uz en ru

Тавсифлар

«Kasaba sayr» ШК билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Kasaba sayr» ШК ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи

"Каsaba sayr" шўъба корхонаси ёрдами билан 18-21 май кунлари "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиалида самарали фаолият юритаётган 27 нафар ишчи-ходимларимиз учун афсонавий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳатни ташкиллаштиришда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Жамоамиз номидан "Kasaba sayr" ШКга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда алоҳида, Т.Хидировга, Илхомжонга, Хива шахрида бизни кутиб олишдан-жўнатишгача ёнма-ён юриб, ташкилий ишларни елиб-югуриб бажарган Раззакова Дилдорахонга, гид қизимиз Усманова Назокатхонга, "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларига каттадан-катта рахматлар айтиб қоламиз. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг туристик компаниямиз билан ҳамкорликда Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этамиз деган умидда, ишларига ривож тилаймиз.

Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси

ZO'R MA'LUMOTLAR, HAMMASI QIZIQARLI RAHMAT KATTAKON

JUMAGUL

Янгиликларга Обуна

Информерлар

Система Orphus

Самарқандда жаҳон сайёҳлик форуми

Бош сахифа - Янгиликлар - Самарқандда жаҳон сайёҳлик форуми

Самарқандда жаҳон сайёҳлик форумиСамарқанд шаҳридаги “Форумлар мажмуаси”да 2 октябрь куни БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси очилди. 

Ушбу халқаро анжуманда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари, АҚШ, Франция, Испания, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Миср, Туркия, Индонезия каби туризм ривожланган ўнлаб мамлакатлар мутахассислари, халқаро сайёҳлик ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади. 

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи ЮНВТО Ижроия кенгашининг 99-сессиясини Самарқандда ўтказишга қаратган алоҳида эътибори учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди. 

Туризм – иқтисодиётнинг юқори даромад келтирадиган ва жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Мазкур соҳа дунё мамлакатлари ва халқларининг маданият борасидаги амалий мулоқотида ўзига хос робита вазифасини ўтамоқда. Айни пайтда дунёда 235 миллиондан ортиқ киши ушбу соҳада меҳнат қилаётир. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда сайёҳлар оқими ҳар йили 4-5 фоизга кўпаймоқда. 

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ривожланган давлатлар қаторида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Мамлакатимизга келувчи сайёҳлар оқими мунтазам ошиб бормоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиз олий даражадаги учрашувлар, халқаро конференциялар, нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилаётир. 

sesiya.jpg 

Мамлакатимиздаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. 

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга. Ватанимиз тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Мамлакатимизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Юртимизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм, балиқ ови, рафтинг каби кўплаб турлари ривожланмоқда. 

Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, халқаро ва маҳаллий аэропортлар, транспорт коммуникациялари барпо этилаётгани самарасида юртимизга келаётган сайёҳлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётир. 2011-2013 йилларда мамлакатимизга келган хорижлик туристлар сони 129,5 фоизга ошди. Сайёҳлик хизматлари ҳажми 175,8 фоиз, шундай хизматлар экспорти 180,2 фоиз ўсди. Мингдан ортиқ сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 550 туроператор ва агентлик, 500 дан зиёд меҳмонхона уларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатмоқда. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари самарасида хорижий меҳмонлар ва делегацияларни қабул қилиш ҳамда уларга замонавий талаблар асосида хизмат кўрсатиш имкониятига эга ўнлаб меҳмонхоналар қад ростлади. Дунё миқёсида тан олинган “Radisson”, “Lotte”, “Dedeman”, “Grand Plaza” каби брендлар остида хизмат кўрсатувчи отеллар билан бирга, кичик гуруҳларда ва оилавий саёҳат қилувчилар учун хусусий меҳмонхоналар тармоғи барпо этилди. 

Изчил ривожланаётган ҳаво ва темир йўл транспорти саёҳатларни тез, қулай ва хавфсиз ташкил этиш имконини бермоқда. 2011 йилдан қатнови йўлга қўйилган “Афросиёб” тезюрар поезди пойтахтимиздан Самарқандга бориб-келувчилар учун жуда маъқул бўлмоқда. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси халқаро авиаташувлар бозорида муносиб ўрин эгаллади. Бугун Ўзбекистонда ўн битта халқаро аэропорт фаолият кўрсатмоқда. Ҳаво кемалари парки ва аэропортлар модернизация қилингани, парвозлар географияси кенгайгани туризм соҳасини янада ривожлантириш, сайёҳларни юртимизга жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол таклиф этишда муҳим дастуруламал бўлмоқда. 

“Ўзбектуризм” миллий компанияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ва бошқа ташкилотлар “Ўзбекистон” миллий стенди доирасида дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ўтказилаётган халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келаётир. Бу мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотларига хорижий ҳамкорлар билан янги алоқалар ўрнатиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик олиб бориш имконини бераётир. 

Сайёҳликни ривожлантириш ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ. Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм коллежларида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона бошқаруви ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. 

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос анъаналари, тарихий обидалари, табиий иқлим шароити билан ажралиб туради. Аҳоли даромадлари ошиб бораётгани ва сайёҳлик инфратузилмаси такомиллашаётгани самарасида мамлакатимизда ички туризм ҳам тобора ривожланмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда манзилли дастурлар амалга оширилмоқда. Масалан, тарихий обидалар камроқ бўлган жойларда экотуризм, геотуризм, off-road саёҳатлари, тоғли зоналарда экстремал туристик хизматлар ташкил этилмоқда. Сайёҳликни ривожлантиришга қаратилган ҳудудий дастурларга мувофиқ маданий мерос объектларини реставрация қилиш, туристик объектларни қуриш ва таъмирлаш, янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Мамлакатимиз БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига 1993 йилда аъзо бўлган. Самарқандда мазкур ташкилотнинг Буюк ипак йўлида сайёҳликни ривожлантириш бўйича минтақавий маркази фаолият юритмоқда. ЮНВТОнинг 2011 йил октябрь ойида Жанубий Кореяда ўтган Бош ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси иккинчи марта ушбу ташкилот Ижроия кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу мақомга дунёнинг жуда кам давлатлари сазовор бўлган. 

2014 йилнинг июнь ойида Испаниянинг Сантьяго-де-Компостела шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 98-сессиясида Ижроия кенгашнинг навбатдаги 99-сессиясини Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 

“Ер юзининг сайқали” ва “Шарқ гавҳари” деб аталадиган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд азалдан ўз кўрку салобати билан барчани мафтун этиб келади. Шаҳарнинг қадимий ва замонавий иншоотлари, гўзал ва сўлим табиати сайёҳликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар яратмоқда. 

Президентимиз таъбири билан айтганда, Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида улуғ бир ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобат, файзу тароват бор. Бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг ҳар бир ғиштида бунёдкор халқимизнинг буюк истеъдоди ва маҳорати, боқий қадриятлари мужассам. 

Истиқлол йилларида Самарқанд ўзгача тароват ва маҳобат касб этди. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Самарқандда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳар марказида Соҳибқирон бобомизнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Мирзо Улуғбек расадхонаси ва мадрасаси қайта таъмирланди. Президентимиз фармонига мувофиқ 1996 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди. Шундан буён бу кун юртимизда Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаб келинмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанднинг асл тарихий қиёфасини тиклаш, иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу қутлуғ тўй арафасида боқий шаҳар янада гўзаллашди. Барпо этилган ўнлаб ижтимоий-маиший иншоотлар – таълим муассасалари ва спорт майдончалари, тиббиёт масканлари ва меҳмонхоналар, магистрал йўллар, кўркам боғу хиёбонлар Самарқанд аҳолиси ва меҳмонларига ҳар томонлама муносиб шароит яратиш баробарида, қадим шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Амир Темур, Руҳобод мақбаралари, Регистон майдони, Ҳазрати Ҳизр ва Бибихоним масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек расадхонаси қайта таъмирланди. Уларни бир-бирига боғловчи кичик ҳалқа йўлининг қурилиши шаҳар аҳли ва сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратди. 

Самарқанднинг сайёҳлик имкониятлари шаҳар иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда бу ерда юздан зиёд сайёҳлик фирмаси ва юзга яқин меҳмонхона фаолият кўрсатаётир. 

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш учун яна бир қулай имконият бўлиб, хорижий сайёҳлик ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сессия дунёнинг етакчи экспертларига жаҳон сайёҳлик бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида тажриба алмашиш, бу борадаги янги тенденциялар, долзарб сайёҳлик муаммоларини муҳокама қилиш имконини бераётир. 

Халқаро анжуман иштирокчилари Регистон мажмуаси, Амир Темур ва Хўжа Дониёр мақбаралари, Мирзо Улуғбек расадхонаси, «Афросиёб» музейи каби диққатга сазовор жойлар ва замонавий таълим муассасалари фаолияти билан танишди. Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида Самарқанд шаҳрида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига, шаҳарнинг улкан сайёҳлик салоҳиятига, соҳада кадрлар тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътиборга юксак баҳо берди. 

Сессиянинг ялпи мажлисида Буюк ипак йўли – халқаро сайёҳликни ривожлантиришнинг янги истиқболлари, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш, минтақавий ривожланиш ва интеграцияни рағбатлантиришда сайёҳлик маршрутларининг роли, халқаро туризмнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари каби мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди. 

Тадбир доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш бўйича чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашилмоқда, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда. 

Халқаро анжуман 3 октябрь куни ўз ишини давом эттиради. 

 

 

Ирода Умарова, Нодира Манзурова, Ғолиб Ҳасанов, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА 
www.uza.uz
қўшилган сана: 02-10-2014
Кўрилди 1291