Самарқанд – жаҳон сайёҳлик маркази
Самарқанд шаҳрида 1-3 октябрь кунлари БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтади. Шу муносабат билан мазкур халқаро анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. “Ўзбектуризм” миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими бошқарувчиси Илҳом Сувонов тадбирга тайёргарлик жараёнлари ҳамда вилоятда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Дунёда сайёҳлик салоҳияти юқори ва жадал ривожланаётган давлатлар кўп эмас. Чунки мазкур соҳа фаолиятини йўлга қўйиб, сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш, уларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш осон эмас. Бунинг бир қатор талаблари, халқаро стандартлар бор. Аввало, мамлакатда тинчлик-осойишталик таъминлангани, ҳудуднинг табиий иқлим шароити, тарихий-маданий обидалару бутун инсониятнинг бойлиги бўлган осори-атиқалар, қадрият ва анъаналарнинг мавжудлиги каби жиҳатлар эътиборга олинади. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сайёҳлигининг йирик марказларидан бирига айланиб, дунёда юртимизга қизиқиш тобора ортиб бораётгани бежиз эмас. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Бундай бой маданий мерос Самарқандда жуда кўп. 2001 йилда Самарқанд шаҳри ва унинг ҳудудидаги кўплаб маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Яқинда Самарқанд жаҳондаги бориб кўриш шарт бўлган элликта шаҳар қаторида қайд этилди.
Бу эътироф Президентимиз раҳнамолигида аждодларимиздан мерос тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод этиш, туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Бу масалага мустақилликнинг дастлабки йилларидан алоҳида эътибор қаратилди. Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилди ва кичик меҳмонхоналар, сайёҳлик фирмалари ташкил этилди. Бундан йигирма йил олдин Самарқандда бармоқ билан санарли меҳмонхона ва сайёҳлик фирмалари фаолият кўрсатган бўлса, бугун вилоятда тўқсонга яқин меҳмонхона, олтмишдан ортиқ сайёҳлик фирмалари мавжуд. Улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар салмоғи ва сифати йил сайин ошиб бормоқда. Жорий йил бошидан буён юз мингга яқин хорижлик ва эллик мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатилди. Ўндан зиёд сайёҳлик фирмалари ички туризм билан шуғулланиб, юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этмоқда.
Вилоятда туризмни ривожлантиришнинг 2016 йилгача бўлган ҳудудий манзилли дастури ишлаб чиқилди. Дастурда вилоятда туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш, фойдаланилмаётган янги туристик имкониятларни ишга солиш бўйича вазифалар белгиланган. Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу асосда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, миллий ва замонавий ресторан ва чойхоналар, турли кўнгилочар масканлар қурилмоқда. Туристик салоҳияти катта бўлган Ургут, Самарқанд, Жомбой, Пахтачи ва бошқа туманларда янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда. Шу мақсадда Ургут туманидаги Юқори чинор зиёратгоҳи, Тахтиқорача довони атрофи ва Мингарча дам олиш маскани, Самарқанд туманининг Оҳалик ва Миронкўл қишлоқлари ҳудуди, Нуробод туманининг Оқсой қишлоғидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ва Нурбулоқ қишлоғидаги “Нурбулоқ” санаторийси атрофи, Жомбой туманидаги “Зарафшон” қўриқхонаси, Пахтачи туманидаги Добусия қалъаси атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу масканларда сайёҳлик учун замонавий инфратузилма яратилмоқда.
Яратилаётган имтиёз ва имкониятлар самарасида сайёҳлик фирмаларимиз чет элдан туристик классдаги ўндан зиёд замонавий автобус харид қилди. Бу сайёҳларга юқори даражада транспорт хизмати кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.
Дастурга кўра, сайёҳлик мавсумидан ташқари вақтда ҳам вилоятга туристларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида “Самарқанд нонлари”, “Самарқанд ҳунармандлари”, “Миллий таомлар” ва “Шарқ ширинликлари” кўргазмалари, миллий фольклор гуруҳлари фестивалларини доимий равишда ўтказиш йўлга қўйилган. Регистон мажмуасидаги Тиллакори мадрасасида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармасининг доимий ишлайдиган халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Туристлар кўпроқ келадиган тарихий обидалар ва бошқа объектларда маълумотлар жойлаштирилган стендлар, Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида туристик-экскурсион харита ўрнатилди. 2015 йилдан бошлаб вилоятдаги барча сайёҳлик объектларида шундай стендлар ва сайёҳлик йўл кўрсаткичлари ҳамда Самарқанд вилоятининг туристик-экскурсион харитаси ўрнатилиши кўзда тутилган.
Туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида соҳа учун кадрлар тайёрлаш бўйича вилоятдаги сайёҳлик фирма ва компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти мазкур ташкилотларда ўтказилмоқда. “Ўзбектуризм” миллий компанияси ўқув консалтинг маркази ва вилоят музейлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган гидлар тайёрлаш марказида ҳам соҳа учун малакали экскурсовод кадрлар тайёрланмоқда.
Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Халқаро анжуман қатнашчиларини кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, вилоят бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш, транспорт хизмати кўрсатиш каби йўналишлар бўйича барча ташкилий ишлар қилинмоқда. Сессия ўтадиган “Форумлар мажмуаси”да барча заллар, хоналар тайёрланди.
Қисқача айтганда, халқаро анжуманни юксак даражада ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилган.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Кўрилди 1548
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL