Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юксалмоқда
Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўз ишини бошлади.
Ушбу халқаро форумда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари, АҚШ, Франция, Испания, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Миср, Туркия, Индонезия каби ўнлаб мамлакатлардан мутахассислар, халқаро туризм ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этмоқда.
ЎзА мухбирлари халқаро анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.
Ален Пеле, “Нантер-ля-Дефанс” университети профессори, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти юридик маслаҳатчиси (Франция):
– Самарқанднинг гўзаллиги ва ободлигини кўриб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юксак даражада ривожланганига гувоҳ бўлдик.
Ўзбекистонга Франциядан ҳар йили кўплаб сайёҳлар келади. Улар Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларингизни кўришга, ранг-баранг табиатингизни томоша қилишга ҳавасманд.
Ташриф доирасида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицейда бўлиб, бу ерда ёшларнинг пухта таълим олиши учун яратилган имкониятлар билан танишдик. Ёшларнинг юксак интеллектуал салоҳияти, хорижий тилларда бийрон сўзлашиши бизда катта таассурот қолдирди.
Жоржина Татьяна Висинтин, Аргентина сайёҳлик вазири ёрдамчиси:
– Ўзбекистон жуда гўзал, обод ва замонавий мамлакат эканлигига гувоҳ бўлдим. Бу ердаги кенг ва озода кўчалар, ширинсухан инсонлар кўнглимдан чуқур жой олди. Мамлакатингизда туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини юксалтиришга қаратилаётган улкан эътибор диққатга сазовор.
Ўзбекистонда шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик, маданият соҳаларини тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман, лекин ўзбек халқидек меҳмондўст, дастурхони доимо очиқ элни кўрмаганман.
Анжуман баҳонасида Самарқандни кўришга муяссар бўлганимдан ғоят хурсандман. Самарқандни “Шарқ гавҳари” деганларича бор экан. Бу ерда ўтмиш билан бугунги кун ёнма-ён яшамоқда. Шаҳардаги қадимий обидалар, замонавий иншоотлар бир-бири билан уйғунлашиб гўзал манзара касб этган.
Нобуе Шиндо, “Intourist” компанияси раҳбари (Япония):
– Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини юксалтириш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бу ишларнинг қамрови тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Сайёҳларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, саёҳатларни ташкил этиш ишлари юксак даражада бажарилмоқда.
Ўзбекистон билан Япония ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Японияликлар орасида Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлганлар кўп. Боиси Ўзбекистон кишини ҳайратга соладиган тарихий обидаларга, ҳар қандай сайёҳнинг талаб ва истакларига жавоб берадиган юксак сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларига эга.
Мамлакатингизда транспорт коммуникациялари тизими яхши йўлга қўйилгани сайёҳларга ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Буни “Афросиёб” электропоезди мисолида яққол кўриш мумкин.
Новиенди Макалам, Индонезия Туризм ва иқтисодиёт вазирлигининг халқаро алоқалар департаменти директори:
– Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда юқори экани барчага маълум. Кўп йиллардан буён мамлакатингизни, қадимий ва замонавий шаҳарларингизни кўришни орзу қилардим. Ниятимга етганимдан ғоят хурсандман. Юртингизда туризм соҳасини изчил ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самаралари ҳар қадамда сезилмоқда. Бутун дунёда бундай обод масканларни кўриш, тинч-хотиржам дам олишни истовчилар кўплигига шубҳа йўқ.
БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг сессияси Ўзбекистоннинг оламга донг таратган гўзал ва бетакрор шаҳри – Самарқандда ўтказилишидан жуда хурсандмиз. Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган сайёҳлик саноатининг янада тараққий этишига хизмат қилади.
Прем Аҳлувалиа, Тинч океани минтақаси ёзувчилари саёҳати уюшмаси вакили, Жанубий Осиё мамлакатлари хотин-қизлари институти директори (Ҳиндистон):
– Ўзбекистонга саёҳатим жуда мазмунли ўтмоқда. Ўзбекистон ва унинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида кўп эшитганман ва ўқиганман. Юртингизга келиб, бу ердаги очиқкўнгил ва меҳмондўст одамлар билан суҳбатлашиб, қалбим қувончга тўлди. Ўзбекистонда сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун барча қулайликлар мавжуд.
Сайёҳликнинг тарихий ва маданий йўналишларини хуш кўраман. Шу боис дунёга машҳур Самарқанд ва Бухорони, у ердаги бебаҳо меъморий обидаларни кўриш, урф-одат ва анъаналарингиз билан танишиш имконига эга бўлаётганимдан қувончим чексиз.
Кўрилди 1478
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL