Ўзбекистон ҳақидаги ҳужжатли фильм 180 миллиондан зиёд телетомошабин эътиборига ҳавола этилди (видео)
18-октабрь, шанба куни “Россия 1” телеканалида “Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” номли ҳужжатли филм премераси бўлиб ўтди. Фильм Ўзбекистоннинг қадимги тарихи, унинг ёдгорликлари ва шу ерда яшаб, ижод қилган буюк шахслари ҳақида ҳикоя қилади, деб хабар бермоқда 12news.uz.
Фильм бош продюсер Саида Медведева раҳбарлигидаги “Мастерская” кинокомпаниясининг ижодий гуруҳи томонидан яратилган. Ижодий изланиш йўналиши Тошкентдан бошланиб, Самарқанд, Бухоро ва Хива томон давом этган.
Қадимги кўчаларда россиялик режиссёрларга Ўзбекистон электрон ОАВлари Миллий ассоциацияси аъзолари ҳамроҳлик қилган.
Суратга олиш гуруҳи миллий мато ҳисобланган шойининг салқинлиги, машҳур Самарқанд қоғозининг умрбоқийлиги, паловнинг бетакрор таъми ҳамда ўзбек нонларининг ёқимли ҳиди билан боғлиқ бир неча асрлик сирларни билиб олишга муваффақ бўлди.
“Қачонлардир бу ердан Европа ва Осиёни боғлаган Буюк ипак йўли ўтган. Бу ерда Ибн Сино, Беруний ва Улуғбек сингари буюк олимлар, Алишер Навоийдек шоир, Хўжа Насриддин сингари файласуфлар туғилган. Бугун ҳам минг йиллар аввалгидек саҳро ўртасида гуллаётган ўлка, замонавий Ўзбекистон ўз тарихини фахр билан ёдга олиб, келажакка катта ишонч билан қарайди”, — дея дубляж устаси Сергей Чонишвилли фильмга овоз берган.
Мазкур ҳужжатли фильмда ўрта асрлар Шарқининг машҳур олим ва файласуфлари қолдирган ижодий меросининг ҳозирги замон сивилизацияси тарихида тутган роли ва ўрнини ёритишга алоҳида урғу берилган.
Шу билан биргаликда муаллифлар бугунги кунда Ўзбекистонда ўз билим ва истеъдодига эга янги авлод шаклланаётгани, уларга бу ерда алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланаётгани ҳамда имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
Режиссёр Маргарита Куклина сўзларига кўра, ижодий гуруҳнинг иши алоҳида эътиборга молик фактлар, қизиқарли учрашувлар, ҳикоя ва афсоналар билан бойитилган.
“Ўзбекистон — ажойиб мамлакат. Бизда одамларнинг муносабати ва меҳрибонлиги, ўлкадаги атмосфера ўзгача тасаввур уйғотди. Биз ўзимизнинг барча илиқ туйғуларимизни мана шу фильм орқали билдирмоқчимиз”, — деди режиссёр.
“Ўзбекистон. Қумликлар марвариди”ни томоша қилган Facebook фойдаланувчилари мазкур ҳужжатли фильмга ижобий баҳо берган. Умуман олганда, видео, матн, берилган овоз — барчаси томошабинларга маъқул келган.
Шу билан биргаликда, фойдаланувчилар фильмнинг айрим камчиликларини ҳам санаб ўтган. “Македониялик Александр ҳақида маълумот берилганда, 327-йил деб айтилди. Бу воқеа милоддан аввал содир бўлганини қайд этиш ёдларидан кўтарилган”, — деб ёзди фойдаланувчилардан бири.
Кўрилди 1323
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL