Ўзбек маросим фольклори
ЎЗБЕК МАРОСИМ ФОЛЬКЛОРИ
“Инсонга сиҳат-саломатлик тилаш, унинг турмушида тўкин-сочинлик, кундалик ҳаётида омад келтириш ёки инсон ҳаётининг муҳим нуқталарини қайд этиш, нишонлаш мақсадида махсус ўтказиладиган, халқ орасида қатъий анъанага айланиб қолган хатти-ҳаракатлар маросим” – дейилади. Таниқли олим Баҳодир Саримсоқовнинг таърифидан маълум бўладики, маросим халқ орасида қатъий анъанага айланган тадбир ҳисобланар экан.
Инсон туғилганидан то ҳаётдан кўз юмгунига қадар ўнлаб маросимлар гувоҳига айланади. Гоҳида унинг марказий қаҳрамони, гоҳида иштирокчи, гоҳида оддий кузатувчи бўлади. Аммо маросимлар ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида ҳамиша ҳамроҳликда содир бўлаверади.
Маросим араб тилидаги “марсум” ((ﻤﺮﺴﻭﻡ сўзидан олинган бўлиб, 1 – чизилган; 2 – расм қилинган; 3 – одат бўлган маъноларини англатади. Муайян қоидалар асосида чизилган, миллат томонидан расм қилинган ва одат тусига кирган тадбирларни эса шартли равишда уч турга бўлиш мақсадга мувофиқдир.
1. Оилавий маросимлар. Улар, одатда, бирор шахс ёки оила аъзоси ҳаётидаги муҳим воқеалар муносабати билан амалга оширилади. Оилавий маросимлар иштирокчилари қариндошлар, қуда-андалар, дўстлар, таниш-билишлар, қўшнилар ва маҳалладошлар иштирокида ўтади.
2. Табиатда рўй берган ўзгаришлар, муайян одат, расм-русум билан алоқадор ва маълум даражада зарурат оқибатида ташкил қилинадиган маросимлар. Бундай маросимлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларида уюштирилади. Уларда бирор қишлоқ, маҳалла, туман аҳолиси қатнашади. “Шох мойлар”, “Суст хотин”, “Чой момо”, “Дарвишона” кабиларни шулар жумласига киритиш мумкин.
3. Умумхалқ байрамлари муносабати билан тантанали равишда ўтказиладиган маросимлар. Бундай маросимларга Мустақиллик байрами, Наврўз байрами, Ийди Рамазон, Ийди Қурбон, Ҳосил байрамлари нисбат берилади. Умумхалқ байрамлари бутун мамлакат миқёсида нишонланади. Ҳар бир оила бундай маросимларга ўзининг ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади.
Оилавий маросимлар. Халқ тажрибасидан ўтиб, анъанавий тус олган оилавий маросимлар, асосан, уч турдан иборат бўлади. Уларни тўй, мотам, бирор оила аъзоси ҳаётидаги муҳим воқеа (касалдан тузалиш, илмий даража олиш, ҳаж сафарини бажо келтириш ва бошқалар)нинг рўй бериши муносабати билан ўтказиладиган йиғинлар ташкил этади.
Одатда, янги оиланинг пайдо бўлиши никоҳ тўйлари билан бошланади. Қизни турмушга бериш ҳаракатини оиласига совчи келиш белгилаган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида “сав” сўзининг хабар бериш маъноси борлиги қайд этилган. Шу маълумотга асосланиб “совчи” миллий тилимиздаги энг қадимги сўзлардан эмасмикан, деган фикрга бориш мумкин. Чунки совчи бўлажак келин оиласига куёв ҳақида, унинг шу қизга уйланиш нияти борлиги ҳақида, куёвга эса келиннинг рози, рози эмаслиги ҳақида хабар берувчи элчи ҳисобланади. Тўй маросими ҳам тўй олиб келиш, индовчи юбориш, зиёфат бериш, ёр-ёр айтиш, тортишмачоқ, айрим вилоятларда кампир ўлди, қўл силатди каби қатор кичик саҳнали маросимлардан иборат бўлади. Аслини олганда, ҳар бир тўй келин ва куёв яшайдиган ҳудуд аҳолиси томонидан йиллар давомида ўйлаб топилган саҳна – сценарий асосида ўтказилади. Унинг иштирокчиси бошқа бўлади, холос. Яъни иқтисодий таъминланиш, эл-юртдаги ҳурмати, тўй харажатига муносабати тўйнинг уюштирилиш сифатини белгилайди. Тўй маросимларининг шартлари ҳаётнинг ўтиши билан ўзгариб туради. Масалан, узоқ қадимги замонлар куёв бўлмиш йигит уйланажак қизни жисмоний жиҳатдан енгиши лозим бўлган. Кейинчалик бу шарт қизга талаб чиқаётган йигитлар ўртасидаги курашга кўчган. Яна ҳам кейинроқ бу шартлар ҳам ўзгарган. Ҳар бир ҳаракатда сўз иштирокидаги удумлар бўлган. Ҳозир бу удумлар кўпроқ совчиларнинг сўзга усталиги билан келин тарафни кўндириш, куёв дўстларига сарполар бериш, қиз куёвникига келганида, янгаларнинг қизни куёв тарафга топшириш лавҳаларида сақланиб қолган. Айрим ҳудудларда ёр-ёр, келин салом одатларидан ташқари ўлан айтишади. Қизлар бир тараф, йигитлар бир тараф бўлиб, лирик мазмундаги тортишув ўтади. Масалан, Тошкент вилоятининг Ангрен туманида ўлан айтиш одатига алоҳида эътибор берилади. Республика ўлан айтиш танловининг доимий ўтказилиши эса бу жанр ривожига туртки бўлди, дейиш мумкин.
Йигит:
Ўйна туриб деганда, ўйна туриб,
Ўртанаман – куяман сени кўриб,
Ўртанганда – куйганда сени кўриб,
Эрмаклайсан – куласан, лабинг буриб.
Қиз:
Кийган тўнинг ярашган бўйгинангга,
Мен билмадим не сўз бор ўйгинангда,
Эрмакласам эрмаклай лабим буриб,
Индамасдан бориб ёт уйгинангга.
Тўй давомида келин гулхан атрофида айлантирилади. Бу удум пайти ёр-ёр айтиб турилади. Ёр-ёр тугагач, навбат келин саломга келади. Тошкент ва айрим бошқа ҳудудларда келин салом тўйнинг эртасига айтилади.
Оилавий маросимлар қаторидан ўрин олган яна бир тўй боланинг туғилиши билан боғланади ва бешик тўй деб юритилади. Одатда, бола туғилганидан кейин 7-21 кун орасида ақиқа маросими ўтказилади. Ундан кейин бешик тўйи қилинади. Бешик тўйи янги туғилган фарзанднинг биринчи бешикка беланиши билан бошланади. Бешик тўйида сурнай, доира ва бошқа томошалар кўрсатилади. Қулоқ чўзди ўйинлари ўтказилади. Ҳамма томошалар тугаганидан сўнг кўп фарзанд кўрган, пири бадавлат кайвони она болани мақтайдиган, унга яхши тилак тилайдиган қўшиқ айтади. Бешик жиҳозлари тайёр бўлганида, кайвони она болани “шундай белаймизми?” деб тескари ётқизади. Ҳамма хотинлар “йўқ, йўқ” – деб жавоб берадилар. Шу йўсинда бола бир неча марта бешикка нобоп ётқизилади ва “шундай белаймизми?” деб сўралади ва яна “йўқ, йўқ” жавоби олинади. Охири “Ҳа” билан бу маросим тугайди. Шундан сўнг болага оналик қилаётган аёл чақалоқни бешикка белаб туриб, қўшиқ айтади:
Қоч-қоч бабаси,
Келди бешикнинг эгаси.
Ота-онанг гапиришса,
Қичқиришса, яна қўрқма!
Қўшиқнинг давомида ит, мушук, эшак ва бошқа ҳайвонлар овоз чиқарса, қўрқмаслиги кераклиги айтилган. Бола беланиб бўлгандан сўнг бешик устидан сочқи сочилади ва исириқ тутатилади. Унинг айтими қуйидагича:
Исириқ, исириқ,
Чатнасин, исириқ,
Тутасин исириқ.
Боламга кўз тегмасин.
Ким қўзимга кўз қилса,
Кўзлари оқиб тушсин.
Шундан кейин бешикдаги бола махсус хонага олиб чиқилади, меҳмонларга ош тарқатилади, хотинлар турли матолар, кийимликлар билан чорланади.
Ўзбекларда эсда қоладиган тўйлардан бири хатна (суннат) тўйи ҳисобланади. Бу тўй хатна, суннат, чупрон, чукрон, қўлини ҳалоллаш каби номлар билан атаб келинган.
Тўй эгасининг қўли очиқлиги, кўпинча, шу тўйда аниқланган. Она тараф той ва куёв тарафни сарполар билан сийлаган. Ота тараф юртга ош берган, қариндош-уруғ ва танишларга дастурхон ёзган. Чорва билан шуғулланадиган ҳудудларда, албатта, кўпкари, улоқ уюштирилган. Қадимги анъаналарга кўра, Хоразмда “Олтин қовоқ”, Андижон, Фарғонада “Қулоқ чўзма”, Тошкентда “Бола маст”лар ўтказилган. Масалан, Тошкентдаги одатга кўра тўй болага зарар қилмайдиган турли ичимликлар берилиб маст ҳолатга келтиришган. Шундан сўнг бола, тоғаси, амакиси ёки қўшни йигитлардан бирининг елкасига опичилган. Зиёфат тўйхонадан маълум масофада уюштирилган. Белгиланган вақтга болани уйга етказишдан аввал хонадонма-хонадон кириб чиқилган. Бу пайтда мана шундай қўшиқ айтилган:
Масжид бўлса, мадраса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.
Бир одил пошшо бўлса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.
Ҳар ким севганин олса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.
Профессор Б.Саримсоқовнинг ёзишича: “Чорқарсак хатна тўйининг энг қизиқ ва ҳал қилувчи нуқтаси саналади. Тўй иштирокчилари катта доира шаклида турадилар. Ички қатордагилар тиз чўкишиб туришади. Ўртага бир ёки икки йигит тушиб чалинаётган қарсак ритми асосида чорқарсакнинг биринчи (чақириқ) бўлими “Яллама ёрим” қўшиғига ўйнашади.”
Қўшиқ матни:
Бундан бордим, ётибсиз,
Пар ёстиққа ботибсиз.
Пар ёстиқни кўтарсам,
Гулдай тоза ётибсиз.
Нақарот:
Яллама ёрим, яллола,
Яллолашайлик, яллолашайлик.
Тўртта-бешта бир бўлиб,
Ҳасратлашайлик.
Ҳасрат боғингдан,
Қуралай кўзингдан.
Ўлдира берсанг, куйдира бер,
Шаккар сўзингдан.
Ўзбекистонимизнинг вилоят, туманлари кўп. Ҳар бир ҳудуд тўй маросимларини ўтказишда ўз удумларига эга. Шунинг учун уйланиш, қиз узатиш, бешик, хатна тўйларида умумий миллий одатлар асос бўлса-да, улардаги кичик, жузъий тадбирларда бир қатор фарқларнинг кузатилиши табиийдир.
Халқ маросимлари қаторидаги мотамлар энг қадимийларидан ҳисобланади. Яратилганига қарийб 3000 йил бўлган “Авесто”да ҳам вафот этган одамни дафн қилиш бўйича маълумотлар бор. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида эса мотам маросимида айтиладиган қўшиқ – марсиялардан мисоллар келтирилган.
Ўзбек мотам маросимлари жуда кўп турли ҳажмда ўтказиладиган йиғинлардан иборат. Уч, етти, йигирма, қирқ кунликлар; қор ёғди, гул, шир оши, қовоқ каби мовлиятлар шулар жумласидандир.
Марсияларда ҳаётдан кўз юмган одамнинг ҳаётлигидаги фазилатлари, унинг меҳрибонлиги, иймонли эканлиги эсга олинади:
Баланд тоғлар паст бўлдими, вой отам,
Ўлганингиз рост бўлдими, вой отам.
Шамол келмай ўчди чироғим, вой отам,
Куз келмай хазон бўлди боғим, вой отам.
Шу тарзда ота, она, бола, ака, ука, умуман, қариндош номлари тилга олинади. Амаки, тоға, хола, аммалар ҳам ота, она номи билан аталаверади. Бундай қўшиқлар марсия дейилади. “Марсия” араб тилидан олинган бўлиб (ﻤﺮﺛﻴﺔ), “мотам шеъри” маъносини англатади. Халқ орасида марсияни “айтиб йиғлаш” деб ҳам аташган. Завқийнинг “Юзингни кўрсатиб” сўзлари билан бошланадиган мухаммасида: “Сани дарди фироқинг айтиб-айтиб йиғлай ўлгунча” мисрасида ҳам айтиб йиғлаш маъноси йўқ эмас. Одатда, мотам маросими ҳаётдан кўз юмган шахс вафотига йиллик маъракалар ўтказиш билан якунланган.
Мавсумий маросим фольклори
Ўзбек халқи қадим замонлардан деҳқончилик, боғбонлик, чорвачилик билан шуғулланган. Деҳқончилик ҳам, чорвачилик ҳам мутлақ табиат муруввати ва инжиқликлари билан боғлиқдир. Эрта баҳордан кеч кузгача деҳқон далада меҳнат қилади. Қишда эса ерга иложи борича кўпроқ нам сингдириш чораларини кўради. Чорвадор эса йил давомида чорвани семиртириш, кўпайтириш билан банд бўлади. Бинобарин, йил фаслларининг қулай келиши деҳқон хирмонига хирмон қўшади, чорвадор меҳнати самарасини рўёбга чиқаради. Шунинг учун оталар ва момолар ёмғир чақириш, ёмғир тўхтатиш, шамол чақириш ва тўхтатиш тажрибасини ипидан игнасигача кейинги авлодга мерос қилиб қолдиришга одатланган. Натижада, ўнлаб маросимлар кашф этилган. Маросимлар эса, албатта, сўзнинг сирли таъсири билан яшаган, амалга оширилган.
Профессор Маматқул Жўраевнинг “Ўзбек мавсумий маросим фольклори” китобини ўқиган китобхон ўзбекларда йилнинг 365 кунидаги деярли ҳар бир кун деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик касби бўйича ўзининг махсус номи, маросим билан боғлиқ жиҳатлари борлигига ишонч ҳосил қилади.
Ўзбек мавсумий маросим фольклори йил фаслларида ўтказиладиган маросимлардан иборат. Баҳорги мавсум маросимлари лой тутиш, шох мойлаш, Наврўз, ёмғир чақириш, дарвишона; ёзги маросимлар чой момо; кузги маросимлар шамол чақириш; қишки маросимлар яс-юсунлардан иборатдир. Юқорида қайд этилганлардан ташқари ёзги тўқсон, чилла, қишки тўқсон, чилла, аямажуз, ҳут-ют деб номланадиган ўнлаб удумли муддатлар ҳам маълум даражада маросим қўринишларига эга.
Масалан, лой тутиш маросимида муайян ҳудудда яшайдиган аҳоли ариқларни тозалаш, далага сув чиқаришни осонлаштириш учун ҳашарга чиқади. Хотиралардан бирида бахши Бўра Аҳмедов Шеробод туманида шундай маросим ўтказилаётганда, ҳашарчилар ёнидан ўтиб қолган. Унга лой тутишган. Шунда бахши:
Ҳожакам ҳажга кетди,
Билмадим кужо кетди.
Ўн икки жумуртқадан
Қирқ саккиз жўжа кетди
топишмоғини айтган. Ишлаётганлар бир йил, ўн икки ой, қирқ саккиз меҳнат ҳафтаси яширинган топишмоқни топа олмаганлар ва бахши ариқ тозалаш ишидан озод қолган. Шох мойлар маросими баҳорда қўш чиқариш билан боғлиқ бўлган. Деҳқонлар йил давомида экин-тикин мўл-ҳосил беришига умид қилиб биринчи қўш ҳайдайдиган ҳўкиз шохига зиғир мойи сурганлар. Маросимда деҳқончилик пири – бободеҳқондан мўл ҳосил бўлишини тилаб ният қилишган.
Ёмғир чақириш маросими, асосан, баҳорда ёмғир ёғмаган йилларда ўтказилган. Қадимда муқаддас Яда тоши бўлган экан. Мана шу тош ёрдамида ёмғир чақиришган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” асарида шахсан ўзи ёз кунларида ёнғин бўлганда, бу тош мўъжизаси билан ёмғир чақирилиб, ёнғин ўчирилганига гувоҳ бўлганини ёзади. Кейинчалик ёмғир чақириладиган ҳудудларда “Суст хотин” маросими ўтказилган. Бу маросим бир жойда аёллар, бир жойда эркаклар иштирокида ўтказилган:
Суст хотин – султон хотин,
Кўланкаси майдон хотин.
Сув хотин – сувсиз хотин,
Кўйлаклари бўз хотин.
Ҳосиллар мўл бўлсин, сув хотин,
Деҳқоннинг уйи тўлсин, сув хотин.
Каззобнинг уйи куйсин, сув хотин,
Сув хотин – сувсиз хотин.
Юқорида келтирилган матнга ўхшаган қўшиқлар ёрдамида кичик ҳудудларда ёмғир чақириб лалми ерларда экилган буғдойларнинг униш ва ўсиши учун имкон яратишга уринилган.
Ёзги маросимлардан бири “Чой момо” бўлган. “Чой момо” бемаҳал кўтарилган шамолни тўхтатиш мақсадида ўтказилган. Б.Саримсоқов бу маросимнинг Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар орасида ўтказилгани ҳақида ёзади. 2009 йил Қашқадарё вилоятидаги Қозоқ қишлоғида ўтказилган экспедиция давомида бу ерлик қариялар “Чой момо” маросимини эшитганликлари ҳақида маълумот топдик. Аммо бу янгиликни айтган қарияларимиз маросим тафсилотларини эслай олмадилар. Маросимда қуйидаги матнли қўшиқ куйланган:
Чой момо, чой момо,
Чой момоси ўлибди.
Ўғли етим қолибди.
Боса-боса беринглар,
Босилиб қолсин бу шамол.
Уча-уча беринглар,
Училиб қолсин қув шамол.
Обло-ҳу, Обло-ҳу...
Б.Саримсоқовнинг маълумотига кўра, Сайрам атрофларида маросимни, асосан, кекса аёллар бошлаганлар. Иккита кампир эски уст-бош кийиб, юзларига қоракуя суртиб, қўлларига ҳасса олиб, биттадан калтакни ёғоч от қилиб миниб, “Чой момо” қўшиғини айтишиб, қишлоқ кўчалари бўйлаб юришади. Уларнинг ортидан бошларига қизил шолча ёпинган бешта бўйи етган қизлар қўшиққа жўр бўлиб боришади. Улардан кейинда эса етти-саккиз ёшлардаги бола эшакка миниб олиб, хонадонлардан берилган хайр-садақаларни хуржунга солиб юради. Эшакда ўқлоқ, кели сопи ва супурги қўшиб боғланган бўлади. Шу тариқа иштирокчилар қишлоқдаги барча кўчаларни айланиб қўшиқ айтишади .
Кузги маросимларда шамол чақириш одати бор. Агар ёз фаслида етилган буғдойни ерга эгиб қўймасин учун шамол тўхтатилган бўлса, кузда донли экинларни шопириш учун шамол чақирилган:
Ҳайдар, ота-онанг ўлибдир,
Моли сенга қолибдир.
Боланг сувга оқибдир,
Шамолингни қўйвор.
Бу тўртликдаги Ҳайдар Ҳазрати Алининг номларидан бири деб белгиланган.
Қиш фаслида Яс-юсун маросимлари ўтказилган. Унда маҳалладаги йигитлар ёки улфатлар йиғилишиб, қимизхўрлик, бўзахўрлик уюштирганлар. Маросимда бўза ичиш, даврада ўтириш, даврадан туриб кетиш, жўра боши (маросим бийи) буйруғини сўзсиз бажариш қоидаларига риоя қилинган. Маросимда қимизни ёки бўзани косагул косага қуйиб тўрт мисрали қўшиқ айтган:
Алёр бўлсин-ай,
Хўжам ёр бўлсин-ай.
Хўжам берган бу давлатга
Душман зор бўлсин-ай.
Қўшиққа коса олган иштирокчи жавоб қайтарган:
Ойга ўхшайдир юзинг,
Чўлпонга ўхшайдир кўзинг.
Шунча ҳам яхши бўлурми,
Халқ ичида юлдузинг.
Ўзбек халқи ҳаёти билан яқиндан танишган одам мавсумий маросимларнинг жуда кўп кўринишларига эга эканига гувоҳ бўлади. Мавсумий маросимлар халқ ҳаётининг таркибий қисмини ташкил қилиб, асрлар давомида ўзбекларда кўнгил очиш, табиатга умид билан қараш, яхшиликка интилиш ниятининг бадиий ифодаси бўлиб келган.
Байрам маросимлари
Ўзбек халқининг байрам маросимлари ҳам кўп. Уларда Ўзбекистонда яшовчи бутун аҳоли иштирок этади. Хусусан, умумхалқ байрамларининг энг азизи Мустақиллик байрамидир. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинди. 1 сентябрь Мустақиллик куни деб белгиланди. 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили бутун Ўзбекистон мустақил юрт сифатида ўзининг озодликка эришганини нишонлаб келмоқда. Мамлакатнинг пойтахти Тошкентда, Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда, ҳамма вилоятлар марказларида, туманлар марказларида катта тантаналар уюштирилди. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бутун ўзбек халқига, Ўзбекистонда яшовчи ҳамма миллат вакилларига қарата нутқ сўзлайди. Юртимиздаги бошқа ҳудудларда ҳам маҳаллий раҳбарлар Ўзбекистон мустақиллиги шарафига нутқ сўзлайдилар. Катта байрам концерти уюштирилади. Бу концертларда халқ қўшиқлари, расм-русумлари, достонлардан парчалар, аскиялар, халқ рақслари, амалий санъат намуналари намойиш этилади. Кузги экинлар сайиллари ўтказилади. Ўзбекистон Миллий боғидаги тантаналар телевидение орқали бутун дунёга маълум қилинади.
Ўзбек халқининг энг қадимги байрамларидан бири Наврўз ҳисобланади. Наврўз – янги кун маъносини ифодалайди. Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз байрами Жамшиднинг тахтга ўтирган кунидан бошлаб нишонлангани ҳақида маълумот беради. Баҳорги кун ва туннинг тенг келиш кунини 3-4 минг йил олдин кашф қилиш, 21 мартни янги йил байрами сифатида тантанали нишонлашнинг ўзи юртмизда илм тараққиёти қанчалар ривожлангани ҳақида маълумот беради. Қуёшнинг ҳамал буржига киришини аниқ белгилаш астрономия фани кашфиёти ҳисобланади. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асарларида байрамни ўтказиш тарихи, одатлари ҳақида тафсилотлар бор. Масалан, Умар Хайём Наврўз куни бош коҳин подшоҳ олдига май тўла олтин жом, узук, дирҳам, динор, арпа ниҳоли, қилич, ўқ-ёй, довот ва қаламдан иборат совға олиб келишини ва табриклар изҳор қилишини ёзади .
Наврўз куни, шу кун атрофида одамлар кўк сомса, кўк чучвара, кўк варақи - сомса, сумалак ва бошқа турли таомлар тайёрлаганлар. Тошкентда ҳалим пишириш одати бўлган. Наврўзда махсус халқ қўшиқларини айтиш расм ҳисобланган. Улардан жарчилар қўшиғи, Наврўз келди, ёз келди, Наврўз ўланлари машҳур эди. Хусусан, “Наврўз олқиши”да шундай дейилган:
Эски йил кетди,
Янги йил келди.
Дошқозонлар тизилсин,
Сумалаклар сузилсин.
Буғдойлар пишиб чош бўлсин,
Еганимиз ош бўлсин.
Сумалак пиширишда эса бошқача қўшиқ айтилган:
Баҳорнинг сен элчиси
Яхшиликнинг белгиси,
Наврўзнинг сен синглиси,
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакка йиғилар,
Катта-кичик, ҳамма ҳам,
Пишиб чиқса, тотисанг,
Кўнгиллар қувнар бирам.
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакжон, сумалак.
Муҳаммад Ризо Огаҳий ўзининг лирик ижодида Наврўз байрами ҳақида диққатга лойиқ маълумотлар беради. Хусусан, шоир Наврўз куни тақдир оғир синовдан ўтказаётган, бетоб, ғариб одамларни зиёрат қилиш савобли эканини таъкидлаган. Навоий ва Огаҳий анъанаси кейинчалик Муқимий, Фурқат, Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон ижодида давом эттирилди. Собиқ шўро тузумида Наврўз байрамига қайта-қайта ҳужумлар уюштирилган. Ҳаракатнинг энг оғир пайти 1986 йилга тўғри келди. Бу йили Наврўз байрами нишонланмаган. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви Наврўзга бўлган муносабатда аниқ кўринади. 1990 йилда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Наврўз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди. Шундан буён Наврўз байрами ўзбек халқининг орзиқиб кутадиган шодиёнасига айланди.
Умумхалқ байрамлари қаторидан муносиб ўрин олганлари сифатида Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрамларини ҳам кўрсатиш мумкин. Юртимиз мустақил бўлганидан бери ислом дини билан боғлиқ бу икки байрам алоҳида нишонлана бошланди. Ҳар йили рамазон ойида ислом динига эътиқод қилувчилар 30 кун давомида рўза тутишади. Оғиз очар пайти бўлганидан сўнг 30 кун ёш болалар рамазон айтишади. Қадим замонларда рамазон айтиш ўспирин йигитлар зиммасида бўлган. Қишлоқ ё шаҳар кўчасининг ўртасида яккахон қўшиқчи атрофида 5-6 та дўстлари билан рамазон айтган. Давранинг икки чеккасида хуржун – халта билан икки йигит эшик олдига бориб даврага қайтган. Хонадон эгалари рамазончиларга ҳадя – эҳсонлар чиқариб беришган. Марғилон шаҳридаги қарияларнинг эслашича, бу маросимлар ўз вақтида жуда файзли ва орзиқиб кутилган дақиқалардан иборат бўлган экан:
Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.
Рамазон ё рамазон, май рамазон,
Муҳаммад умматига май рамазон.
Маккада бир ёғоч бор, боши қора,
Худойим ўғил берсин, қоши қора.
Рамазон ё рамазон, май рамазон,
Муҳаммад умматига май рамазон.
Одатда, рамазон ойи рамазон ҳайити билан якунланган. Аммо йил давомида рамазон айтувчилар ҳам бўлган. Тошкент вилояти Ангрен туманида яшаган марҳум Олтивой ота йил – ўн икки ой отда қишлоқма-қишлоқ рамазон айтган. Ҳар хил яхши ният қилган одамлар унга совға-саломлар берганлар. Ота эҳсончига битта нон бериб, дуо қилиб кетаверган, рамазонни айтаверган.
Хуллас, ислом динимиз билан боғлиқ умумхалқ байрами йилига икки марта: Рамазон ва Қурбон ҳайити сифатида нишонланган. Бу даврда қурби етган одамлар иқтисодий қийналган юртдошларига закот, фитр эҳсонларини беришган.
Шундай қилиб, ўзбек халқи қадим замонлардан ўз ҳаёти давомида турли маросимлар ўтказган ва бу маросимларда Яратган Тангридан яхши орзу-истакларнинг рўёбга чиқишини сўраган. Маросимлар халқ ҳаётининг таркибий қисми сифатида миллий урф-одатлар каби қадрланган.
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL