бобир кўлида ғозни кўрганини эслайди. Зиндонда, тутқунликда ётишни жароҳатланган ғозга қиёслайди. Зиндондан қутулиб, Кайқубодни Қалмоққа подшоҳ қилиб ўз ватанига қайтганида ҳам тадбиркорлик билан иш кўради. У Қултой, Қалдирғоч, Бойбўри, онаси Кунтуғмиш, Ултонтоз, Бодомбикачларнинг ҳаммаси билан яккама-якка учрашиб чиқади. Ўзини Қултой қилиб кўрсатиш баҳонаси билан дўст-душманни холис ажратиб олади. Зеро, давлатни бошқарувчи инсон атрофидаги мулозимлари маслаҳати билан иш кўрса, қачондир адолатсизликка йўл қўйиши мумкин бўлади. Алпомиш эса ким билан қандай муомала қилишни ўзи бевосита синаган воқеасига кўра белгилаб чиқади.
Достонда Алпомишнинг ўз оиласига қайтишини тасвирлашда бахши достон эшитаётган тингловчиларга турли йўллар билан ҳаётда зийрак бўлиш керак, деган ўгитни ҳам бериб ўтади. Хусусан, Қултой Алпомишнинг Алпомишлигига ишонмайди. Шундан кейин Алпомиш чап елкасидаги Қултой панжасининг доғини кўрсатади. Шундан кейин Алпомиш Қултой қиёфасида юртдошлари билан учрашади. Бу кўринишлар тасвирланган достон саҳифалари худди бадиий фильмдаги экран лавҳаларини эслатади ва ҳар сафар “Қултой”да Алпомиш белгилари намоён бўлади. Тўйга кетаётган хотинларнинг тугунларини мутлақ бўшатади. Бир қозон ошни пишмай туриб қуритади ва ҳ.к. Худди шунга ўхшаган нозик белги Ёдгорнинг ёй кўтаришида бахшининг ўта маҳоратли тасвири билан ифодаланади. Ёдгор Арпа кўлида ётган ўн тўрт ботмон ёйни тўйхонага олиб келиши керак эди. Бахши бу ўринда шундай дейди:
Жаҳон титрар Ёдгор овозасига,
Қулоқ солинг бу сўзнинг мазасига.
Ўн тўрт ботмон парли ёйни судраб
Келиб қолди Қўнғирот дарбозасига.
Эътибор берсак, бахши бизга алоҳида сўзнинг мазасига қулоқ солишни ва ўн тўрт ботмон ёйни судраб келганини таъкидламоқда. Хўш, нима учун айнан ёйни судраб келганига урғу берилмоқда. Гап шундаки, бу маълумот билан ҳам Алпомишнинг тирик экани қайд этилади. Агар ёй туркий халқларда юртга эгалик белгиси ҳисобланса, Алпомиш тирик бўлгани учун ҳам Ёдгор ёйни ҳали кўтариш ҳуқуқига эга эмас. Ёдгорнинг ёйни судраб келганига урғу берилишини шу ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Бахшининг маҳорати яна достондаги воқеалар заминида муттасил равишда Алпомиш таъсири аниқ сезилиб туриши билан намоён бўлади. Қизиғи шундаки, бирон воқеа тасвирланар экан, Алпомиш унда иштирок этадими-йўқми унинг нигоҳи мазкур воқеани кузатиб тургандек туйилади ўқувчига.
Достондаги Барчиной билан боғлиқ воқеалар бахшилар томонидан алоҳида меҳр билан баён этилади. У зукколиги, тадбиркорлиги, донолиги, мардлиги жиҳатдан Алпомишдан қолишмайди. Сурхайил кампир ўғиллари Барчинойни зўрлик билан хотинликка олмоқчи бўлганларида, қиз алплардан бирини кўтариб ерга шундай зарб билан урадики, алпнинг оғзидан кўпик сачрайди. Шундан сўнг алплар Барчинга Алпомишни кутиш учун олти ой муҳлат беришга мажбур бўладилар. Барчиной Алпомишни севади, аммо бу илиқлик ундаги масъулият туйғусини инкор этмайди. Чунки Барчин Алпомишни фақат оила бошлиғи сифатида эмас, Бойсун-Қўнғирот эли давлатининг бошқарувчиси, янги тузумдаги комил инсон бўлишини ҳам назарда тутади. Алпомиш билан оила қурганидан сўнг унда янги фазилатлар пайдо бўлади. Айниқса, Ёдгор туғилганидан сўнг Барчин меҳрибон она, умр йўлдошидан ажралган аёлга айланади. Профессор Б.Саримсоқов Барчиннинг Ултонтозга мажбуран турмушга чиқиши муносабати билан шундай дейди: “...Барчиндек алп қизнинг достон сюжетининг иккинчи қисмида Ултонтоздек таги-зоти бетайин бир хизматкорнинг зўравонлигига кўниб, тақдирга тан бериб ўтириши кишини ажаблантиради. Чунки ўз бахти учун тўқсон алпнинг зўравонлигига дош бериб, уларга шартларини ўтказа олган бу аёл нега энди Ултонтозга турмушга чиқишга кўнди?” Олим ўз саволига ўзи жавоб бериб, бу розиликни эпосдаги шартлилик билан изоҳлайди. Шубҳасиз, биз бу мулоҳазага қўшиламиз. Аммо, бизнингча, масаланинг яна бир томонига ҳам эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Хусусан, алплар билан муносабатда Барчин расман турмушга чиқмаган қиз эди. Қалмоқлар юртида уни ҳимоя қилувчи куч йўқ бўлгани сабаб алп ака-укаларга қарши ўзи курашга отланган. Иккинчи қисмда эса Барчин ўлди деб ҳисоблагани билан аслида Алпомиш тирик-ку. Ўз оиласини, ўз қўрғонини Алпомиш душманлардан ўзи асраши керак. Қолаверса, Ултонтозга бу сафар ҳам Барчин қарши чиққанида, Алпомиш бажариши лозим бўлган катта кураш вазифаси ўз қадрини йўқотар эди. Шундай қилиб, бахши достонда Барчин иштирокини тасвирлашда жуда эҳтиёткорлик билан иш кўради ва уни энг гўзал фазилатларга эга аёл сифатида тасвирлайди.
Достондаги Қоражон образига алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз лозим. Чунки Қоражон маккор Сурхайил кампирнинг ўғли бўлишига қарамай табиатан адолатли шахс. Онаси Барчинойга совчиликка кетаётганида айнан Қоражон уни йўлдан қайтаради. У Қўнғирот элидан келганларнинг тинчлигини бузишни маъқулламайди. Бироқ Сурхайил Барчинни Қоражонга олиб бермоқчи эканини эшитиб, онасига оқ йўл тилайди. Қоражон достонда жуда содда ва самимий шахс деб тасвирланади. У онасининг совчиликдан “бўри” бўлиб қайтганига осонгина ишонади ва бутун Бойсари уруғи орасида роса кулгига қолади. Аммо тақдир уни Алпомиш билан яқинлигини қайта-қайта тасдиқлайди: Алпомишнинг мозористондаги тушини у ҳам кўради. Мурод тепада унинг навбатчилиги пайтига Алпомишнинг Қалмоққа сафари тўғри келиб қолади. Буларнинг ҳаммаси етти ака-укадан Қоражоннинг бойсунликларга бўлган муносабатини белгилаган бўлиб чиқади. Халқ оғзаки ижодида бир қаҳрамон мардлиги олдида иккинчисининг тан бериши умумий анъана ҳисобланади. Қоражон ҳам Ҳакимбек олдида ўзининг қойил эканини тан олади. У билан ака-укалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Қоражон тушида исломни қабул қилгани учун қалмоқлардан кўра бойсунликларга кўпроқ эргашиб иш тутади.
Достонда ижобий қаҳрамонларнинг фазилати салбийлари билан муносабатга киришилганда аниқроқ сезилади. Бу ўринда Бойбўри, Бойсари, Кўкалдош ва Сурхайилни алоҳида қайд этиш лозим. Бадиий адабиётда қаҳрамоннинг салбий, ижобийлигидан қатъи назар асарда тасвирланиш даражаси мукаммалликка эришса, гўзал образ деб аташ қабул қилинган. Масалан, “Ўткан кунлар”даги Ҳомид, “Меҳробдан чаён”даги Абдураҳмон гўзал образ ҳисобланади. Чунки улар ҳақиқий инсонда нафрат уйғотади. Яъни бу ўринда қаҳрамоннинг феъли эмас, яратилиши жараёнидаги адиб маҳоратининг намоён бўлиши асос ҳисобланади. Айтмоқчимизки, “Алпомиш” достонидаги энг гўзал образлардан бири бу Сурхайилдир. Агар холис баҳо берадиган бўлсак, Сурхайил ниҳоятда ақлли, ҳушёр, тадбиркор, иродали, ўз мақсадига эришувчан кампир. Достон саҳифаларида унинг исмини учратганимиз заҳоти кўнглимизда ғашлик пайдо бўлади. Бу ғашлик кўпинча ўзини оқлайди. Чунки ҳийла ўйлаб топишда, хиёнат чегарасини белгилашда унинг олдига тушадиган қаҳрамон фақат “Алпомиш”дагина эмас, умуман, халқимиз оғзаки ижодида бошқа учрамаса керак. Ўз ҳаракатларини жуда асослайди. Рақиб кучини тўғри баҳолайди. Вужудга келган вазиятни жуда аниқ белгилайди ва зудликда ундан фойдаланиш режасини туза олади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, Алпомиш маст ётганида ёқишди – ёнмади, уни қурол яралай олмади. Шунда Сурхайил зиндонни ўйлаб топади. Ундан олдин Алпомишни бутун йигитлари билан банди қилиш режасини ҳам у тузади. Ҳатто Алпомишнинг ишончини қозониш учун Тойчихон аскарлари келаётгани ҳақида хабар ҳам беради. Бу хабардан аввал Тойчихон билан келишиб олган эди. Унинг ҳар бир ҳаракати Алпомишга қарши қаратилган. Тавканинг Ҳакимбек зиндонига лаҳм кавлаганини ҳам Сурхайил фош этади. Хуллас, Сурхайилнинг салбий бадиий образ даражасидаги фазилати шу қадар мукаммал ишланганки, ундан ҳар қандай моҳир ва тажрибали адиб маҳорат мактаби сифатида фойдаланиши мумкин. Маълум бўладики, “Алпомиш” қаҳрамонлар тизимини яратиш бўйича ҳам энг олий даражадаги бадиий асар деб баҳоланишга лойиқ экан.
“Алпомиш” достони бадиий жиҳатдан ҳам мукаммал асар. Фақат сиз бадиийлик деганда бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиш кўламинигина тушунмаслигингиз лозим. Чунки бадиийлик тушунчасининг ўзи жуда мураккабдир. “Алпомиш” достонида қабила-уруғчилик муносабатларининг тугалланиши ва давлатнинг вужудга келиши акс этган дедик. Масаланинг қўйилиши бошқа, уни бадиий мукаммал ҳолда ишонарли қилиб тасвирлаш бошқа. “Алпомиш” достони асрлар давомида халқимизни мардлик, қаҳрамонлик, адолат, иродалилик руҳида тарбиялаб келди. Мана шундай вазифани шараф билан бажариб келган асар, албатта, бадиийлик талабига жавоб бера оладиган бўлади, яъни асар ижросини тингловчилар қизиқиш билан қабул қиладилар. Қаҳрамонларнинг ғалабасидан қалблари қувончга тўлса, мағлубиятидан ташвишга тушади. Асардаги воқеаларга у тўлиқ ишонади. Айрим камчиликлар эса унинг хаёлига ҳам келмайди ёки камчиликларни сезмасликка уринади. Айнан мана шундай руҳий ҳолатнинг вужудга келиши ҳам асар бадиияти даражасидан маълумот беради.
Фозил Йўлдош ўғли моҳир ва тажрибали бахши бўлгани учун асардаги воқеаларни баён қилишда шошилмайди, ҳар бир лавҳа иштирокчиларининг ташқи қиёфасини, ички дунёсини, атрофдаги табиат манзараларини, воқеа-ҳодисаларни изчил таърифлайди. Томошабин кўз олдида жонли воқеа тасвирини намоён қилади. Асардаги қаҳрамон хатти-ҳаракатларини далиллашга эътибор беради, шунинг учун ҳам тингловчи кўнглида достон мазмуни билан боғлиқ ечилмаган жумбоқ қолмайди.
“Алпомиш” достони бадиий тасвир воситалари: муболаға, ўхшатиш, сифатлашларга жуда бой. Масалан: “Ҳакимбек етти ёшга кирган. Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли ёйи бор эди. Ана шунда етти яшар бола Ҳакимбек шул ўн тўрт ботмон ёйни қўлига ушлаб кўтариб тортди, тортиб қўйиб юборди. Ёйнинг ўқи яшиндай бўлиб кетди, Асқар тоғининг катта чўққиларини юлиб ўтди, овозаси оламга кетди ”. Луғатларда оғирлик ўлчови “ботмон” Ўрта Осиёда 2 пуддан 16 пудгача вазнга эга экани кўрсатилган. Агар 1 пуд 16 килограммга тенг бўлса, 14 ботмон энг кичик ҳисобда 224 килограмм бўлади. 7 ёшли Ҳакимбекнинг бронзадан қуйилган (биричдан бўлган) шу қадар оғир ёйни кўтара олиши, унга мос ўқ жойлаши ва ўқни отиб, катта тоғнинг чўққисини учириб юбориши тингловчиларда ҳайрат уйғотади. Аммо тингловчи бу воқеанинг содир бўлганига шубҳа қилмайди. Чунки Ҳакимбекнинг дунёга келишини авлиёлар қўллашган. Шоҳимардон пирининг ўзи қаландар қиёфасида келиб, Ҳакимбек деб исм қўйган. Муболағали ўринлар алплар гавдалари, Барчин, Қалдирғоч гўзаллиги тасвирида, ботирларнинг курашларида, от пойгасида жуда ўринли яратилган. Достонда ажойиб ўхшатишлар бор:
Остингда бедовинг халлослар қушдай,
Аччиғинг чиллали музлаган қишдай.
Бу сатрларда масофани тез босиб ўтадиган Бойчибор қушга, Алпомишнинг ғазаби атрофни музлатадиган қишга ўхшатиляпти.
Достонда:
Давлат қўнса бир чивиннинг бошига,
Семурғ қушлар салом берар қошига.
От чопса гумбирлар тоғнинг дараси
Урушда билинар марднинг сараси –
каби ҳикматли сўзлар тез-тез учрайди. Маълум бўладики, “Алпомиш” достонининг ўта қизиқарли воқеалардан ташкил топган мазмуни сўз санъатининг гўзал бадиий воситалари билан безатилган ҳолда тингловчига тақдим этилган. Шунинг учун ҳам достон асрлар оша халқимиз томонидан севиб тингланмоқда ва ўқиб келинмоқда.
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL