Халқ қўшиқлари
ХАЛҚ ҚЎШИҚЛАРИ
Инсон борки ишқ бор, муҳаббат бор. Авлоддан кейин кичик авлод, наслдан кейин насл келади, аммо инсондаги муҳаббат туйғуси, қалбда эҳтиросли ҳис-туйғулар уйғониши ўзгармайди. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида шундай тўртлик бор:
Булнар мени улас кўз,
Қора менгиз қизил юз.
Андин томар тугал туз,
Булнап яна ул қачар.
Мазмуни:
Бу маст кўзли (севиклим)
Қора холи ва қизил юзи билан (мени асир қилди).
Яноқларидан ширинлик томиб, мени асир қилди-ю,
Лекин кейинидан (тутқич бермай), мендан қочиб кетди.
Мисралардаги сўзларни тушуниш қийин эканини ҳисобга олмасак, қўшиқдаги ҳис-туйғу кечагина яхши кўрган қизи қочиб кетган шоиртабиат йигитнинг кўнгил изҳоридан фарқ қилмайди.
Яна бир тўртликка диққат қилинг:
Яғмур ёғиб сачилди.
Турлук чачак сучулди.
Инжу қоби очилди.
Чиндан йипор югрушур.
Мазмуни:
Ёмғир томчилари тўкила бошлади.
Турли чечаклар унди.
Инжу қутичалари (ғунчалар) очилди.
Ҳар томонда шифобахш атир ҳидлар гуркиради .
Кейинги тўртликдаги сўзлар шунчалар содда ва бизга тушунарлики, асл матнни ўқиганда ҳам асосий фикрни аниқ тасаввур қилишимиз мумкин. Яъни ҳаётнинг тинимсиз ўтиши севги дардига мубтало бўлган йигит ёки наврўз айёмида табиатдаги гўзал ўзгаришларни руҳан ҳис қилган инсон қалбидаги ички кечинмаларнинг жўш уришига мутлақо таъсир қилмайди. Замон ўзгараверади, аммо баҳор келгани заҳоти ёш болалар турли кўринишдаги варракларни учираверишади, айни пайтда, «Бойчечак»ни айтишаверади. Демоқчимизки, инсон пайдо бўлибдики, ҳис-туйғуларни ифодалаш воситаси ҳисобланмиш – қўшиқлар унга ҳамроҳ эди.
Биз қўшиқ деб атаётган жанр адабиётларда кўрсатилишича, «шлок», «такшут», «ир» (йир), «куг» каби атамалар билан қадимдан аталиб келган. Маҳмуд Кошғарий эса бундай асарларни «қошуғ» - қўшиқ, қасида, шеър тарзида беради. Сўзнинг маъносини шарҳлашдаги тўртликда «маликага мендан мақтов етказ» мазмунидаги мисра борки, изоҳдаги қасида атамасини қўллаш ҳам ўзини оқлайди.
Халқ қўшиқлари оғзаки ижодимиздаги лирика жинсига мансуб жанрдир. Бу жанрнинг бошқа турдаги асарлардан фарқ қилувчи бош хусусияти унда ижодкорнинг ҳис-туйғулари, ички кечинмалари, руҳий ҳолатини ифодалашдан иборат. Бу ўринда табиий савол туғилади. Бошқа жанрдаги асарларда қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини акс эттириш белгиси йўқми? Бошқа жанрлардаги асарларда асосий йўналиш воқеани баён қилишдан иборат бўлади. Фақат айрим ўринлардагина ҳис-ҳаяжон тасвири билан боғлиқ парчаларни учратамиз. Бу ўринларда лирик тасвир қаҳрамон қиёфасини очишда усул бўлиб хизмат қилади. Хоразм достонлари бундан истисно. Чунки хоразмлик бахшилар ижро этган достонларнинг шеърий парчалари қўшиқ қилиб айтилади ва улар ҳам лирик жинс намунаси ҳисобланади. Халқ қўшиқлари эса тўлиқ равишда лирик ижод сифатида белгиланган. Таниқли олима, халқ қўшиқларининг йирик тадқиқотчиси, бутун умрини халқ қўшиқларини ёзиб олиш, ўрганиш, нашр қилишга бағишлаган фидойи инсон Музайяна Алавия мазкур асарларга: «...оддий ҳаёт ҳодисалари туғдирган ҳиссиётни ифодалаган, куйга солишга қулай, қисқа, эсда қоладиган қофия, вазнга эга бўлган шеър қўшиқ бўла олади» , - деб таъриф беради.
Ҳақиқатан ҳам, қўшиқнинг пайдо бўлишига бош сабаб инсон кайфиятидаги чуқур изтироб ёки тўсатдан пайдо бўлган кўтаринки руҳдир. Инсон нохуш дамларда кўпроқ сукут сақлайди, хаёлда вазият ечимини топишга уринади. Бундай дақиқаларда мунгли куй тасалли беради, кўнгилни бир оз бўлса-да ёзади. Хурсандчилик онларида эса шўх қўшиқ, рақс ҳамроҳ бўлади. Айни ана шундай манфий ва мусбат ҳолатлар шахс қалбида лирик кечинмаларнинг пайдо бўлишига замин ҳозирлайди: оқибатда қўшиқнинг яратилишига сабаб бўлади. Халқимизда «Куйган – қўшиқчи, суйган – бахши» ҳикмати бежиз айтилмайди.
Қўшиқ ҳақида назарий маълумот берилган деярли ҳамма адабиётларда унинг «қўшмоқ» феълидан ҳосил бўлгани айтилади. Қўшиқ атамасининг тарихи қанчайин содда туйилмасин, оғзаки ижодимиздаги бу жанр жуда мураккаб руҳий кечинмаларни ифодалашга хизмат қилади. Ўқилганда, эшитилганда тушуниш осон сезилган тўртликлар заминида олам-олам маъно, мураккаб қисмат ётади. Шу боис ҳар қандай қўшиқ билан танишганимизда тезлик билан шошиб хулоса чиқариш тўғри бўлмайди.
Халқ оғзаки ижодидаги лирик тур ҳисобланган қўшиқ қуйидаги жанр хусусиятларига эга:
1. Қўшиқларда инсон кечинмалари, қалб изҳорлари акс этади. Шунинг учун улар лирик жинсга мансуб жанр деб ҳисобланади.
2. Қўшиқ шаклан шеърий кўринишда бўлади. Ўзбек халқ қўшиқлари, асосан, бармоқ вазнда, баъзан арузда яратилади.
3. Кўпинча, халқ қўшиқлари тўрт мисрадан иборатдир. Гўзал руҳий ҳолатни ифодалаш хусусиятига эга. Айни пайтда бир неча бандлардан иборат муайян мавзуни ёритувчи қўшиқлар ҳам бор. Баъзан 6, 8 мисрали намуналар ҳам учрайди. 4 мисралилари а б а б; а а б б; в в г г; а а а б; а а а а тарзда қофияланади.
Қўшиқнинг куйи бўлади. Бирор асбоб жўрлигида айтилади. Аксари халқ қўшиқлари ижросида асбоб жўрлиги шарт эмас. Ижрочи хониш усулида қўшиқ айтиши мумкин.
Қўшиқ тарихига бир назар. Туркий халқлар тарихи аввал сак, массагет, сўғд, кейинчалик турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғиз қабилаларидан ташкил топган маҳаллий аҳоли ўтмишидан иборат. Бугунги кунда мазкур қабилалардан 20 дан ортиқ миллат вакиллари ажралиб чиққан. XIV-XV асргача туркийлар таркибида яшаган ҳар бир халқ бу давргача яратилган илмий, маданий хазинага меросхўр ҳисобланади. Ўзбеклар ҳам ана шу бебаҳо маънавий бойликни яратган иқтидорли аждодларнинг авлодидир. Бу жиҳатдан қараганда, халқ яратган қўшиқлар тарихи минг-минг йиллар билан ўлчанади десак, хато бўлмайди.
Таниқли уйғур олими Турғун Олмос 1986 йил «Қашқар-уйғур» нашриётида чоп этилган «Ҳунларнинг қисқача тарихи» асарида милоддан олдинги 119 йил юртнинг ижтимоий вазияти ёмонлашиши оқибатида қуйидаги қўшиқ тўқилганини маълум қилади:
Айрилиб қолғонда Тилав тоғидан
Авумас бўп қолди чорва молимиз.
Айрилиб қолғонда Алчи тоғидан
Мунгланиб сарғайди қиз, аёлимиз .
Шубҳасиз, қўшиқ матнидаги сўзларнинг олим томонидан ўқувчи қулайлиги учун ўзгартирилган бўлиши мумкинлигини қайд қилган ҳолда, аждодлар икки минг йил аввал ҳам ҳаётдаги хоҳ ижобий, хоҳ салбий вазиятларга ўз муносабатларини билдиришганига ишонч ҳосил қиламиз. Қолаверса, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асаридаги ўнлаб қўшиқларни олим ХI асрда ёзиб олган. Аммо бу намуналар олим қаламига тушгунига қадар қадимдан халқ орасида айтилганини ҳеч ким инкор қилолмайди. «Девону луғоти-т-турк»да эса биз қаҳрамонлик, меҳнат, мавсум-маросим, лирик қўшиқлар билан танишамиз ва ХI аср туркий халқлар оғзаки ижодида бу жанр намуналари бой ва мавзуга кўра хилма-хил эканини кўрамиз.
Филология фанлари доктори, профессор Б.Саримсоқов «Алпомиш» достонининг халқимиз ўтмишидаги аҳамиятини таъкидлаб шундай дейди: «...ўзбек халқи эпоси ҳам кўпгина халқлар эпослари босиб ўтган учта тараққиёт босқичларини босиб ўтиб, бизгача етиб келди. Биринчи босқичда – қаҳрамонлик, иккинчи босқичда – романик, учинчи босқичда эса тарихий эпос типлари вужудга келди. Қаҳрамонлик эпоси патриархал – уруғчилик муносабатларининг емирилиши натижасида муайян элат ва халқнинг вужудга келишини бадиий тафаккур нуқтаи назардан асослаб, ўзининг сюжети асосидаги воқеаларни реал этник бирликлар ҳаётидаги улкан воқеалардан олади» . Эътибор беринг. Олим қаҳрамонлик эпосини элат ва халқнинг вужудга келишини бадиий тафаккур нуқтаи назардан асословчи омил эканига диққатни қаратмоқда. Иккинчи масала эпос сюжетидаги асосий воқеалар реал этник бирликлар ҳаётидаги улкан воқелардан олинишини қайд этишдир. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, мазкур «улкан воқеалар» эпосга асос бўлгунига қадар халқ қўшиқларининг яратилишини тақозо этган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида бугунги кунда халқ репертуаридан мутлақо ўчиб кетган ўнлаб қаҳрамонлик қўшиқларидан намуналар келтирилган. Абдурауф Фитрат ўзининг «Энг эски турк адабиёти намуналари» китобида бу қўшиқларни мавзу жиҳатдан ажратиб тасниф қилади. Намуналар қаторида шундай тўртлик бор:
Қўзи қийқириб ўғуш тирдим.
Ёғи қару кириш қўрдим.
Тўқуш ичра уруш бердим.
Аран кўриб баши тиғди.
Мазмуни:
Тоғ тепасидан тубанга қараб қичқирдим, қабиламни тўпладим.
Ёв томон сакраб югурдим-да ёйимни
Киришладим (отишга тайёрладим. – муаллиф.)
Майдонға кириб уруш очдим.
Ёв ботирлари мени кўргач, бошларининг
Ўткурлиги кетди (бошларини кўтаролмай қолдилар) .
Юқорида келтирилган тўртлик мазмунини тўлдирувчи ўнлаб мисоллар Фитрат китобидан ўрин олган. Агар қадимги қўшиқларда лирик йўналиш билан бир қаторда эпик мазмун ҳам ифодаланиши мумкинлигини назарда тутсак, «Девон»даги кўплаб парчаларни маълум сюжет чизиғига жойлаштириш мумкин бўлади. Уларда душман устидан ғалаба қозонишнинг сирлари, рақибни аввал дўқ-пўписа билан руҳан енгиб олиш усуллари, уни ғафлат уйқусида эканида тўсатдан мағлуб қилиш тактикаси, ғалаба осонликча қўлга киритилмаслиги, киритилганда эса бутун халқ яйраши ҳикоя қилинади. Айтиш мумкинки, Маҳмуд Кошғарий «Алпомиш» эпоси пайдо бўлишидан олдин аждодларимизнинг мустақилликка эришишида муҳим аҳамият касб этган оғзаки қўшиқлар тизимини бизга атайин мерос қолдирган ва эпос пайдо бўлишидан аввалги ижодий жараён ҳақида маълумот берган. Кейинчалик эса бу асарлардаги қаҳрамонлик ифодаси «Алпомиш»дан, яна кейинроқ Гўрўғли туркуми достонларидан ўрин олган.
Фикримизни янада далиллаш учун қуйидаги тўртликка мурожаат қиламиз:
Такра авиб акралим,
Аттин тушуб йукралим,
Арсланлаю кукаралим,
Кўжи ани кавилсин.
Мазмуни:
Ёвнинг атрофини айлантириб олайлик-да
Отдан тушиб
Арслонлар каби бақиришиб югурайлик.
Онинг кучи бўшашиб қолсун .
Бу мисолда қадимги аждодларимизнинг душман устидан ғалаба қозонишини таъминлайдиган усул акс этган. Бизнингча, бор-йўғи шу тўрт мисрада учта ҳарбий санъат ифодаланган. Биринчидан, душман қўшинини қамал ҳолида тор-мор қилиш. Иккинчидан, отдан тушиб овоз чиқармай ҳужумга тайёрланиш. Учинчидан, руҳиятига таъсир қилган вазиятда рақибни наъра тортиб талвасага солиш. Лекин ижодкор яна воқеанинг оддий баёнини эмас, эмоционал кўтаринки руҳий шароитни кўз олдимизга келтирмоқда. Шунинг учун ҳам қаҳрамонлик қўшиқлари қаҳрамонлик эпоси учун ижодий тайёргарлик белгиси сифатида баҳоланса, арзийди.
Ўзбек фольклоршунослигида М.Алавия, Б.Саримсоқов алоҳида эътибор билан ўрганган мавсум-маросим қўшиқларининг тарихи узоқ қадимга бориб тақалар экан. Йил фаслларидаги ўзгаришлар ҳозирги пайтдагидек одамларни лоқайд қолдирмаган. «Девон»да баҳор айёмидаги гўзал манзара бадиий мисраларда акс этганидан ташқари ёз ва қиш ўртасидаги мунозара ҳам ўрин олган:
Ёй қиш билан қаришти.
Ардам ёсин қуришти.
Чирик тутиб кўрушти
Ўқтағали ўтрушур.
Мазмуни:
Ёз қиш билан қарама-қарши бўлди.
(уларнинг ҳар бири) мақтаниш ёйини қуришти.
Қўшин тузиб (бир бирини) таъқиб қилишти.
(Ёй) отиш учун (бир бирига) яқинлашди.
Мунозарада қиш ўзининг ҳоким пайтида одамнинг, ҳайвонларнинг кучга киришини, касалларнинг йўқолишини айтиб мақтанади. Ёзда чивин, пашшалар кўпайишини, касаллар кучайишини танқид қилади. Қор қишда ёғади, буғдой қордан фойдаланиб унади, ҳосил беради. Ёз эса одамлар унинг фаслида яйрашини, булбуллар сайрашини айтиб қишга эътироз билдиради. Қўшиқларда марсия намуналари ҳам учрайди. Афросиёб (Алп Эртўнга – Артунга) нинг ўлими муносабати билан тўқилган аза қўшиғи келтирилади:
Улишиб эран бўрлаю,
Йиртин яқо урлаю,
Сиқриб уни юрлаю,
Сиғтаб кўзи ўртилур.
Мазмуни:
Мардлар йиғлаб, бўридек увлашдилар.
Ёқаларини йиртиб бақиришдилар.
Фарёд чекдилар.
Қаттиқ йиғидан кўзлари хиралашиб, (гўё) парда босди.
Мазкур қўшиқда сўғд элининг ботир фарзанди Алп Эртўнга (Афросиёб) ўлимидан кейинги маросим пайти ифодасини топган. Бу жасур ва мард инсоннинг эрамиздан аввал босқинчилик урушларини қилган Искандар Македонский (эрадан аввалги 356-323)га қарши юртини ҳимоя қилганини назарда тутсак, марсиянинг тарихи икки минг йилдан зиёд экани, айни чоғда маросим қўшиқлари ҳам бошқа мазмундаги қўшиқлар сингари узоқ ўтмишга эгалиги маълум бўлади.
Маросимлар қаторида тўйлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эл-юрт бор экан, жамоа бўлиб яшаш бор экан, тўй қилиш одати яшайверади. Табиийки, тўй маросими ўйин-кулгилар, рақслар, театрлаштирилган саҳналардан иборатдир. Уларнинг асосини ўлан айтишлар, ёр-ёрлар ташкил этади. Мумтоз адабиётимиз вакилларининг бадиий ижодига назар ташласак, баъзан ўша асарлардан намуналар учрайди. Масалан, Алишер Навоий «Хамса»нинг бешинчи достони «Садди Искандарий»да Искандарнинг уйланиш тўйида ўлан, ёр-ёр айтиш билан томошалар кўрсатилганини тасвирлайди:
Муғанний тузиб чинга вазнида чанг
Наво чекки, ҳай-ҳай ўланг, жон ўланг
Десанг сенки: «Жон қардошим, ёр-ёр!»
Мен айтайки: «Мунглуғ бошим, ёр-ёр!»
Албатта, ҳаёт ривожи таъсирида маросимлар ҳам доимий равишда ўзгариб боради. Маросим қўшиқлари ижроси ҳам, анъанаси ҳам янгиланади. Лекин Алишер Навоий байтлари замонамиздаги ўланлар, ёр-ёрлар ҳам қадим тарихга эга сўз санъати намуналари экани ҳақида тасаввур уйғотади.
Шундай қилиб, қадимги қўшиқларнинг мавзу ранг-баранглиги жиҳатидан замонавий халқ қўшиқларидан қолишмаслиги маълум бўлади. Бу намуналар тил жиҳатдан биз айтадиган қўшиқлардан фарқ қилишига қарамай, умуман олганда, ҳозирги қўшиқларга ўхшашдир. Уларнинг ҳаммасини инсон ички кечинмаларини ифодалаш фазилати бирлаштириб туради. Чунки бу лирик асарларда бевосита ҳаётда рўй берган ҳодисаларгина эмас, балки ана шу ҳодисага ҳис-туйғу орқали муносабат билдириш етакчидир. Халқ қўшиқларининг бугунги кунда ижро этилаётган намуналари асосини қадимги замонларда омма орасида яшаган қўшиқлар ташкил этади. Қўшиқ халқимизнинг қувончли ва ташвишли кунларида, меҳнатида ҳамроҳ бўлган. Шундай экан, халқ қўшиқларини миллатимиз тарихи саҳифаларининг гўзал кузатувчилари дейишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам улар халқ қадриятларининг ажралмас таркибий қисмини ташкил этади.
Қўшиқлар таснифи. Халқ қўшиқлари оғзаки ижоддаги бошқа жанрлар каби мавзу йўналишига кўра турларга бўлинади. Аввалги саҳифаларда кўриб чиққанимиздек, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида шарҳланиши лозим бўлган бир сўз иштирокида келтирилган қўшиқлар ўзида лирик ҳис-ҳаяжонни ифодалашдан ташқари муайян мазмунни ҳам ёритади. Мавзу йўналишига кўра қадимий намуналарни қаҳрамонлик, меҳнат, мавсумий, маросимий, муҳаббат қўшиқларига ажратиш мумкин. Бу тасниф ҳозирги пайтда халқ вакиллари томонидан ижро этиладиган қўшиқларга тўлиқ равишда мос келмайди. Тўғри, мазмунан қадимий қўшиқларга яқин асарлар ҳам йўқ эмас. Лекин замонавий халқ қўшиқлари аввалгилардан ҳаётни ифодалашда, сўз қўллашда, бадиий тасвир воситаларидан фойдаланишда муайян фарқларга эга. Шунинг учун юқорида қайд этилган фикрларга суянган ҳолда оғзаки ижодимиздаги халқ қўшиқларини қуйидаги турларга бўлиб тасниф қилиш мақсадга мувофиқдир:
1. Меҳнат қўшиқлари.
2. Мавсум-маросим қўшиқлари.
3. Лирик (ишқий) қўшиқлар.
4. Тарихий қўшиқлар.
Меҳнат қўшиқлари. Ўзбек халқи тарихини шартли равишда меҳнат қилиш тарихидан иборат дейиш мумкин. Ўзбеклар тўй маросимларини, гап-гаштакларни, сайилларни, турли байрамларни ўтказишда ўта ташкилотчи ва ижодкор халқ сифатида шуҳрат топган. Дам олиш, ҳордиқ чиқаришни ўрнига қўйган халқ, одатда, меҳнат қилишни ҳам билади.
Меҳнат эса деҳқончилик, чорвачилик, касб-ҳунар; илм-фан ривожи йўлида фаолият кўрсатиш билан узвий боғланади. Халқ меҳнат самарасини муттасил равишда ошириш чорасини кўриб келган. Ўтган аср ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи Ойбек «Қутлуғ қон» романида косиб Шокир отанинг маҳси тикиш билан банд бўлган пайтларини тасвирлаганда шундай деб ёзади: «Юпқа девор билан ҳовлидан ажралган дўконхонада Шокир ота ишлайди. Баъзи вақт унинг қўшиғи Унсин қулоғига етади. Чол хаста овоз билан куйлайди. Овозини бир қўйиб, яна тўсатдан жим бўлади. ...Унсин диққат билан тинглаб, мана шу мисраларни уқиб олади:
Кўрмасайдим бу умр саҳросини,
Чекмагайдим кўкка ўтлик оҳини.
Пора-пора йиртди кўксимни ситам,
Сўрғучи борми кўнгилнинг зорини?»
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романида қуйидаги нозик матнни ўқиймиз: «Узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи эшитиладир: «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!» Руҳлик, кучлик кўкракдан чиққан бу ашула теваракни зир-р этдириб юборгандек, Отабекка ҳам бошқача бир таъсир берадир. Гўё бу деҳқон унинг истиқболидан ҳикоя қилгандек бўладир» .
Маълум бўладики, моҳир ёзувчилар бадиий асарларда образ яратиш жараёнида меҳнаткаш омманинг вакилларини халқ қўшиқларини айтиш билан боғлаганлар. Қандай меҳнат тури билан шуғулланмасин, миллатимиз вакиллари қўшиқни ҳаёт ҳамроҳи деб билганлар. Айниқса, бевосита меҳнат қўшиқлари бошқа халқларда бўлгани каби иш жараёнини ўзида ифодалаши билан машҳур. Меҳнат эса ўзига яраша жисмоний ҳаракатдан, баъзан зерикарли бир хил фаолиятдан иборат бўлади. Бу эса одамни толиқтирган ишни тўхтатмасдан овуниш чораларини излашга мажбурлаган. Ана шундай мураккаб вазиятларда қўшиқ айтиш самарали ечим вазифасини ўтаган. Таноб-таноб ерга дон сочиш, кейинчалик ҳосил ўриш, челак-челак сут соғиш, метрлаб гилам тўқиш фақат айтишга осон. Аслида, бу ишлар деҳқон, сут соғувчи, гилам тўқувчи, буғдойни ун қилувчидан кучли ирода, катта жисмоний куч, малака ва тажриба талаб қилган. Шунинг учун тадбиркор халқ меҳнатни қўшиқ жўрлигида амалга ошириш йўлини ўйлаб топган.
Меҳнат қўшиқлари ўз таркибида бир неча жанрлардан иборат бўлади. Ҳар бир жанрни бевосита меҳнатнинг қайси тури билан банд бўлиш белгилайди. Хусусан, ўрмак қўшиғи гилам тўқишда айтилар экан, айнан шу намуна кашта тикувчи, қўш ҳайдовчи шахс томонидан ижро этилмайди. Яъни ҳар бир меҳнат соҳаси ўзининг махсус қўшиғига эгалиги билан ажралади. Шунингдек, кўп қўшиқларда иш қуролларига мурожаат қилиш одати бор. Буғдой янчаётган деҳқон ҳўкизи билан тиллашади, ун чиқараётган аёл ёрғичоққа мурожаат қилиши мумкин. Бинобарин, меҳнат қўшиқларининг ички турларини матнда эсга олинган иш қуроли воситасида ҳам аниқлаш имкони бор. Яна бир хусусиятни эслаб ўтиш жоиз. Меҳнат қўшиқлари узоқ муддат давомидаги ишни бажаришда ўзига хос восита бўлгани сабабли уларда қайта-қайта бир матнни такрорлаш, иш қилаётган одамнинг сергаклигини ошириш мақсадида турли хитобларга мурожаат қилиш одати анъана ҳисобланади.
Фольклоршунос Баҳодир Саримсоқов меҳнат қўшиқларини ўрганиш таҳлил қилишнинг қулайроқ йўлини белгилаш мақсадида уларни қуйидаги турларга бўлишни маъқул топган:
1. Деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқлар.
2. Чорвачилик билан боғлиқ қўшиқлар.
3. Ҳунармандчилик билан боғлиқ қўшиқлар .
Олимнинг таъкидлашича, овчилик, савдо-сотиқ каби меҳнат турлари билан ҳам боғлиқ асарлар бўлган, аммо бу намуналар бугунги кунда сақланмаган. Хусусан, уларнинг айримларини фақат Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асаридагина учратиш мумкин.
Деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқлар. Қўлланманинг аввалги саҳифаларида «Авесто» ҳақида тўхтаганмиз. Қадимги асарда буғдойни экишга берилган аҳамият инсон тақдири билан уйғунлашган. Бу эса ўзбек халқи аждодларининг деҳқончилик билан шуғулланиши юзлаб эмас, минглаб йилларга тенглигини исботлайди. Бинобарин, деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқларда экин-тикин жараёни бошидан охиригача босқичма-босқич акс этиши табиийдир. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зарифов бевосита ҳаёт акс этган қўшиқ намуналарига алоҳида эътибор билан ёндашар экан, деҳқончилик ҳақидаги асарларни ёзиб олишни қадрлаган эди. Шунинг учун ўзбек олимлари бисотидаги деҳқонлар айтадиган қўшиқлар нисбатан тўлиқ ёзилганлиги билан ажралиб туради. Уларни Баҳодир Саримсоқов қўш, ўрим, янчиқ, ёрғичоқ қўшиқлари тарзида ички турларга бўлиб таҳлил қилган .
Деҳқоннинг меҳнати ер қаъридан тафт келиши билан боғлиқ. Тажрибали боболаримиз фикрича, баҳор ердан буғ кўтарилишидан бошланади. Қишнинг охирида ердан буғ кўтарилдими, деҳқон қўшни далага олиб чиқади. Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикоясида Аминнинг Қобил бобога берган масхараомуз:
- Яхши ҳўкизмиди, ё ёмон ҳўкизмиди? – саволига чол:
- Қўш маҳали, - деб жавоб қайтаради. Яъни ер ҳайдаш бошланган пайтда ҳўкизнинг яхши-ёмонига эътибор берилмайди, демоқчи. Шу икки оғиз сўз билан ер ҳайдашнинг оғирлиги, ҳосил учун бу ишнинг муҳимлиги ўз ифодасини топган. Деҳқон ерни ҳайдашдан келажакка умид билдиради. Меҳнатнинг машаққати бу умид олдида орқага чекинади. Шу боис ҳўкизнинг шохига ёғ суриб ҳосил мўллигини руҳан таъминламоқчи бўлган деҳқон қўшиқ билан ўзини овутган бўлиши мумкин. Тўғри, бу қўшиқлар, кўпинча, ҳўкиз тилидан айтилган. Оғир қисматдан деҳқон ҳайвон нутқи воситасида нолиган:
Шохларим бор газ-газ қулоч,
Устида ўйнар қалдирғоч,
Ҳайдай десам, қорним оч,
Мен қўшга қандай ярайин.
Аслида, охирги икки мисра ҳўкизнинг эмас, деҳқоннинг аҳволидан хабар бермоқда. Натижада, деҳқон ҳўкиздан ҳасрат қилиш воситаси сифатида фойдаланмоқда. Бу ўринда қўшиқдаги оғир турмуш шароитининг акс этиши қўш ҳайдаш пайтида деҳқонни қандай қилиб меҳнатини енгиллаштириши мумкин деган мантиқий савол пайдо бўлади. Саволга икки хил жавоб бериш мумкин. Биринчидан, инсон табиатида бир хил зерикарли иш қилаётган пайтда ниманидир айтиб туриш унга ҳамиша мадад бағишлайди. Деҳқоннинг қандай қўшиқни айтиши аҳамиятсиз. Муҳими, у қўшиқ айтса, бу қўшиқ ҳақиқатдан хабар берса бас! Иккинчидан, мабодо деҳқон мазкур тўртликни айтди, ундаги мазмунга ҳам диққат қилди, дейлик. У тақдирда тахмин қилиш мумкинки, айтувчининг ҳаракатини энди алам бошқара бошлайди. Оқибатда, у омоч тишларини ерга чуқурроқ ботиришга, бемажол қўл мушакларини яхшироқ ҳаракат қилдиришга уринади. Ишнинг якуний босқичида эса раҳм, шафқат мазмуни ўз-ўзидан қуйилиб келади:
Ҳўкизгинам, бўйнигинанг эзилди.
Кўзгинангдан ёшлар қатор тизилди.
Бўйинтуруқ билан омоч тортмасанг,
Сени билан менга гўрлар қазилди.
Бу мазмундаги тўртлик ижросида ҳам айтувчининг чуқур руҳий ички кечинмалари ифодаланган. Ҳис, туйғу ўрин олган қўшиқ эса ҳар қандай оғир вазиятда ҳам киши кайфиятига далда беради, меҳнат жараёнини нисбатан енгиллаштиради.
Ер ҳайдалиб, дон сочилганидан сўнг етилган ҳосилни ўриш бошланади. Аввало, ўришни ер ҳайдаш билан тенглаштириб бўлмайди. Агар ер ҳайдаш битта одам томонидан бажарилса, жисмоний қувватни қўллаш оғир бўлса, баҳорда "илик узилди" (одам танасидан қувватнинг қочиши) пайтига тўғри келса, ҳосилга кўпроқ умид билдирилса, ўрим ўришда деҳқон ҳар ҳолда қувватга кирган, ўрган ҳар бир буғдой пояси унинг кучига куч қўшади, хирмондан аниқ дарак беради. Иккинчидан, ўрим жараёнида жамоа бўлиб ишлаш имкони бор. Бу омиллар, шубҳасиз, ўрим ўришда деҳқон кайфиятини яхшилайди. Устига устак қўшиқ айтилса, нур устига нур бўлиб қўшилади. Шунинг учун ўрим қўшиқлари қўш қўшиш пайтида айтиладиган тўртликлардан ўйноқилиги, нисбатан шўхлиги билан фарқ қилади:
Ўроғим олмос,
Ўришдан қолмас,
Сира ҳам толмас,
Ўрмасам бўлмас.
Юқори саҳифаларда қайд қилганимиздек, деҳқон иш қуролини мақтайди, ундан қониқаётганини изҳор қилади. Ўроқнинг олмос каби ўткир эканида ўзининг чархлаш маҳоратини мақташ оҳанги ҳам йўқ эмас. Ўрни келганда, деҳқон буғдойга ҳам мурожаат қилади. Буғдойдан тўп бўлиб туришни сўрайди. Шунда уни ўриш осон кечишини таъкидлайди.
Баҳодир Саримсоқовнинг маълумот беришича, ўрим ҳашар қилиб ўтказилаётганда: «...ўримчиларни зериктириб қўймаслик, иштиёқ билан меҳнатга чорлаш мақсадида сўзга чечан кишилар турли лирик қўшиқлардан ёки қизиқарли достонлардан парчалар куйлаб, ўроқчиларга далда берганлар. Қашқадарё, Сурхондарё ва жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбеклар ўрим пайтида «Ёзи билан Зебо» достонидан парчалар куйлаганлар» .
Айни пайтда деҳқончилик қўшиқлари қаторида «Қора дарё» туркуми ҳам мавжуд бўлиб, унда экинлар интоқ санъати воситасида тилга киради ва муайян тажриба натижасини изҳор қилади. Мазкур тўртликларда арпа, буғдой, шолғом, мош каби экинлар сўзлайдилар. Аксари ҳолларда уларнинг хасратлари билан танишамиз:
Шолғом айтар шод бўлмадим,
Бу ғамдан озод бўлмадим.
Сув ичиб обод бўлмадим,
Тошмадингми, қора дарё?
Деҳқончилик қўшиқларининг яна бир тури янчиқ пайтида айтилган. Кўпинча, уларни халқнинг ўзи «Майда», «Майда гул», «Майдалар», «Хўп майда» деб атайдилар. Ҳосил йиғиш кўнгилдагидек натижа берганида деҳқон энди ўзини руҳан тетик ҳис қилади. Аксинча бўлган тақдирда ҳам ўзбекларда «насиба» деган шукроналикни ифодаловчи сўз бор. Шунинг учун майда қўшиқларида биз қўш қўшиқларида, «Қора дарё»да бўлганидек, қисматдан нолиш, дард-ҳасрат оҳанглари нисбатан кам ўрин олганига гувоҳ бўламиз. Бундай қўшиқларда табиат берган инъомдан мамнунлик кайфияти устувордир. Деҳқон яна ҳайвонга мурожаат қилади:
Хўп ҳайда-ё, хўп ҳайда, майдаё-майда,
Қалқон қулоғим ҳайда, майдаё-майда.
Темир туёғим ҳайда, майдаё-майда,
Хирмонни қилгин майда, майдаё-майда.
Баъзан эса деҳқон ўзининг ҳазилини ҳам қўшиқларда ифолаши мумкин. У иш ҳайвони устидан кулишга ва шу усул билан кўнглини ёзишга уринган:
Майда-майда май босар, майдаё-майда,
Майда сенга ярашар, майдаё-майда.
Сенинг қалин териларинг майдаё-майда,
Этик қилса ярашар, майдаё-майда.
Одатда, майда қўшиқлари деҳқоннинг бевосита кўнгил изҳоридан иборат бўлиши мумкин. Чунки янчиқ жараёнида ўримдагидек кенг жамоа иштироки талаб қилинмайди. Ижрочи қўшиқларини ҳўкиз ёки бошқа ҳайвондан ташқари янчиқда деярли ҳеч ким эшитмайди. Айни пайтда бари бир бош мақсад йил давомида қилинган меҳнат маҳсулига тезроқ эга бўлишни тақозо этади. Қўшиқ деҳқондаги зерикиш ҳолатини юмшатиш ва ҳар бир ҳаракатнинг самарасини ошириш воситаси вазифасини бажарган. Аммо агар бу қўшиқларда деҳқон бажараётган меҳнат акс этган десак, хато бўлади. Чунки ҳар бир қўшиқда деҳқон, албатта, ўзининг ички кечинмаларини, ҳаёт тажрибасидан олган таассуротларини, турмуш ташвишларини ҳам баён қилади. Қўшиқ айтувчи саҳнадаги санъаткор хонанда эмас, балки даладаги оддий ижрочи ва айни шу пайтнинг ўзида унинг ўзи тингловчи сифатида намоён бўлади. Аслини олганда, унинг қўшиқларини ер ҳайдаётган ёки буғдой янчаётган ҳўкиз эшитади, холос. Деҳқонга ҳўкизидан бошқа тингловчининг кераги ҳам йўқ. Чунки у дилидаги ҳис-туйғуни ўзига ўзи айтади ва шу йўл билан қилаётган ишини енгиллаштиради, ҳасратини ёзади. Айтиш мумкинки, бундай вазиятда деҳқон ёнидаги ҳайвон унинг вафодор сирдошига айланади.
Деҳқончилик қўшиқларининг сўнгги тури «Ёрғичоқ» қўшиқлари деб аталади. Ёрғичоқ буғдойни ун қиладиган хонаки асбобнинг номи. Икки устма-уст қўйилган ички қисми йўнилган тошнинг ўртаси ўйилган бўлади. Тепа қисмдаги тош чеккасига ёғоч даста суқилади. Шу дастани ушлаб тошни айлантиришади. Ўрта тешикка солинган буғдой дони марказдан қочиш кучи ҳисобига икки тош ўртасида майдаланиб унга айланади. Бу ишни фақат аёллар бажаради. Бинобарин, оғир меҳнат давомида айтиладиган қўшиқларни ҳам аёллар ижро этадилар. Уларда аёл ёрғичоққа мурожаат қилади. У билан гаплашади, хасратлашади, дардини тўкади. Натижада, ёрғичоқ оиладаги онанинг ҳис-туйғусини самимий равишда баён қилиш воситасига айланади:
Ёрғичоқ ялпоққина,
Ун қилар оппоққина,
Ёрғичоқ хир-хир этар,
Муштдаккина хамир этар.
Ёрғичоғим гулдур-гулдур,
Бўғзим тўла оппоқ ундир,
Бой бобомнинг хонадони,
Иккимизни ейдир-ейдир.
Шундай қилиб, йил фасллари ўзгаради, деҳқоннинг иш қуроли (ҳўкиз, омоч, ўроқ, ёрғичоқ) ўзгаради, аммо қўшиқни яратишдан назарда тутилган бош мақсад (оғир меҳнатни енгиллатиш, турмуш ҳасратини айтиб юракдаги ғамни ёзиш) ўзгармайди. Ҳар қандай вазиятда ижро этиладиган қўшиқ ҳаётнинг лирик ифодаси сифатида баҳоланади.
Чорвачилик билан боғлиқ қўшиқлар. «Алпомиш» достонида Бойбўри етти ёшга етган Ҳакимбекни «ўғлимга энди шоҳлик, сипоҳилик илмини ўргатайин», - деб мулладан чиқариб олади. Бойсари ҳам Барчин қизини «Қизимга Кўкқамиш кўлида қўй соғдириб, чорвадорлик илмини ўргатайин, қўй соғмоққа уста бўлсин», - дейди. Шунингдек, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достонида «Игдишчилар бирла қатилмақни айур» (Чорвадорлар билан аралашмоқликни айтади) боби бор бўлиб, унда:
Қимиз, сут йа йун йағ йа йуғрут қурут,
Йадим йа кидиз ҳам эзар эвка тут
байти бор. Бобнинг ва байтнинг умумий мазмуни халқ ҳаётининг фаровонлиги бир деҳқонга, бир чорвадорга боғлиқ эканини тушунтиришдир. Маълум бўладики, ўзбек қадим замонлардан чорва билан шуғулланган. Бу соҳа халқ орасида алоҳида илм ва тажриба бирлигини ташкил этувчи бебаҳо бойлик ҳисобланган. Чорва молларини соғишда қўшиқ айтиб туриш ана шу тажрибанинг кашфиётларидан эди. Бугунги кунда жаҳон илм-фанида ҳатто сувнинг яхши ва ёмон гапларни тушуниши, мусиқанинг фарқига бориши, ўзига бўлган муносабатга кўра шифо қилиш хусусиятини ўзгартиб туриши исботланди. Ваҳоланки, халқ бундай янгиликларни минг йиллар олдин ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб билиб бўлган эди. Фақат илмий асосда исботламаган бўлиши мумкин. Хусусан, сигир, қўй, эчкиларни соғиш пайтида соғувчи, одатда, битта кўйлакдан фойдаланган, соғиш вазиятини ҳайвон ихтиёрига кўра танлаган, қўшиқ айтиб соғадиган молини ийдирган. Натижада, соғиладиган сут миқдорини кўпайтирган.
«Ҳўш-ҳўш» қўшиқлари сигир соғишда айтилган. Вақт ўтиши билан сигир қўшиқ оҳангига ўрганган. Қўшиқ айтилган заҳоти тинчланган, сутини ўзига тортмаган. Сигир соғувчи сигирга сипориш қилганда айтадиган асалли сўзларини алоҳида меҳр билан куйлаган. Ва сигир бу меҳрни ҳис қилган. Оқибатда, ҳар икки тараф-соғувчи ва сут берувчи фойдада бўлган:
Ҳўшим молим говмишим,
Эмчакларинг совмишим,
Оралаб единг ўтингни,
Ийиблаб бергин сутингни.
Сени сийлаб боқайин,
Кўзмунчоқлар тақайин,
Қуралай кўз говмишим,
Туёқлари кумушим.
Зотли молим ҳўш-ҳўш,
Сутли молим ҳўш-ҳўш.
Эътибор берсак, деҳқончиликда ҳўкиз «темир туёғим» деб эркаланган эди. Энди соғиш пайтида сигирга «қуралай кўз», «туёқлари кумушим» деб мурожаат қилинмоқда. Шубҳасиз, инсон бу эркалашларни ҳўкиз ёки сигир тушунмаслигини яхши билади. Лекин қўшиқ ижроси давомида товуш товланишининг, оҳангнинг ҳайвонларга ижобий таъсир кўрсатишига ишонади. Масаланинг яна бир муҳим томони ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, ижтимоий ҳаёт оғир, турмуш ўтказиш жуда қийин бўлган бир пайтларда оиладаги битта сигир бутун оилани боққан, ўлимдан қутқарган. Шунинг учун уй бекасининг қўшиғида сигирига ич-ичидан раҳмат айтиш туйғуси ҳам ўз ифодасини топган.
«Турей-турей» қўшиқлари қўйларни соғиш пайтида айтилган. Баҳор фасли қоракўл совлиқлар учун фожиа даври бўлган. Қоракўлчиликда қимматбаҳо тери олиш учун қўзилар кўп вақт ўтмай сўйилган. Совлиқ ҳам боласидан жудо бўлган, ҳам елинига сут тўлиб азоб тортган. Шунинг учун она қўйларни соғишга чорвадорликда алоҳида эътибор берилган. Соғиш билан боласидан ажралган қўй қисмати нисбатан енгиллашган. «Турей-турей»лар матнида сут соғувчи қўйнинг қўзисидан ажралганига ҳамдардлик билдирган, унга ачиниш туйғусини ифодалаган. Ҳар ҳолда қўйни мақташга уринган:
Болалилар бош бўлар, турей-турей,
Боласизлар ёш бўлар, турей-турей,
Келар йили туққанинг, турей-турей,
Қўзингга йўлдош бўлар, турей-турей.
Халқимизнинг бошқа мавзу ва турдаги қўшиқлари сингари турей-турейларда ҳам қўйларни жонлантириш, яъни сут соғувчи уни ўзига суҳбатдош одамдек тасаввур қилиш усули етакчи ҳисобланади. Қўшиқ оҳанги оғир, вазмин айтилади. Қўйнинг ақллилиги, иродалилиги, ўз эгасига хайрихоҳлиги ошириб таърифланади. Ҳатто она қўй боғда очилган гулга тенглаштирилади. Айтиш мумкинки, турей-турейларда халқнинг асрлар давомида қўй боқиш машаққатидаги тажриба бадиий йўл билан ўз аксини топади. Тарихдан маълумки, биттагина ўта сифатли қўзи териси ўрни келганда катта-катта амалдаги одамлар ўртасида муомалани б
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL