Мақоллар
МАҚОЛЛАР
Мақол деб халқнинг ижтимоий-тарихий, ҳаётий-маиший тажрибаси умумлашган бадиий, образли мулоҳазалардан иборат ҳикматли сўзларга айтилади. Мақол ўзбек тилида мақол, тожикларда зарбулмасал, русларда пословица, арабларда (жонли сўзлашувда) нақл, туркларда ата сўзи атамаси билан юритилади. Мақол атамси арабча [قوڶ] – қавлун – гапирмоқ, айтмоқ сўзидан олинган.
Мақолларда сўз қиммати алоҳида ёрқин ифодаланади. Чунки мақоллардаги сўзларни бошқаси билан алмаштириш, бирон сўз қўшиш мумкин эмас. Улар миллий тил таркибида қолиплашган ҳолда намоён бўлади. Бу жанр дунёдаги ҳамма халқлар оғзаки ижодида бор бўлиб, ҳажм, шакл, яратилиши мақсадига кўра муштарак ҳисобланади. Ҳатто номланишида ҳам яқинлик аниқ сезилади. Жумладан, арабларда “қавлун” – гап, сўз маъносини ифодаласа, тожикларнинг “зарбулмасал” атамаларида мисол келтириш, руслар “пословица”сида сўзлар билан фикрни ифодалаш, турклардаги “ота сўзи”да эса аждодлар фикрини эслаш маъноси етакчи. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ҳам “сав” атамаси оталар сўзини эслаш тарзида келтирилган.
Хуллас, мақол атамаси умумий мазмун жиҳатдан “сўз” тушунчаси билан боғланади. Дунёдаги ҳамма халқлар оғзаки ижодида мақолларчалик шаклан ва мазмунан ўзаро яқин жанр деярли йўқ. Масалан, русча “Шило в мешке не утаишь” (бигизни қопда яшириб бўлмас) – ўзбекча “Ойни этак билан ёпиб бўлмас”; инглизларда “Еast and West, home is best” (Шарқми, Ғарбми, уйинг энг яхшиси) – ўзбекча “Ўз уйинг, ўлан тўшагинг”; Вьетнамда “Рисовал дракона, получился червяк” (Аждар суратини ишлагандим, чувалчанг бўлиб чиқди) – ўзбекча “Мен дедим ўттиз – Аллоҳ деди тўққиз”, осетинларда “Его в сени не пускают, а он лезет в комнату” – ўзбекча “Ўзига енг бўлмаган, ўзгага эн бўларми”; татарларда “Товуқ тухум қўймасдан, эгаси жўжа сотмоқчи” – ўзбекча “Жўжани кузда сана”; русларда “На чужой стране и весна не красна” (ўзга юртда баҳор гўзал эмас) – ўзбекча “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” маъноларини ифодалайди.
Фольклоршунос олимлар мақоллар ва маталларни ўрганувчи соҳани паремиология деб аташади. Паремия – юнонча чуқур маъноли гап, ҳикматли сўз, ибора, мақол, матал маъносини беради.
Мақолларнинг жанр хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
1. Мақолларнинг ҳажми қисқа ва чекланган.
2. Мақоллар мазмунан серкўлам ва чуқур маънони ифодалайди.
3. Халқ мақоллари шаклан шеърий ва насрий бўлади. Аммо насрий мақоллар ҳам шеърий мисраларни эслатади. Масалан: Кўза кунда эмас, кунида синади.
4. Мақолларда ҳаётий воқеа-ҳодиса ҳақида қатъий ҳукм ифоланади. Бу ҳукм мусбат ёки манфий мазмунда акс этади.
5. Мақол шахс ҳаётидаги хусусий вазиятни халқ, омма, ҳаёт нуқтаи назардан умумлаштиради.
6. Мақол матни тилшуносликда шахси умумлашган гап ҳисобланади.
Халқ мақоллари тарихи ўнлаб асрлар билан ўлчанади. Ўрхун-Энасой битигларида “Ориқ ва семиз буқани (биров) тезагидан билса, биров ориқ ва семиз буқани ажрата олмайди”, “Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш, ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш” каби мақолни эслатувчи парчаларни ўқиймиз.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ўнлаб ҳикматли сўзларни учратамиз:
“Еса, ичса охир бари оч тўяр,
Кўзи оч очлигин ўлганда қўяр”.
“Кишига чиройдир уят-андиша,
У асрар ножўя ишдан ҳамиша”.
Айнан шунга ўхшаш фикр Аҳмад Яссавий шеърида шундай келади: “Ал ҳаёю минал иймон” – Расул айтди”, яъни Ҳадисдан олинган парча: “Ҳаё иймондан нишонадур”, - дейилади. Аҳмад Югнакий “Ҳибату-л-ҳақойиқ” достонида “Вале кийсанг атлас, унутма бўзинг” мисрасини ёзади. Бу мисра “Бой бўлсанг, чориғингни унутма” ҳикматли сўзига мос келади.
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” тадқиқотида дала сафарларида ёзиб олган 268 мақол матнини келтирган. Бу намуналар қаторида бироз ўзгариш билан яшаётган қуйидагиларни учратамиз: “Отуғ узгуч бирла ўчурмас” – Ўт аланга билан ўчирилмас; “Тоғ тоққа қавушмас, киши кишига қавушар” – “Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашар”. Айни пайтда “Õт теса, ағиз куймас” – ўт деган билан оғиз куймайди; “Тулки ўз инига урса, узуз ўлур” – тулки ўз инига қараб ҳурса, қўтир бўлади кабилар бугунги кунда унутилган. Улар ўрнига “Ҳолва деган билан оғиз чучимас”, “Ватанига тош отган ватангадо бўлади” деган мақоллар қўлланмоқда.
Халқ мақолларининг мазмун кўлами инсон ҳаётининг турли соҳаларини қамрайди. Инсон ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларнинг чеки йўқ экан, мақоллар мазмуни чегарасини ҳам ўлчаб бўлмайди. Маиший ҳаётдаги кичик бир эътиборга арзимайдигандек кўринувчи лавҳадан тортиб чуқур фалсафий мушоҳада ифодасигача мақоллар мазмунида ўз аксини топган. Агар “Уйга палос ярашур, хотинга либос” мақоли маиший ҳаётга тааллуқли бўлса, “Ёзда миянг қайнаса, қишда қозонинг қайнар” мақолида вақтни бекор ўтказмаслик, ақл билан иш кўриш инсонга ҳаёт имконини яратиши қайд этилади, “Вақтинг кетди – бахтинг кетди” мақолида эса фалсафий мазмун ифодаланган бўлиб, инсон тақдирида Вақт тушунчасининг қанчалар муҳим эканлиги таъкидланган.
Мақолларни тасниф қилишнинг бир турида мазмун етакчи ҳисобланади. Унга кўра Ватан, меҳнат, халқ, илм-ҳунар, мардлик, меҳмон, тадбиркорлик, муҳаббат ва вафо, яхши сўз – жами 30 га яқин мавзулар қайд этилган. Аммо бу мавзуларни яна кўпайтириш ҳам, камайтириш ҳам мумкин. Муҳими, мазмун етакчи бўлган таснифда масалани ҳар томонлама ифодалашга уриниш аниқ сезилади.
“Булбул чаманни севар,
Одам – ватанни”.
Мазкур мақолда инсон руҳий оламида Ватан тушунчасининг аҳамияти қайд этилган. Мақолдаги Ватан сўзида фақат муайян ҳудуд, манзил, ўрин-жой, табиат акс этган, десак янглиш бўлади. Бу сўз маъно жиҳатдан аждодлар руҳи, маънавий мерос обидалари, қадриятлар, миллат бирлиги, менталитет хусусиятлари билан уйғунлашади. Булбул чаманда қанчалар яйраса, инсон ўз ватанида шунчалар эркин ҳис қилади. Булбулни боғларсиз, гулзорсиз, чамансиз тасаввур этиб бўлмаганидек, одамни ўз она диёрисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу мақолни айтганимиз заҳоти Зокиржон Фурқатнинг чет эллардаги азобини таърифлаб ўз ватанини соғингани ёдга тушади:
“Ғамингда кеча – тонг отқунча йиғлар,
Тонг отғоч, дағи кун ботқунча йиғлар”.
Ватан ҳақидаги мақолларда қиёслаш, таққос етакчидир:
Киши юртида шоҳ бўлгунча,
Ўз юртингда гадо бўл.
Маълум бўладики, бу мақол аввалги намунадаги мазмунни чуқурлаштиради. Моддий таъминотдан кўра маънавий эҳтиёж муҳимроқ экани ифодаланади. Тажрибасиз одам ҳаётдаги ҳамма муаммони иқтисод билан ўлчайди. Унинг учун турмуш тўкинлиги ҳар қандай тушунчадан афзалдек туйилади. Лекин Бобурдек шоҳ ўз диёрини эслаб азобланганидан хулоса чиқарсак, мақолдаги фикрнинг қанчалар аниқ ва ибратли тарзда берилгани маълум бўлади.
Энди бошқа бир мақолга мурожаат қилайлик:
Она юртинг омон бўлса,
Ранги-рўйинг сомон бўлмас.
Бу мақолда шахснинг она юртида яшаши ва истиқомат қилиши ундан маълум бурчни ҳам талаб қилиши ифодаланган. Инсон ўз юртида бемалол яшаши мумкин. Аммо бу юрт омон бўлса, яъни тинч бўлса, эркин-озод бўлса. Юрт тинчлиги, эркинлиги, озодлиги эса халқнинг ўз юртига бўлган иймонли муносабати оқибатида вужудга келади. Агар халқ оғзаки ижоди асарларини таҳлил қилсак, Ватан мавзуига алоҳида эътибор берилганига гувоҳ бўламиз. Тарихий маълумот ва ҳужжатлар бевосита халқ фарзандларининг аждодлар васиятига содиқ эканликларини тасдиқламоқда. Қайта-қайта кўп намуналарда ватан озодлиги, эркинлиги ҳақидаги таъкиднинг кучайиши бежиз эмас. Кўпинча, бу мақолларда ватан ва эл тушунчаси уйғунлашади:
Элинг омон бўлса – сен омон.
Элинг, юртинг бўлмаса,
Ойинг кунинг бўлмасин.
Хуллас, халқ мақолларида қайси мавзу, ҳаётнинг қайси соҳаси ҳақида фикр юритилмасин, танланган муаммо ҳар томонлама, атрофлича ёритилади. Буларнинг ҳаммаси ўзбек халқининг асрлар давомида нақадар доно ва ақлли ижодкор фарзандларга эга эканини далиллайди.
Халқ мақолларининг узоқ ўтмиш маҳсули эканлиги айрим намуналарни бугунги кунда тушуниш осон эмаслигини ҳам изоҳлайди. Баъзан мақоллар қаторида шундайлари ҳам учрайдики, ҳатто умумий фикр нима билан боғлиқ эканлигини англаш қийин бўлиб қолади. Масалан: “Бир пул бериб йиғлатдим, минг пул бериб юпатдим” мақолини олайлик. Бу мақолнинг моҳиятини мақолдаги фикр йўналиши ва қаршилантириш усулидан тахмин қилиш мумкин, холос. Яъни умумий мазмунда ножўя қилинган ҳаракат ёки тадбир охир оқибатда инсонга қўшимча ташвиш келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда. Сен шундай ҳаракат қилгинки, бу ҳаракатинг ёмон оқибатларга олиб келмасин, дейилмоқда. Аммо нима учун бир пул бериб йиғлатса, минг пул бериб овутади ёки юпатади. Бу муаммони ҳал қилиш учун тарихга мурожаат қиламиз. Қадим замонларда аза пайтида йиғлаб берадиган махсус одамлар бўлган экан. Уларни “гийранди” деб аташган. Аслида “гийранди” “гирянди”дан олинган бўлиб, “йиғламоқ” феъли билан маънодошдир. Уйида бирор яқин одами ўлса, майит эгаси гийрандини чақирган. У аза давомида маълум ҳақ эвазига йиғлаб беришни бўйнига олган. Лекин гийранди ўз санъатини шундай эгаллаши ҳам мумкин эдики, майит эгаси бу айтувларга, бу дод-фиғонга, бу нолаларга чидамасди. Шунда у гийрандидан йиғламасликни илтимос қилган. Гийранди эса атайин авжга чиққан. Натижада уни йиғидан тўхтатиш учун кўпроқ ҳақ берилган. Мақолда арзимаган ҳақ эвазига йиғловчини чақириш, аммо унинг жим бўлиши учун катта пул бериш воқеаси акс этган. Шундай қилиб, мақоллар мазмуни уларнинг ўзи ва табиати каби сирли оламга эгадир.
Халқ оғзаки ижодидаги мақоллар жанри тарихий ҳаёт давомида сон ва мазмун жиҳатдан бойиш хусусиятига эга. Яъни мақоллар замон ўтиши билан истеъмолдан чиқиши ва айни пайтда янги-янги намуналари вужудга келиши мумкин.
Мақолларнинг истеъмолдан чиқишида қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
1. Тарихий ҳаётнинг ўзгариши. Ижтимоий ҳаётда мақолни қўллаш эҳтиёжининг йўқолиши оқибатида мақол халқ эсидан чиқади.
Омоч сени тўйдиргай,
Омборингни тўлдиргай.
Омоч ишлатиш аста-секин йўқола борган сари бу мақол ҳам истеъмолдан чиққан.
2. Тарихий сўзлар иштирокидаги мақоллар вақт ўтиши билан йўқолади.
Қозига берсанг суяр,
Бермасанг – сўяр.
3. Айрим мақоллар оғзаки ижоднинг оғзакилиги белгиси таъсирида йўқолиши ҳам мумкин. Бир авлод қўлламаган мақол ўлимга маҳкум.
Хитой хонининг газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди.
Баъзан мақолнинг бир қисми яшайди, иккинчиси йўқолади.
Аш татиғи туз, жуғрин жемес.
(Ош туз билан тотли, лекин лаган билан ёлғиз тузнинг ўзи ейилмайди).
Бу мақолнинг биринчи қисми ҳозир ҳам бор, аммо иккинчи қисмни биз тасаввур ҳам қилмаймиз.
Юқоридаги сабаблар мақолнинг йўқолишига олиб келади. Айни пайтда мақолларимиз намуналарининг бойиш манбалари ҳам йўқ эмас. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар натижасида янги мақоллар вужудга келади. Масалан, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматли сўзини қўллаш оммалашди. Дастлаб, бу мақолсифат жумланинг Абдулла Авлоний ёзган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобида Муҳаммад Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси экани айтилган эди. Аммо бу ҳикматли сўз халқимиз орасида кўп қўлланмаган. Мустақилликдан сўнг энг оммавий мақолга айланиб кетди.
2. Халқ мақолларининг янги-янги намуналари халқлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий алоқаларнинг ривожланиши натижасида пайдо бўлди. “Олма оғочидан олисга тушмас” мақоли “Яблока от яблони далеко не падает”нинг таржимаси. Бугунги кунда бу мақолнинг келиб чиқиши бизни деярли қизиқтирмайди.
3. Янги мақолларнинг пайдо бўлиши алломалар, доно адиблар айтган ҳикматли сўзлар билан боғлиқ бўлади. Тарихда биз Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий ижоди билан танишар эканмиз, афоризм деб аталмиш муаллифи аниқ доно ва ҳикматли сўзларга дуч келамиз. “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур” каби мисоллар шулар жумласидандир.
Мақоллар ўз ва кўчма маъноларга эга бўлиши билан яна ҳам диққатга сазовордир. “Ёмон хотин олгунча, бўйдоқ юрган яхшироқ”, “Қизи борнинг нози бор”, “Қуда бўлгунча, кўп синаш, қуда бўлгач, кўп сийлаш” каби мақоллар ўз маъносида қўлланади. Айрим мақоллар фақат кўчма маънода қўлланади. “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас”, “Эгрининг омочи ерга ботмас”, “Ўтин айирган болта майдонда қолар” каби мақоллар билан танишганимизда кўчма маъно яширинганини ҳис қиламиз. Бир қарашда “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас” мақоли ўз маъносида ҳам қўлланадигандек туйилади. Аммо бу ҳикматли сўзни ҳеч ким ўз маъносида деярли қўлламайди. Аслида, ҳаётда учраб турадиган турли миш-мишларнинг рост эканлигини таъкидлаш мақсадида бу мақолни эсга олиш одат тусига кирган. “Туҳматчининг омочи ерга ботмас” мақолида бир оз ғалати фикр илгари сурилгандек туйилади. Омочнинг ерга ботмаслиги билан туҳматчининг қандай алоқаси бўлиши мумкин, деган мулоҳаза пайдо бўлади. Аммо айнан шу ўринда “омоч” деганда, бевосита ер ҳайдашда фойдаланиладиган асбоб эмас, балки туҳматнинг натижаси назарда тутилади. “Ер” сўзи иймонли, ростгўй одамга нисбатан қўлланган. Яъни туҳматчининг туҳмати ростгўй ва покиза одамга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсата олмаслиги таъкидланмоқда. Бинобарин, мақол матни билан танишганда, ёки уни эшитганда, қандай мақсадни назарда тутиб қўлланганига эътибор беришимиз лозим. Акс ҳолда айтилган мақолнинг асл маъносини тушунмай қолишимиз мумкин.
Халқ оғзаки ижоди асарларини ўрганиш уларни ёзиб олишдан бошланади. Асарнинг ёзиб олиниши эса фольклоршунослик фанининг шаклланишидан дарак беради. Бу жиҳатдан қараганда, ўзбек фольклоршунослигидаги дастлабки ҳаракат ХI асрга тааллуқлидир. ХI асрда Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” асарига (1074) мақоллар, қўшиқлар, ривоят, афсона ва бошқа жанрга мансуб намуналарни киритди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, дала шароитида олим ёзиб олган ижод дурдоналарида бевосита бизнинг аждодларимиз ҳам иштирок этган. Маҳмуд Кошғарий оталар сўзини эсламоқ маъносида, аввалроқ айтганимиздек, “сав” атамасини келтиради. Кейинчалик Алишер Навоий мақолдан мисол келтиради ва “масал” атамасидан фойдаланади. Филология фанлари доктори, профессор Х.Г.Кўр-ўғли Сафавийлар даври (ХV-XVI аср)да туркий мақоллар тўплангани, аммо бу мажмуанинг йўқолгани ҳақида маълумот берган. Ўзбек тилидаги ҳикматли сўзлар тўпламини 1923 йилда “Ўзбекча оталар сўзи” (тўпловчи ва тузувчи Мулло Бекжон Раҳмон ўғли) деб номлашган бўлсалар, 1926 йилда “Ўзбек мақоллари” (тўпловчи ва тузувчи Шерали Рўзи) деб аташди. Шу пайтдан “мақол” атамаси жанр сифатида кенг ўрин олди, дейиш мумкин. Шундан кейин Б.Каримов, Ш.Ризо, Ў.Азимов, Ў.Холматов, Ҳ.Зариф, М.Афзалов, С.Иброҳимов, С.Худойберганов, Р.Жуманиёзов, М.Аҳмадбоева, Э.Сиддиқов, Т.Мирзаев, К.Имомов, Ғ.Жаҳонгиров, С.Қосимов, З.Ҳусаинова, Б.Саримсоқов, А.Мусақулов, М.Жўраев каби ўнлаб олим ва зиёлилар халқ мақолларини тўплаш ва ўрганишда фаол иштирок этдилар. Айниқса, 1987, 1988 йилларда икки жилддан иборат “Ўзбек халқ мақоллари” китобларининг нашр эттирилишини бу соҳадаги алоҳида воқеа сифатида таъкидлаш мумкин.
Халқ мақолларининг бадиий жиҳатдан мукаммаллиги таниқли олимлар ва шоир, ёзувчилар томонидан тан олинган. Бу жиҳатдан мақоллар сўз санъатининг олий намунаси сифатида баҳоланишга лойиқ. Ҳажм жиҳатдан кичиклиги, мазмунан сермаънолиги, мавзу жиҳатдан ҳаётийлиги мақолларнинг асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб яшашини таъминлаган омиллардир. Санъат асари қимматини белгиловчи энг талабчан синов вақт ҳисобланади. Айниқса, вақт синови талабига оғзаки асарнинг жавоб бериши ўта муҳимдир. Ҳар қанча ташвиқотларга қарамай шўро тузумида колхоз афзаллиги мақталган мақолларнинг умри қисқа бўлди. Шўро тузуми ҳақидаги мақтов достонлар ҳам яратилгани заҳоти эсдан чиқиб кетди. Ҳақиқий мақолларнинг шаклланиши узоқ даврни қамрайди, аммо бадиий мукаммал ва ҳаёт тажрибаси акс этган мақолнинг умри боқий бўлади. “Қонни қон билан ювиб бўлмас” мақолини Маҳмуд Кошғарий “Қаниғ қан билан жумас” тарзда келтирган. Бу мақол олим қаламига тушгунига қадар неча асрлар яшаганини фақат тахмин қилиш мумкин. Кўриниб турибдики, мақолларнинг бадиий мукаммаллиги уларнинг ҳаётийлигини, умрбоқийлигини изоҳлар экан. Айни чоқда бадиий гўзалликнинг бевосита сўз танлаш, тасвир воситаларидан унумли фойдаланиш жиҳатлари ҳам бор. Уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:
1. Қаршилантириш (тазод).
“Яхшидан боғ қолар, ёмондан доғ”.
Бу мақолда “яхши”, “ёмон”; “боғ”, “доғ” сўзлари қарама-қарши маъноларни билдиради ва шу билан бирга “боғ” – “доғ” сўзлари чиройли қофияни таъминлайди.
2. Товушдошлик (аллитерация, ассонанс).
“Бой бойга боқар, сув сойга оқар”.
Мақолда “Б”, “Й”, “Р”, “С” каби ундош товушлар аллитерация – ундош товушлар уйғунлигини, “О”, “А”лар эса ассонанс – унли товушлар ўхшашлигини кўрсатади ва мақол қимматини оширади.
3. Метафора – кўчим (истиора).
“Отнинг яғири тойга қолар”.
Бу мақолда “от” сўзидан қариндош-уруғчиликдаги катта авлод вакилининг рамзи сифатида фойдаланилган. Одатда маҳаллада бирор одамга баҳо бериш лозим бўлса, биринчи навбатда, у шахснинг ота-онаси эсга олинади. Катта авлод томонидан йўл қўйилган камчилик шу заҳоти фарзандга кўчирилади. Натижада, инсон ҳаёти давомидаги ҳар бир хатти-ҳаракат маҳалладошлар, қариндошлар томонидан назоратда экани англашилади. Мақол мазмунан ҳар бир инсон ёшидан қатъи назар келажакда ота, она бўлишни орзу қилса, кейинги авлодига “яғири”ни қолдирмаслиги керак, деган маъно англашилади ва катта, ёш авлод тарбиясининг муайян тўғри тизимда бўлиши учун асос тайёрланади. Мақолда истиора санъати етакчилик қилади.
“Эт билан тирноқни ажратиб бўлмас” мақолидаги “эт” ва “тирноқ” сўзлари қариндош-уруғ; ота-бола; ака-ука маъноларини билдиради. Бу мисолда синекдоха санъати ҳам бор. Яъни бутуннинг таркибий қисми орқали яхлит нарса ифодаланган.
4. Сифатлаш.
“Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”.
Мақолда инсонлар ўртасидаги муносабат фақат моддий нарса билан эмас, ширин муомала билан қадрланиши қайд қилинмоқда. “Буғдой нон”, “буғдой сўз” бирикмасида сифатлаш санъати қўлланган.
5. Жонлантириш (ташхис).
“Ўтин айирган болта майдонда қолар”.
Бу мақолда одамларни тоифаларга: пулли-пулсиз, амалли-амалсиз, фойдали-фойдасизга ажратиб муомала қилиш ўша шахснинг халқдан ажралиб қолишига сабаб бўлиши акс этган. Иккинчидан, бирор муаммони ҳал қилишда фаол иштирок этган одам, кўпинча, иш битганидан сўнг эсдан чиқиши ифоланган. Яъни ўтин ёрган болта иш битганидан сўнг ўша жойда қолишига қиёсланган.
Хуллас, мақоллар бадиияти уларнинг яратилиши устида авлод-авлод миллат вакилларимизнинг ижод қилиш савияси қанчалар юқори бўлганидан дарак беради.
Ёзма адабиёт вакиллари асарларида халқ мақоллари оғзаки ва ёзма адабиёт ижодий ҳамкорлигининг кўприги даражасида муҳимдир. Ҳар бир ижодкор мумтоз адабиёт даврида бўладими, ҳозирги замонда бўладими халқ вакили ҳисобланади. У иқтидорли шахс, аввало, ўзбекнинг тарбиясида вояга етади. Халқ билан бирга яшайди, миллат вакили менталитетини ўзлаштиради. Шу билан бирга ижодида асарларини ўқиётган оммага ўзининг халқ вакили эканини уқтирмоқчи ҳам бўлади. Бу мақсадни амалга оширишда мақол энг самарали омил сифатида хизмат қилади.
Ёзма адабиётда мақоллардан фойдаланишнинг уч кўриниши мавжуд:
1. Халқ мақоли айнан келтирилади.
Алишер Навоийдан Муқимийгача, Чўлпондан Ўткир Ҳошимовгача ўз асарларида фикрни ихчам ва тушунарли ифодалаш мақсадида мақол матнидан айнан фойдаланганлар.
“Масалдурким уйқу ўлимдир” (Алишер Навоий).
“Отнинг ўлими, итнинг байрами” (Абдулла Қаҳҳор).
2. Мақолдаги айрим сўзлар ўзгаради, маъно сақланади.
“Оталарда бир сўз бор, эшит оғажон,
Босган изидан қайтмас, ўлса ҳам арслон” (Ҳамза).
Бу мисраларда шоир “Арслон изидан қайтмас, йигит сўзидан” мақолидан ижодий фойдаланган.
3. Шоир бирор фикрни мақолдаги маънодан фойдаланиб ифолайди. Бир қарашда бу фикр мустақилдек кўринади. Фикр юритсак, адибнинг халқ мақолларидаги маънони ўзига хос бошқа сўзлар билан ифолаганини англаймиз. Масалан, Алишер Навоий ғазалларидан бирида “Ўлтурур маҳрамни султон, ганжи пинҳон айлагач”, - деган мисра бор. Унда хўжайин, султон, ҳоким хазинасини яширишни маҳрамига, яъни энг яқин хизматларини бажарувчи хизматкорига буюриши, хазина бирор ерга кўмилганидан сўнг ортиқча гувоҳдан қутулиш учун уни ўлдириши айтилган.
Эҳтимол, шоир замонасида айнан шундақ мақол бўлгандир. Аммо биз бу мақолнинг борлигидан бехабармиз. Лекин ундаги маъно бугунги кунда мавжуд ва биз аввалроқ эсга олган “Ўтин айирган болта майдонда қолар” ёки “Ишим битди, эшагим лойдан ўтди” каби мақоллар мазмунини ифодалайди.
Баъзан мумтоз шоирлар ғазалдаги байтларнинг ҳар бирида бирор мақолни мисол қилиб ҳам келтирган ҳоллар учрайди. Хусусан, ХIV-XV асрларда яшаган таниқли шоир Лутфийнинг қуйидаги ғазалига эътибор беринг:
Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,
Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.
Тутармен кўзки кўрсам оразингни,
Ки дерлар “Оққон ориққа оқар сув”.
Юзингни туттум ортуқ ойу кундин
“Кишининг кўзидур оре торозу”.
Кўзунг қонимдин иймонмас ажабдур,
Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду”.
Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат
Ки айтурлар: “Тилаганни тилогу”.
Бу ғазалда ажойиб сўз соҳиби мавлоно Лутфий ўзининг маъшуқасига бўлган кўнгил изҳорини сўз марваридларидан тизилган маржондек ифодалай олган. Ғазалнинг мазмуни гўзал ва мўъжаз достон маъносини беради:
Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,
Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.
Байтда ёрнинг қадди тик шамга ўхшатилмоқда. Шамнинг ёнаётган пиликдан пастки қисми қоронғи бўлади. Ёрнинг юзи ёнаётган шамга қиёсланмоқда. Унинг сочи шу қадар узунки, юзи ёруғ, пастки қисми қоронғи кўринади.
Тутармен кўзки кўрсам оразингни,
Ки дерлар “Оққон ориққа оқар сув”.
Шоир ўзини бир пайтлар сув оққан ариққа ўхшатади. У оққан ариққа сув оқишини кутиб умид қилмоқда: кўз тутиб ёрнинг висолига етмоқчи. Маъшуқанинг ошиқ ҳузурига келиши ошиқ учун қақраб ётган ариқдан яна сув оқишига тенглаштирилмоқда.
Юзингни туттум ортуқ ойу кундин
“Кишининг кўзидур оре торозу”.
Халқда одамнинг кўзини торозига ўхшатиш ҳақида мақол бор. Менинг кўзим тарозига ўхшагани учун бир палласида ой ва қуёш бўлса, иккинчи паллада маъшуқа. Маъшуқамнинг юзини ортиқ кўрганим учун тарози палласининг шу томони босиб турибди. Ой ва қуёш эса иккинчи паллага жойлашган ва маъшуқа гўзаллигига чидаш бермай осмонга учиб кетган.
Кўзунг қонимдин иймонмас ажабдур,
Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду”.
Мумтоз адабиётда маъшуқанинг кўзи ва холини қоралиги учун ҳиндга ўхшатиш анъанаси бор. Бу ўринда шоир ёрининг кўзини ҳиндга ўхшатмоқда. Ҳинд қондан қўрқади, деган тушунча бор. Аммо мен ажабланаманки, сенинг кўзинг ҳинд бўлса ҳам кўз ёшларимнинг қондек оқишидан қўрқмаяпти. Агар қўрққанида эди, раҳм қиларди, мен васлингга етар эдим ва кўз ёшларим тўхтар эди.
Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат
Ки айтурлар: “Тилаганни тилогу”.
Мазкур байт ғазалда ифодаланган ҳамма орзу-истакларнинг хулосаси ҳисобланади. Унда шоир ўз маъшуқасидан охирги марта мурувват, лутф қилишни сўрамоқда. Мен одамлар “Тилаган тилагига етади” деганларидек, сенга васлингга етиш учун илтижо қиламан ва агар одамларнинг гапида ҳақиқат бўлса, мақсадимга етаман, деб умид билдираман, демоқчи.
Маълум бўладики, бир жиҳатдан, мақоллар шоир маҳоратининг намоён бўлиши учун ажойиб воситага айланган. Иккинчи жиҳатдан, ғазал воситасида биз XIV-XV асрларда халқ орасида машҳур бўлган мақоллар матни билан танишиш имконига эга бўлмоқдамиз.
Айрим иқтидорли ёзувчилар бадиий асарларида қаҳрамон нутқида қўллаган мақол орқали уларнинг дунёқараши, феъли ҳақида китобхонда тасаввур ҳосил қилишга эришганлар. Мисол учун Абдулла Қодирий ўзининг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи нутқида “Зўри беҳуда миён меши- канад” (тожик мақоли: ортиқча зўриқсанг, белингни синдирасан), хизматкор аёл Тўйбека нутқида “Тенг тенги билан, тезак қопи билан” мақолини келтиради. Мақолларни қўллашданоқ Юсуфбек ҳожининг илмли, форс тилини билувчи зиёли экани, Мирзакарим қутидор хизматкорининг эса содда, илм кўрмаган, бор гапни лўнда ва аниқ айтишга ўрганган аёл экани сезилади. Хуллас, халқ мақоллари ёзма адабиёт вакиллари томонидан уларнинг иқтидорини намоён қилишга ёрдам берган. Фольклоршуносликда бундай фойдаланишлар фольклоризм деб юритилади.
Халқ мақоллари шакл ва мазмун жиҳатдан маталларга яқин жанр ҳисобланади. Маталлар ҳам ихчам матнга эга эканлиги билан мақолга ўхшайди. Матал, одатда, нотиқ нутқи таркибий қисмини ташкил этади, аммо мустақил қўлланганда тугал фикр англатмайди. Масалан, халқимизда “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан қилич қинидан чиқар” деган мақол бор. Агар мақолнинг ярим матнини “Фалончи илон инидан чиқадиган қилиб гапирди” тарзида қўлласак, биз матал айтган бўламиз ва “Фалончи яхши гапирди” маъносини билдирамиз. Чунки “илон инидан чиқадиган” сўз бирикмаси алоҳида айтилса, мустақил маъно англатмайди. Маълум бўладики, матал шахс нутқини гўзаллаштириш учун хизмат қилар экан, холос. Мақол эса маталдан мустақил маъно ифодалай олиш хусусияти билан фарқланади.
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL