Топишмоқлар
ТОПИШМОҚЛАР
Топишмоқлар ҳажми ва шаклига кўра мақолларга ўхшайди. Баъзан мазмунига кўра ҳам яқинлик сезилади. Аммо яратилиш мақсади бошқа ҳисобланади. Жанрнинг номланишига эътибор беринг. “Топ” сўзининг талаффуз этилишиданоқ ўйла, ахтар, солиштир, изла маънолари етакчилик қилади. Унга “иш” қўшимчаси қўшилганда, вазифа аниқлашади: “-моқ” ҳаракат номи қўшимчасидан кейин “қўлингдан келса”, “эпласанг”, “уддалай олсанг” тушунчалари ифодаланади. Топишмоқларнинг қуйидаги жанр хусусиятлари бор:
1. Ҳажм жиҳатдан қисқа ва ихчам.
2. Шаклан шеърий, насрий кўринишга эга.
3. Яратилиш мақсадида матнда яширинган нарсани топиш вазифаси қўйилади.
4. Мазмунида ҳайвонот, ўсимлик, коинот, маиший ҳаётдаги нарсаларнинг хусусиятлари яширин тарзда ифодаланади, уни топишга даъват этилади.
5. Топилиши лозим бўлган нарса, кўпинча, битта, баъзан икки ва ундан ортиқ миқдорга эга бўлади.
6. Топишмоқларда қўлланган асосий бадиий санъат истиора (метафора) ҳисобланади.
Топишмоқларда топилиши лозим бўлган нарсанинг шакли, ҳажми, ранги, вазифаси ва шу каби хусусиятлари ҳақида маълумот берилади, аммо бу белгилар истиора санъатидан фойдаланилган ҳолда бошқа нарса билан боғланади. Масалан:
Қопча,
Қопча ичида унча,
Унча ичида устунча.
Бу мантда яширинган нарсанинг учта белгиси учта истиора воситасида берилган. Демак, унинг шакли қопга, ичидаги қисми унга ўхшатилмоқда. Фақат ун ўртасида устуни ҳам бор экан. Топишмоқни топаётган одам матнда жийда ҳақида гап кетаётганини топса, фикрий мусобақада енгган бўлади. Кўпинча, яширинган нарсанинг фақат кўриниши, хусусиятлари ҳақида маълумот берилади, лекин ҳеч нарсанинг номи қайд этилмайди. Бундай вазиятларда изловчи шахс фақат ўзи билган нарсаларга хос белгиларни эслаб ечимни топиши мумкин.
Оғзи ола аломат,
Ичи қизил қиёмат,
Сув сепсам, қуруқ чиқар,
Ё алҳазар, саломат.
Бу топишмоқда “аломат”, “қиёмат”, “саломат” сўзлари асосан қофия ҳосил қилиш учун келтирилганини билишимиз керак. Энди яширинган нарсанинг оғзи борлигига, бу оғизнинг кўриниши ола эканига, ичи қизиллигига, унинг ичида сув сепиладиган нарса бўлишига диққат қиламиз. Сув сепсагу у нарса қуруқ чиқса, демак “қизил қиёмат” олов бўлиши мумкин. Шундан сўнг ниманинг ичида олов бўлишини эсга оламиз. Ва яширинган нарса тандир эканини топамиз. Аммо барибир топишмоқнинг жавобини топиш осон эмас. Топишмоқни топиш учун унинг яратилишида муаллиф бўлган номаълум шахсдек фикр юритиш усулини излаш керак. Агар ҳар бир топишмоқнинг заминида муайян фикрий кашфиёт ётишини назарда тутсак, уни топадиган шахс ҳам айнан шу янгиликни бошқа йўл билан кашф қилиши керак бўлади. Бинобарин, у ҳам муаллиф ҳаёт тажрибасига, кузатиш нуқтаи назарига, фикр юритиш йўналишига эга бўлиши лозимлиги сабаб жуда мураккаб тарзда мулоҳаза юритиш жараёнини бошидан кечиради.
Топишмоқлардаги саволлар тизими хусусиятларни санаш тарзда амалга оширилар экан, ҳайратомуз қарама-қарши мулоҳазаларга дуч келамиз. Масалан: “Қўлсиз, оёқсиз эшик очар”, “У ёққа ўтдим – билдингми, Бу ёққа ўтдим – билдингми, Оқ қуврайнинг бошини, чертиб ўтдим – билдингми?” топишмоқларида ҳайрон қолишга мажбур қиладиган муаммолар жуда кўпга ўхшайди. Хусусан, бизни қандай қилиб қўл бўлмаса, оёқ бўлмаса эшик очиш мумкин, ахир эшик ўзи нима билан очилади? – деган савол ўйлантиради. Иккинчи намунада эса наҳотки у ёқдан бу ёққа ўтган нарсани мен сезмаслигим мумкин? У нарсага оқ қуврай – чўл-даштда ўсадиган ёввойи ўтнинг нима алоқаси бор? Ёки нега чертади, узмайди ёки бошқа нарса қилмайди, - деган саволлар қийнайди. Бу саволларга жавоб топиш учун биз савол берган одамнинг фикр юритиш усулидан фойдаланишимиз лозим бўлади. Шундагина ҳар икки саволнинг жавоби шамол эканини топамиз. Аммо масаланинг оғирлиги шундаки, баъзи топишмоқларда баён қилинган таърифдан фойдаланиб қандай йўналишда мулоҳаза юритиш лозимлигини аниқлай олмаймиз. Қуйидаги матнга диққат қилинг:
Бир ярим қуён,
Уч тулки,
Тўққиз сигир,
Беш эчки,
Ўн икки туя,
Ўн йилқи.
Бу топишмоқда одамнинг хаёлини рақамлар эгаллайди. Нега қуён бир ярим ёки туя ўн икки бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Кейин рақамларни қўшиб бирор натижага эришмоқчи бўламиз. Аслини олганда эса, муаммо ойни аниқлаш билан ечилади. Яъни қуён бир ярим, тулки уч, сигир тўққиз, эчки беш, туя ўн икки, йилқи ўн ойда туғади. Биз чорва, мол боқиш билан шуғулланган бўлсак, топишмоқни топиш осонроқ кечади. Жуда бўлмаганда қайд қилинган ҳайвонларнинг неча ойда туғишини билиб оламиз.
Топишмоқнинг пайдо бўлиши ҳақида фольклоршуносликда аниқ далилий маълумотлар йўқ. Айрим олимлар унинг қадимий эканини қайд қиладилар. Аммо мақоллар намуналари кўплаб келтирилган “Девону луғотит турк” асарида топишмоқ матни учрамайди. “Табзуғ” сўзи топишмоқ маъносини ифодалаши айтилади холос. Топишмоқ ҳажман, шаклан мақолга ўхшаганлиги учун бу икки жанрнинг вужудга келиш вақти ҳам бир хил бўлиши керак, деган тахмин билдирилган. Биз ҳам шу фикрга қўшиламиз. Айни чоқда қуйидаги икки ҳолатга диққатингизни қаратмоқчимиз.
1. Аёз эртагида Аёз бир чолни йўлда учратиб:
- Ота, узоқ йўлни яқин қилиб кетайлик, - дейди. Бир оздан кейин:
- Ота, от бўлмаса ҳам той миниб кетайлик, - дейди. Аммо бу сафар ҳам чол индамайди. Чолнинг қизи кейинроқ отасига Аёзнинг аввал гаплашиб кетайлик деганини, кейинги мурожаатида чолга ҳасса ясаб бермоқчи бўлганини тушунтиради.
Қиз отасига икки пул бериб уч хил ейдиган нарса олиб келишини илтимос қилади. Арзимаган пулга уч хил ейдиган овқатни яна Аёз топиб беради. Бу нарса ҳандалак бўлиб чиқади. Ҳандалакнинг этини қиз билан чол, пўчоғини эчки, уруғини товуқ ейди.
Қиз қўшни кампирдан чучварани зич жойлаб, устига ёғ қуйиб, патир билан ёпиб Аёзга олиб бориб беришни илтимос қилади. Шунда кампир Аёзга: “Ҳаво қоронғи, юлдуз зич, ой бутун”, - дейиши керак эди. Аммо кампир йўлда чучвара ва патирдан ейди, ёғдан ичади, аммо қиз буюрган гапни аниқ айтади. Юборилган нарсаларни еган Аёз кампирга: “Ҳаво ёруғ, юлдузлар сийрак, ой яримта”, - экан денг, - дейди. Аёзнинг жавобидан қиз йўлда кампирнинг дастурхондаги нарсалардан еганини англайди .
2. “Ойчинор” достонида ёш Ойчинорга уйланмоқчи бўлган Назарбойдан қиз қалин эвазига “Ўнта қўзи, йигирмата бўри, ўттизта арслон, қирқта қоплон, элликта айғир, олтмиш бешта ахта, саксонта сарка, тўқсонта тахта...” талаб қилади. Бўри, арслон, қоплонни топишга қурби етмаган бой достон қаҳрамонларидан бири – Бобурдан ёрдам сўрайди. Назарбой Бобурга бир бева хотинга уйланмоқчи эканини айтади. Шунда Бобур бойнинг гапларини мулоҳаза қилиб, унга ёлғон гапирганини, уйланмоқчи бўлган аёли бева эмас, қиз эканини айтади. Ўз фикрини исботлаш учун йигит ўн ёшида қўзидай, йигирмада бўридай, ўттизида арслондай, қирқда қоплондай, эллигида айғирдай, олтмиш бешда ахтадай, саксонида саркадай, тўқсонида тахтадай бўлишини мисоллар билан исботлайди. Шундан кейин Назарбой чоллигини ҳам, қиз бола Ойчинорга уйланмоқчи бўлганини ҳам тан олади .
Юқоридаги икки мисол топишмоқларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги тахминларга маълум даражада аниқлик киритади. Айтмоқчимизки, топишмоқлар дастлаб эртак, достон ёки яна қайсидир жанрлар таркибида вужудга келган. Кейинроқ ана шу жанр таркибидан ажралиб чиқиб, алоҳида – мустақил асарлар сифатида халқ оғзаки ижодидан ўрин олган.
Матнлардаги истиора санъати қўлланган той, ой, юлдуз, қўзи, бўри, қоплон кабилар жумбоқли муаммони ечувчи восита сифатида фойдаланилган. Муҳими шундаки, эртак ва достондаги топишмоқнамо фикрлар кейинчалик топишмоқлар алоҳида жанр бўлиб яшай бошлаганда ҳам уларнинг яратилишида асос вазифасини бажарган. Хусусан, бирон топишмоқнинг яратилиши учун топилиши лозим бўлган нарса – предметларнинг хусусиятлари етакчи маълумот берувчи омил бўлган.
Топишмоқларнинг яратилишида топилиши лозим бўлган нарса бир қатор хусусиятлари билан бошқа нарсага ўхшатилади. Бу хусусиятларни қуйидагича белгилаш мумкин бўлади:
1. Яширинган нарсанинг ташқи қиёфаси. Унинг ҳажми, шакли, кўриниши асос қилиб олинади.
Узун терак йиқилди,
Учи менинг қўлимда.
Зағизғони сайради,
Сочи менинг қўлимда.
Демак, топилиши лозим бўлган нарса дарахтдан ясалар экан. Унинг бўйи ҳам баландгина теракни эслатади. “Зағизғони сайради”, маълум бўлдики, ундан овоз чиқади. “Сочи менинг қўлимда” дейилгандан сочни эслатувчи нарса ҳам унинг таркибий қисмини ташкил этади. Натижада, топишмоқни топиш учун биз унинг ёғочдан ясалганини, бўйи-басти борлигини, овоз чиқишини, унинг сими борлигини билиб олдик. Озгина фикр юритсак, нарсанинг мусиқа асбоби эканини, хусусан, танбур, дутор, рубоб, ғижжак ҳақида гап кетаётганини англаймиз.
2. Топишмоқ матнида ранг ҳақида маълумот берилади. “Кўк косани тўнтардим”, “Кўк сандиғим очилди, ичидан зар сочилди” топишмоқларида осмон, қуёш ҳақида фикр юритилмоқда.
“Қора уйда минг чироқ, уйни ёритмас” (Тунда осмондаги юлдузлар).
“Қора туям қочяпти, қумолоғин сочяпти” (Қора булут ва дўл).
3. Топмоқчи бўлган нарсамизнинг тузилиши, таркиби юзасидан маълумот берилади:
“Олтиндир,
Бу толнинг ўн икки шохи бор.
Ҳар шохида тўрттадан уя бор,
Ҳар уяда еттитадан тухум бор.
Ҳар тухумнинг ярми қорадир, кўрсанг,
Ярми оппоқдир топган бўлсанг” (Йил, ўн икки ой, ҳафта, кун, кеча, кундуз).
“Том устида бир палак,
Унда ўн икки ҳандалак,
Ўн бирини еса бўлар,
Бирини емай, бўлар ҳалак” (Йил, ўн икки ой, бир ой рўза).
4. Нарсанинг бажарадиган вазифаси таърифланади. Ҳаётдаги асосий белгиси ҳаракат мисолида баён этилади:
“Лип этади кириб кетади,
Чиқазолмай эсинг кетади” (Тикан).
“Кунга қараб толмайди,
Кундан кўзин олмайди” (Кунгабоқар).
5. Яширинган нарсанинг қиёфаси, алоҳида белгиси қиёсланади:
“Устидаги кўйлаги,
Худди қоғозга ўхшар.
Тўғрасанг, жаҳли чиқиб,
Кўзингни дарров ёшлар” (Пиёз).
Топишмоқларда бир нарсанинг бир эмас, бир нечта белгилари, иккинчи нарсага таққосланиши ҳам мумкин. Масалан: “Ер остида олтин қозиқ” топишмоғида сабзининг шаклан қозиққа ўхшаши, унинг ранги олтинни эслатиши ва ер остида ўсиши уйғун тарзда қайд этилган. Бундай топишмоқларни топиш нисбатан осонроқ амалга ошади. Яна бир хил топишмоқларда инкор қилувчи маъно етакчи бўлади:
“Хўппа семиз,
Туки йўқ.
Териси қалин,
Туки йўқ”
ёки
“Қони бор,
Жони йўқ” (Тарвуз).
Одатда, топишмоқлар халқ ҳаётининг ҳамма соҳаларини эгаллагани билан ҳам диққатга сазовор. Маиший ҳаётдаги, ижтимоий муҳитдаги муносабатлар топишмоқ мавзуларида ўз ифодасини топади. Кўрпа, қулф, қозондан тортиб қози, судхўрларнинг кирдикорларигача топишмоқларда акс этиши мумкин. Халқ топишмоқларини мукаммал ўрганган Зубайда Ҳусаинова 1981 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан эълон қилинган “Топишмоқлар” китобидаги матнларни тартиблаштиришда уларни йирик икки гуруҳга ажратади: “Анъанавий топишмоқлар” ва “Янги топишмоқлар”. Биринчи гуруҳда Осмон, ер, сув; табиат ҳодисалари, йил фасли ва мавсум; одам, унинг аъзолари ва хислатлари – жами 21 мавзу жамланади. Янги топишмоқларда электротехника, радиотехника, мактаб ва ўқув қуроллари – жами 9 мавзу жамланган. Маълум бўладики, топишмоқларда акс этмаган мавзунинг ўзи йўқ экан.
Топишмоқлар шаклан насрий ва шеърий бўлиши ҳақида айтган эдик. “Дарахт устида лангар” (анжир), “Сой ичида саксонбой” (бурга), “Тоғ устида ўрмон бор” (соч) каби намуналарни насрий топишмоқлар қаторига қўшамиз.
“Узун-узун ўз келди,
Узун бўйли қиз келди.
Қоши қалтираб келди,
Кўзи ялтираб келди” (ёмғир).
ёки
“Узун-узун из кетди,
Узун бўйли қиз кетди.
Тошга тегди тарқ этди,
Сирғалари ярқ этди” (сув)
каби намуналарни шеърий топишмоқлар деймиз.
Маълумки, ҳаётда биз муносабатда бўлган ҳар бир нарса-предмет жуда кўп хусусиятларга эга бўлади. Уларнинг ранги, кўриниши, вазифаси, вазни турличадир. Шунинг учун ҳар бир нарса ҳақида бир нечта топишмоқ тўқиш мумкин. Айни пайтда бир нарса ҳақидаги топишмоқда ифодаланган белгилар бошқа нарсада ҳам мавжудлиги учун жавоб ҳам бир хил бўлмаслиги мумкин. Масалан, оддий бир томчи ҳақида топишмоқлар тўпламида 14 та намуна келтирилган. Агар биттасида “Тумшуқсиз чумчуқ муз тешар” дейилса, иккинчисида “Жингила сичқон ер қазир” дейилади, учинчисида эса “Ўтмас пичоқ ер кавлар” тарзида яратилган. Лекин уларнинг ҳаммасида бир томчи сув ҳақида фикр юритилади. Сув ҳақида эса 19 та топишмоқ келтирилган. Баъзан бир нарсанинг хусусиятлари бирма-бир санаб ўтилади ва жумбоқнинг осон топилиши таъминланади:
“Кўл эмас, дарё эмас,
Ичида музлайди сув.
Жазирама ёзда ҳам,
Иссиқ ўтказмайди у.
Усти боши темирдан,
Шундан жойи тўрдан” (музлатгич).
Бундай топишмоқларни нарса ҳақида тўқилган ҳикоя дейишимиз мумкин. Чунки таърифда ҳар бир белги ва хусусият эринмай баён этилади. Юқорида қайд қилганимиздек, битта топишмоқнинг бир нечта жавоби бўлиши ҳам мумкин. Масалан, “Узун терак, ичи ғовак”. Бу топишмоққа қамиш, мўри, милтиқ жавобларини бериш хато бўлмайди. Ёки: “Тепдим, тепдим, теракка чиқдим”нинг жавоби нарвон ва эгарланган отга чиқиш билан изоҳланади.
Халқ орасида яшаб келаётган топишмоқлар бир жумбоқли ва кўп жумбоқли бўлиши мумкин. Аввалроқ мисол қилиб келтирган сув, жийда, шамол, танбур ҳақидаги топишмоқлар бир жумбоқли ҳисобланади. Шеърий мисралар сони бу ўринда алоҳида аҳамият касб этмайди: 6 мисрадан иборат топишмоқнинг жавоби музлатгич эди. Аммо шундай топишмоқлар ҳам борки, уларга жавоб бериш учун икки ва ундан ортиқ нарсаларни эслашга тўғри келади:
- Тоғда талаймонни кўрдим,
- Сувда сулаймонни кўрдим.
- Тузсиз пишган ошни кўрдим,
- Юмалаб ётган тошни кўрдим.
Бу топишмоқдаги тўрт мисрада тўртта нарса яширинган. Биринчисида бўри, иккинчисида балиқ, учинчисида сумалак, тўртинчисида тошбақа сўзлари яширинган. Олима Зубайда Ҳусаинова баъзан топишмоқларда арифметик рақамлар сонини топиш талаб қилинишини ёзади. Масалан: “Бир тўда ғоз учиб борар экан. Бир ғоз рўбарў келиб: “Эй юз ғоз, соғ-саломат бормисиз”, - дебди. Шунда улардан бири айтибди: “Биз юз ғоз эмасмиз, яна бир миқдори ғоз бўлса, яна бизнинг ярмимиз миқдори ва ярмимизнинг ярми бўлса, у вақтда сен қўшилсанг, юз ғоз бўламиз”, - дебди. Ҳаводаги ғоз қанча эди?
Жавоби: 36 (36+36+18+9+1)=100 .
Халқ оғзаки ижодидаги топишмоқлар бадиий жиҳатдан ҳам сўз санъати ҳисобланган адабиётда қўлланган жуда кўп санъатларга бой. Бу санъатларнинг топишмоқда учрайдиган энг оммавийси истиорадир. Ойна – кўз, илон – соч, қизил тойчоқ – тил каби ўнлаб мисолларда истиора санъати келган.
Ёзма адабиётда талмиҳ санъати машҳур. Хусусан, Алишер Навоий ғазалларида шундай байт бор:
Кўп ўқудим Вомиқу, Фарҳоду, Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдин бул ажаброқ достоне топмадим .
Байтдаги Вомиқ, Фарҳод, Мажнун исмлари талмиҳ санъатига мисол бўлади. Яъни шоир ўз ҳис-туйғуларининг оддий эмаслигини таъкидлаш учун ишқ йўлида изтироб чеккан ошиқлар рамзига айланган қаҳрамонларнинг исмларини мисол қилиб кўрсатади. “Талмиҳ” сўзининг маъноси “қаратмоқ”дир.
Топишмоқларда ҳам ана шундай исмлар учрайди. Тахмин қилиш мумкинки, бу исмли одамлар бир вақтлар машҳур бўлганлар, лекин вақт ўтиши билан аста-аста халқ хотирасидан ўчганлар:
“Сарибой акам ичкари,
Соқоллари ташқари” (сабзи, маккажўхори).
Шунингдек, “Токчама-токча, Саматжон бойвачча” (сичқон), “Осмони ресмон, Мулла Абдураҳмон - беустихон” (бит) каби мисолларда ҳам исмлар учрайди.
Топишмоқларда тазод (қаршилантириш) санъати намуналаридан ҳам фойдаланилган:
“Ош ичида тош,
Тош ичида ош” (сумалак, тошбақа, ёнғоқ).
Бу матнда ҳатто қофия санъатининг мураккаб тури тарсиъ (мисралардаги ҳамма сўзларнинг қофияланиб келиши) ҳам ўрин олган.
Бадиий адабиётдаги жонлантириш (ташхис) санъати топишмоқларнинг асосий тасвир воситаларидан бири ҳисобланади.
“Қорабой отдан тушди,
Болалари югуришди” (қозон, товоқ, коса).
“Икки сингил,
Оғир - енгил” (тарози).
Баъзан жонлантиришнинг гапиртириш (интоқ) усули ҳам учрайди:
Зув этди билдингми,
Зувиллаб кетди билдингми?
Кўланкаси кумушдан,
Кулиб кетди билдингми? (милтиқ, ўқи).
Бундай мисоллар халқ топишмоқларининг ҳақиқий сўз санъати намунаси эканини қайта-қайта далиллайдиган омиллардир.
Юқоридаги саҳифаларда топишмоқларнинг халқ эртаклари, достонлари билан алоқаси ҳақида маълумот берган эдик. Топишмоқлар айни пайтда мақоллар, қўшиқлар билан ҳам яқин муносабатда шаклланган. “Бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам қон” мақоли топишмоқ ўрнида ҳам келиши мумкин ва унинг жавоби ёғ хумча, кади бўлади. “Асалдан ширин, заҳардан аччиқ” (тил) топишмоғи эса “Ширин сўз – шакар, аччиқ сўз – заҳар” тарзда такрорланади.
З.Ҳусаинова ўзининг топишмоқлар ҳақидаги тадқиқотида
“Ёмғир ёғалоқ,
Тарвуз юмалоқ,
Жаладан қўрқмас,
Лаққа бақалоқ” (балиқ) ва
“Ғоқ-ғоқ-ғоқ,
Думоғим чоқ,
Сувда сузиб юраман,
Кўп кайфлар сураман” (ғоз)
топишмоқлари болалар қўшиқлари сифатида ҳам айтилишини кўрсатиб ўтади.
Халқ топишмоқлари мақоллар каби ёзма адабиёт вакиллари ижодига ҳам ўз таъсирини ўтказган дейиш мумкин. Топишмоқларнинг яралиши мақсадидаги “Ўйла, изла, топ” тамойили ёзма адабиётдаги луғз (чистон), муаммо ва тарих жанрларида етакчи ҳисобланади. Хусусан, Алишер Навоий бир чистон (луғз)ида шундай ёзади:
Не шўх эрурки, улус кўнгли ичра савдоси
Анинг юзидаги хатлар каби муҳаррардур.
Кумушдурур танию қиммати анинг лекин
Ўн икки ўз танидек важҳ ила муқаррардур.
Ишида ул ўн икки ҳар бирисидур динор
Ки, адл сиккасидин юзларида зевардур.
Магарки англади хумсул муборак асрорин
Ки, сони бу адад ўлмиш, агарчи юз мардур.
Гадоға хумсидин ар салтанатдурур, не ажаб
Қачонки беклик анинг рубъидин муссардур.
Чистонда эл кўнглига савдо (ақлдан озиш) солувчи, юзида таҳрир қилинган муҳри бор нарса нима, деб савол қўйилган. Бу саволнинг жавоби “Танга” бўлади. Яъни шоир нарсанинг белгиларини санаган ва жавоб топишни сўрамоқда. Увайсийнинг “Анор”, “Қайчи” чистонлари машҳур.
Муаммо жанрида шоир байт ёзади, байтда муайян амалларни бажариш лозимлиги кўрсатилади. Агар ана шу амаллар тўғри бажарилса, исм вужудга келади. Масалан, Алишер Навоий байтини келтирайлик:
“Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилиқ била от”.
Байтнинг иккинчи мисрасидаги “саодат” сўзидан “от” олинса (чиқса яхшилиқ била от), “Саъд” исми ҳосил бўлади.
Мумтоз адабиётимизда олий саркардаларнинг ғалабалари, катта қурилишларнинг якунланиши, олий мартабали одамлар оиласида фарзанднинг туғилиши ёки машҳур олим – алломаларнинг вафот этиши муносабати билан шоирлик иқтидори бор адиблар “тарих” ёзганлар. Тарихни ташкил этувчи ҳар бир сўз таркибидаги ҳарфлар алоҳида рақамларни билдирган. Бундай тизим илмда абжад деб аталган. Абжад ҳисобининг асосини араб алифбоси ташкил этган бўлиб, алиф – 1, бо – 2, жим – 3, дол – 4, ҳо – 5, вов – 6 рақамларини ифодалаган. Охирги ҳарфлар зод – 800, зо – 900 ва ғайн – 1000 рақамларини англатган. Масалан: Дурбек “Юсуф ва Зулайхо” достонининг ёзилган йилини абжад ҳисоби билан қуйидаги байтда берган:
“Зод”(ﺽ) эди тарих тақи “ҳе” (ﺡ) ю “дол”(ﺩ)
Муддати ҳижратдин ўтуб моҳу сол.
Байтда келтирилган уч ҳарф ифодалаган рақамлар қўшилса (ﺽ - 800 + ﺡ - 8 + ﺩ- 4), 812 чиқади. Демак, достон ҳижрий 812 (милодий 1409) йилда ёзилган экан.
Шундай қилиб, чистон, муаммо, тарих жанрларидаги бошқотиргич вазияти халқ оғзаки ижодидаги топишмоқлар билан муштаракликни белгилайди. Топишмоқларда ҳам, ёзма адабиётдаги учта жанрда ҳам инсонни ўйлашга, қиёслашга, излашга чорловчи фазилат намоён бўлади.
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL