uz en ru

Тавсифлар

«Kasaba sayr» ШК билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Kasaba sayr» ШК ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи

"Каsaba sayr" шўъба корхонаси ёрдами билан 18-21 май кунлари "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиалида самарали фаолият юритаётган 27 нафар ишчи-ходимларимиз учун афсонавий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳатни ташкиллаштиришда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Жамоамиз номидан "Kasaba sayr" ШКга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда алоҳида, Т.Хидировга, Илхомжонга, Хива шахрида бизни кутиб олишдан-жўнатишгача ёнма-ён юриб, ташкилий ишларни елиб-югуриб бажарган Раззакова Дилдорахонга, гид қизимиз Усманова Назокатхонга, "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларига каттадан-катта рахматлар айтиб қоламиз. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг туристик компаниямиз билан ҳамкорликда Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этамиз деган умидда, ишларига ривож тилаймиз.

Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси

ZO'R MA'LUMOTLAR, HAMMASI QIZIQARLI RAHMAT KATTAKON

JUMAGUL

Янгиликларга Обуна

Информерлар

Система Orphus

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқи

Бош сахифа - Янгиликлар - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқиМуҳтарам жаноб Талеб Рифаи! 

Ҳурматли форум иштирокчилари! 

Хонимлар ва жаноблар! 

Сиз, муҳтарам меҳмонларимизни – Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши раҳбарлари ва аъзоларини, туризмни ривожлантириш масалалари бўйича вазирлик ва идоралар, сайёҳлик ташкилотлари бошлиқларини, олимлар ва мутахассислар, жаҳон туризм саноати вакилларини қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромимни билдириш, Ижроия кенгашнинг 99-сессиясига самарали ва муваффақиятли иш олиб боришни тилаш менга катта мамнуният бағишлайди. 

Авваламбор, Ўзбекистон Президентини мана шундай қарсаклар билан, очиқ юз билан, кўтаринки кайфиятда кутиб олганингиз учун сизларга катта раҳмат айтмоқчиман. Бунга жавобан мен ҳам сизларни айнан Самарқандда, Ўзбекистонда кўриб турганимдан чин дилдан хурсанд эканимни яна бир бор таъкидламоқчиман. 

Сизлар бизнинг заминимизга ташрифингиздан мамнун ва рози бўлсангиз – бу менинг энг катта тилагим, десам, айни кўнглимдаги гапни айтган бўламан. 

Бугун бу залда 150 дан ортиқ туризм саноати вакиллари ҳозир бўлганидан хабардорман. Бу анжуманда, шунингдек, бизнинг дўстларимиз – Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатлар ҳам иштирок этмоқда. Улар бизнинг меҳмонларимиз билан биргаликда барча муҳим анжуман ва тантанали маросимларимизда доимо қатнашиб келишади. 

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби жаноб Талеб Рифаи ва кенгашнинг барча аъзоларига мазкур кенгашнинг навбатдаги сессияси мажлиси ўтказиладиган жой сифатида турли маданиятлар чорраҳаси ва жаҳон цивилизацияси дурдонаси бўлмиш қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини танлагани учун самимий миннатдорлик билдираман. 

Самарқанд шаҳрининг тарихий аҳамияти, унинг беқиёс гўзаллиги ҳақида албатта кўп гапириш мумкин. 

Салкам уч минг йиллик ғоят бой тарихга эга бўлган бу азим шаҳар ўзининг улуғвор меъморий ёдгорликлари, мовий гумбазлари, бетакрор шарқона қиёфаси ва руҳи билан саёҳатчилар, туристлар ва меҳмонлар эътиборини тортиб келади. 

Бу дилбар шаҳар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади. Уни бир бор кўрган одам ҳеч қачон эсидан чиқармайди. 

Яқинда Американинг халқаро доираларда тан олинган ва катта нуфузга эга бўлган “Хаффингтон пост” интернет нашри Самарқандни инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бориб кўриши албатта зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарнинг бири сифатида эътироф этди ва ана шу шаҳарлар рўйхатига киритди. 

Ўзида энг қадимги даврлар ва бугунги ҳаётни узвий равишда уйғунлаштирган ушбу шаҳарда туғилиб вояга етган инсон сифатида сиз, азиз меҳмонларимизни мана шу меҳмондўст заминда кўриш ва бутун Самарқанд аҳли номидан, шахсан ўз номимдан «Самарқандга хуш келибсиз!» деб айтиш менга алоҳида мамнуният бағишлайди. 

Қадрли дўстлар! 

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг бугунги сессияси мажлисининг асосий кун тартиби ғоят муҳим масалага – «Буюк ипак йўли – халқаро туризмни ривожлантиришнинг янги истиқболлари» мавзусига бағишланган. 

Туризм қадим замонлардан бошлаб сайёрамиз халқлари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Одамлар янги ўлкаларни кашф этиш, дунёни кўриш ва билиш, савдо-сотиқни ривожлантириш, маданий ва дипломатик алоқаларни ўрнатиш мақсадида саёҳатга чиққанлар. Савдо карвонлари йўллари кесишган, маданиятлар ва цивилизациялар туташган чорраҳада жойлашгани учун Марказий Осиё минтақаси бу жараёнда муҳим ўрин тутган. 

Нуфузли олимларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиш тарихи милоддан аввалги икки мингинчи йиллардан бошланган ва 3,5 минг йилдан зиёд даврни қамраб олади. Кўҳна Рим ва Бобилнинг тенгдоши ҳисобланган, ўрта асрлар илм-фани, санъати ва маданиятининг йирик марказлари сифатида дунёга донг таратган ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари бу заминда қадимги давлатчиликнинг шаклланиш ва ривожланиш марказлари бўлиб келган. 

Шу ўринда биз кейинги йилларда жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини, Шаҳрисабзнинг 2700 йиллигини, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллигини, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини кенг нишонлаганимизни айтиб ўтиш жоиздир. 

Қадимий маданиятлар бешиги бўлган бу шаҳарларда илк ва кейинги ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим-тарбия соҳалари, ҳунармандлик ва савдо-сотиқ кенг ривожланган, муҳташам саройлар, масжид ва мадрасалар барпо этилган. Бундай гўзал шаҳарларни бунёд этиш учун нафақат моҳир уста ва қурувчилар, балки математика, астрономия, физика, архитектура, геометрия, геодезия, сейсмология ва кимё каби фундаментал фанларни чуқур биладиган олимларнинг билим ва тажрибаси ҳам керак бўлган. 

Жаҳон тарихидаги энг муҳим маданий ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ўта ноёб ҳодиса – Буюк ипак йўли айнан ана шу шаҳарлар ва маданиятлар марказлари орқали ўтган. Милоддан олдинги III-II минг йилликлардаёқ вужудга келган коммуникация тармоқлари Месопотамия текисликларидан Ҳинд водийсигача, Ўрта Осиё воҳаларидан Араб денгизигача чўзилган бепоён Ўрта Шарқ минтақасидаги бир-биридан жуда узоқдаги маданиятлар ва мамлакатларни боғлаган. Кейинчалик ана шу ҳудудлар Буюк ипак йўлининг асосий йўналишларидан бирига айланган. 

Савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайиши аҳолининг кўчиб юришига сабаб бўлган. Улар ўзлари билан бирга меъморлик, маданият ёдгорликлари, нумизматика ва ҳунармандлик маҳсулотларида акс этган ўз урф-одатлари ва дунёқарашини ҳам олиб келган. 

Ўша замонларда энг юқори даромад келтирадиган ва сотиш мақсадида узоқ масофаларга ташиш учун энг қулай товар ипак бўлган. Бундан ташқари, Буюк ипак йўли орқали яна кўплаб бошқа товар ва буюмлар, жумладан, чинни, ойна, шиша, гилам, металл, қурол-яроғ, турли тақинчоқлар, чой, зираворлар, шунингдек, машҳур хитой қоғози ташилган. 

Халқаро туризмнинг пайдо бўлиш ва шаклланиш тарихини таҳлил қилар эканмиз, савдо муносабатларини ўрнатиш, дам олиш ва саёҳат билан бир қаторда, дунё халқларининг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ўрганиш, билиш ва бунинг натижасида одамлар, элу элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик фазилатларини мустаҳкамлаш ҳам туризмнинг муҳим таркибий қисми бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. 

Айнан маърифий туризм бугунги кунда дунёда тобора катта қизиқиш уйғотмоқда ва менинг назаримда, бутун сайёҳлик соҳасининг энг муҳим қадриятларидан бирига айланмоқда. 

Бугун биз туризмнинг ўрни ҳақида, айниқса, халқаро сайёҳликнинг ҳозирги босқичдаги аҳамияти ҳақида гапирганда, энг долзарб масалалардан бири – бу толерантлик тамойили бўлса керак, деб ўйлайман. 

Биз айнан туризм орқали толерантлик нима эканини биламиз, англаймиз. Бу халқаро тушунча бўлиб, дунёдаги барча миллатларга бирдек қадрли ва тушунарлидир. Толерантлик авваламбор турли миллатга мансуб инсонларнинг бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишини ва энг асосийси бир-бирини тушунишни англатади. 

Бу икки тушунчани ана шундай англаш қаердаки туризм ривожланган бўлса – ўша ерда толерантлик бор, деб айтишга имкон беради, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. 

Буларнинг барчаси турли даврларда Буюк ипак йўли бўйлаб ўтган машҳур саёҳатчи ва тадқиқотчиларнинг кундаликларида ўз ифодасини топган. Бу инсонлар турли миллат вакиллари бўлганлар, хусусан, хитойлик Чжан Цянь, италиялик Марко Поло, испаниялик Клавихо, арабистонлик Ибн Фадлан ва Ибн Баттута, америкалик Пампелли, англиялик Женкинсон, германиялик Шильтбергер, франциялик Мартен ва Бонвало, венгриялик Вамбери, швециялик Хедин ва швейцариялик Майяр шулар жумласидандир. Уларнинг орасида турли касб эгалари – зиёратчилар, миссионерлар, савдогарлар, олимлар, дипломатлар, тадқиқотчи ва адиблар бўлган. Уларнинг ҳар бири халқаро туризмнинг пайдо бўлиш ва шаклланиш тарихига салмоқли ҳисса қўшган ва бунинг учун биз улардан бениҳоя миннатдормиз. 

Самарқанд шаҳридаги деворий расмларда Ўрта Осиёга дунёнинг турли ўлкаларидан келган элчилар, савдогар ва саёҳатчиларнинг ташрифи ўз аксини топган. Бу ноёб тарихий асарда бундан 2,5 минг йилдан зиёд аввалги даврда Афросиёб ҳукмдорининг саройида Хитой, Корея, Жанубий ва Шимолий Осиё ва бошқа давлатларнинг элчиларини қабул қилиш маросимлари тасвирланган. 

Шунинг учун ҳам 20 йил аввал Буюк ипак йўли бўйлаб сайёҳликни ривожлантириш бўйича халқаро лойиҳага аъзо мамлакатларнинг Самарқанд декларацияси айнан Самарқанд шаҳрида қабул қилингани бежиз эмас. Ушбу ҳужжатда 2-2,5 минг йил олдин Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг бепоён минтақалари орқали ўтиб, Осиё ва Европа мамлакатларини савдо ва маданий алоқалар билан боғлаган мана шу қадимий трансконтинентал йўналишда халқаро туризмни қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш масаласи баён қилинган эди. 

Биз Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг 2004 йилда Самарқанд шаҳрида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг ипак йўлидаги минтақавий марказини ташкил этиш ҳақидаги қарори ўз вақтида қабул қилинган ва ҳар томонлама тўғри қарор, деб ҳисоблаймиз. 

Ҳурматли форум иштирокчилари! 

Бугунги кунда дунёда шиддат билан ўзгариб бораётган вазият, глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви, тез-тез такрорланаётган жаҳон иқтисодий ва молиявий инқирозлари халқаро туризм ривожи йўлида турли муаммолар туғдириб, унинг олдига янги-янги талаблар қўяётганини, табиийки, биз ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. 

Халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини белгилайдиган энг муҳим омиллар, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда, турли минтақаларда, сайёҳларни қабул қиладиган ҳар бир давлатда тинчлик, хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда. 

Халқаро терроризм ва экстремизм, тобора авж олиб бораётган радикализм, маҳаллий урушлар ва бир жойдан иккинчи жойга боришда хатарлар пайдо бўлаётгани туризмни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатни йўққа чиқарадиган тўсиққа айланганини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ ва биз буни аниқ мисолларда кўряпмиз. 

Ана шу сабаблар оқибатида кечагина туризм гуркираб ривожланган мамлакатларда бугун сайёҳлар оқими кескин камайгани ёки бутунлай тўхтаб қолгани ҳақида мисоллар келтиришнинг зарурати бўлмаса керак – ҳамиша, таъбир жоиз бўлса, сайёҳлар оқимининг чорраҳаси бўлиб келган айрим Яқин Шарқ мамлакатлари мисолида буни кўриб турибмиз. 

Ўзингиз қаранг, Сурия ва Ироқда, дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган, бизнинг аждодларимиз, масалан, Муҳаммад Хоразмий фаолият кўрсатган, “Байтул ҳикма”, яъни “Ҳикматлар уйи” деб ном олган жаҳондаги биринчи академия ташкил этилган Бағдодда бугунги кунда туризм борми? 

Ҳозирги вақтда Бағдод қандай аҳволда, Дамашқ ва бу минтақадаги бошқа шаҳарлар қандай аҳволда? Бундай ҳолатнинг сабаби эса фақат битта: аввалги ёдгорликлар, музейлар сақланиб қолган, аммо сайёҳлар учун кафолат йўқ, хавфсизлик йўқ. Тинчлик ва хавфсизлик бўлмаган жойда эса ҳеч қандай сайёҳлик бўлиши мумкин эмас. Бу ёдгорликларни кўриш учун ким жонини хавф-хатарга қўяди? Агар ана шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугунги кунда тинчлик-осойишталик ва турли халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш қандай ҳал қилувчи омил эканини барчамиз яхши биламиз. 

Иккинчи муаммо, туризм соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш аҳолининг ҳаёт даражаси, даромади ва фаровонлигининг ошиб бориши билан бевосита боғлиқдир. 

Бу ҳақиқатни жаҳонда туризмга талабнинг асосий ўсиш кўрсаткичлари ривожланаётган давлатлар, биринчи навбатда, Осиё мамлакатларининг жадал суръатлар билан юксалиб бораётган иқтисодиётида шаклланаётгани ҳам тасдиқлайди. Бошқача айтганда, иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси, унинг кўрсаткичлари туризмда бамисоли кўзгудагидек ўз аксини топмоқда. 

Учинчидан, бугунги кунда халқаро туризм ўрта синф учун дам олишнинг кенг тарқалган турига айланиб бормоқда. 

Шундай бир қонуниятни кўриш, кузатиш қийин эмас – қайси мамлакатда ўрта синф қатлами қанча кўп ва кенг бўлса, унинг сайёҳлик салоҳияти ҳам шунчалик юқори бўлади. 

Бу борада ўрта синфга мансуб одамларнинг жуда ҳаракатчан ва тадбиркор бўлиши, уларнинг янгиликларни излаб яшашга, ўз қобилияти ва имкониятларини амалга оширишга интилиши муҳим ўрин тутади. 

Тўртинчидан, сайёҳлик инфратузилмасининг ривожлангани, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбуллиги, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ва умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларнинг қулайлиги, замонавий ахборот технологияларининг жорий этилгани – биз ҳар қадамда дуч келадиган масалаларнинг ҳаммаси бу борада катта аҳамиятга эга. 

Бешинчидан, мазкур соҳада кўп нарса туризм саноатига йўналтириладиган инвестициялар даражасига боғлиқ бўлиб, бу бюджет маблағларини ва мазкур соҳага маблағ сарфлаши учун хусусий капитал ва бизнесга давлат томонидан зарур имтиёз, преференция ва рағбатлантирадиган омиллар яратилишини, инфратузилма, меҳмонхона хўжалиги, транспортни ривожлантириш, замонавий алоқа ва бошқа хизматлар кўрсатишни таъминлашни ўз ичига олади. 

Сайёҳлик комплексларини барпо этиш, тарихий объектлар, турли давр ва маданиятларга оид архитектура ва санъат ёдгорликларини ўрганиш ва асраб-авайлаш, сайёҳлик логистикасини ривожлантириш биринчи навбатда айни шу йўналишдаги ишларга боғлиқ. 

Олтинчидан, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи туризм соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи омили бўлиб қолмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда замонавий мутахассислар тайёрлайдиган 5 та олий ўқув юрти, жумладан, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент филиали ва шунингдек, 11 та касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда. 

Бугун сизлар бизнинг бир нечта коллеж ва лицейларимиз, хусусан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицей билан танишдингиз. Жумладан, жаноб Рифаи ҳам бу таълим масканида бўлди. Мен хурсандманки, бизнинг ёшларимиз, фарзандларимиз азиз меҳмонларимизни муносиб кутиб олиб, ўзларининг билими ва қобилиятлари, замонавий касб-ҳунарларни, хорижий тилларни қандай пухта ўзлаштираётгани билан сизларда катта таассурот уйғотди. 

Мен бутун Ўзбекистон болаларини ўзимнинг болаларим деб атайман. Шу маънода, мен дунёдаги энг бой инсонман. Мазкур лицей ўқувчилари Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби олдида ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён этишган. Айни вақтда сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, бу ёшлар яна кўп нарсаларга қодир. 

Еттинчидан, виза масаласини ва туризм билан боғлиқ бошқа бюрократик расмиятчиликларни соддалаштириш, хусусан, сайёҳлик фирмалари фаолияти учун зарур молиявий кафолатлар бериш ҳозирги босқичда халқаро туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Бундай кафолатларнинг йўқлиги кўплаб сайёҳлик операторларининг обрўсига путур етказаётгани, халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг жозибадорлиги йўлида жиддий ғов бўлаётганини биз баъзи мамлакатлар мисолида кўриб турибмиз. 

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, сайёҳлар бошқа омиллар қаторида ўзлари истаган мамлакатга бориш учун тартиб-қоидаларнинг оддий ва қулай бўлишига, бу борадаги барча зарур расмийлаштирув ишларини тез ва арзон нархда амалга ошириш имкониятига ҳам эътибор қаратмоқда. 

Бу йўналишда электрон технологияларни жорий этиш, виза олиш муддатининг имкон қадар қисқа бўлиши, авиа ва темир йўл чипталарини харид қилиш, интернет орқали «онлайн» режимида сайёҳлик йўналишлари ва меҳмонхоналарни олдиндан банд қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Сайёҳлар оқими ва умуман, ҳар бир сайёҳнинг кайфиятини белгилайдиган ана шундай энг муҳим шарт ва кафолатлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Аминманки, бу борада, яъни, туризм соҳаси ва сайёҳлик бизнесида майда нарсанинг ўзи бўлмайди. 

Сайёҳнинг кайфияти туристларни қабул қиладиган ҳар қандай мамлакатнинг, айтиш мумкинки, асосий бренди, яъни, товар белгиси бўлиши керак. Агар одамлар бизнинг диёримизга яхши кайфият билан келиб, шундай кайфият билан кетадиган бўлса, Ўзбекистонда туризм соҳаси мустаҳкам асосга қўйилган, деб айтишга ҳақлимиз. Бордию кимдир ёмон кайфият билан кетадиган бўлса, демак, биз унинг олдида қарздормиз. Демак, кейинги сафар айни шу сайёҳни ўзимизнинг ҳисобимиздан юртимизга таклиф қилишимиз керак. 

Ҳурматли сессия иштирокчилари! 

Биз ўтган давр мобайнида бажарилган ишларимизни баҳолар эканмиз, Ўзбекистонда туризм соҳасини халқаро замонавий норма ва стандартлар даражасига кўтариш учун ҳали кўп иш қилишимиз зарурлигини яхши англаймиз. 

Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантиришнинг айрим кўрсаткичлари ҳақида қисқача тўхталмоқчиман. 

Мамлакатимизга 2013 йилда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан сайёҳлар ташриф буюрди ва уларнинг йиллик сони 2 миллиондан ошди. Ўтган икки йил мобайнида бу кўрсаткич 43 фоизга ўсди, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 1 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. 

2013 йилда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 615 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Бугунги кунда туризм соҳасида 200 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, бу тармоқнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоиздан ошди. 

Ўзбекистонда 550 та сайёҳлик компанияси – туроператорлари фаолият юритмоқда, мамлакатимиздаги тарихий объектлар, архитектура ва шаҳарсозлик обидаларининг аксариятини қамраб олган 110 та халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича хизмат кўрсатилмоқда. Бу йўналишларнинг 65 таси тарихий-маданий мерос объектлари, 30 таси табиий-рекреацион, 15 таси соғломлаштириш туризми элементларини ўз ичига олган экологик йўналишлардир. 

Ҳозирги пайтда юртимизда 50 мингдан зиёд ўринга эга бўлган 500 дан ортиқ меҳмонхона, мотель ва кемпинглар сайёҳларга халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатмоқда. 

Ўтган даврда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Навоий шаҳарлари аэропортлари модернизация қилинди ва бугунги кунда Ўзбекистонда 11 та халқаро аэропорт фаолият юритмоқда. Миллий авиакомпаниямиз замонавий «Эйрбас» ва «Боинг» авиалайнерлари билан таъминланган. Ушбу самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан ортиқ шаҳарларига мунтазам парвозларни амалга оширмоқда. 

Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйлаб Испаниянинг «Талго» компаниясида ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий электр поездларининг ҳар кунги қатнови йўлга қўйилган. Ўйлайманки, сизлар буни реклама деб қабул қилмайсиз, лекин ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, барча мамлакатларга, жумладан, бизга қўшни бўлган давлатларга ана шу компаниянинг поездларини сотиб олишни тавсия этган бўлардим. Нега деганда, улар ҳам арзон, ҳам ишончли, энг муҳими, “Талго” фирмаси ўзининг яхши ҳамкор эканини амалда намоён этмоқда. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқори тезликда ҳаракатланадиган «Афросиёб» поезди қатнай бошлаганидан буён юртимизда чет эллик сайёҳлар сони сезиларли даражада кўпайди. Бухоро ва Қарши шаҳарларигача юқори тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган темир йўл тармоқларини электрлаштириш ва қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса туризм ривожи учун янги имкониятлар яратади. 

Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик инвестициялар ҳисобидан узунлиги 2600 километр бўлган замонавий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, шунингдек, кемпинглар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш масканларини ўз ичига олган кўплаб йўл бўйи инфратузилма объектлари барпо этилди. 

Фақатгина жорий йилнинг ўзида халқаро туризмнинг асосий тузилмасини ривожлантириш учун жами инвестицияларнинг 580 миллион доллардан ортиғи йўналтирилди ва бу борадаги ўсиш ўтган йилга нисбатан 19 фоиздан зиёдни ташкил этди. 

Биз Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳудудида шаклланган ва ривожланган энг қадимий цивилизация ва маданиятлар, қоятошлардаги ёзувлар ва иероглифларни, ноёб тарихий обидалар, моддий маданият ва меъморликнинг улуғвор ҳамда бетакрор намуналарини назарда тутамиз. Айни пайтда уларни Япония, Франция, Германия ва бошқа давлатларнинг кўплаб олим ва мутахассислари ўрганмоқда. Шу билан бирга, ўзининг жозибаси ва таровати билан дунёдаги энг яхши дам олиш ва саёҳат масканларидан қолишмайдиган гўзал табиатимизнинг бойлиги ва хилма-хиллигини ҳам бу борадаги энг катта имкониятларимиз қаторида кўрамиз. 

Буларнинг барчаси мамлакатимизни жаҳон туризми марказларидан бирига айлантириши мумкин ва зарур. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда турли даврлар ва цивилизацияларга оид 7 мингдан ортиқ ёдгорликлар бор. 

Мамлакатимизда юксак сифати ва эстетик жозибаси, қадимги санъат анъаналарини ўзида сақлаб келаётгани билан ажралиб турадиган миллий ҳунармандликни қайта тиклаш ва ривожлантиришни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидламоқчиман. Ўзбекистонда миллий ҳунармандлик соҳаси солиқлардан тўлиқ озод этилганини алоҳида қайд этишни истардим. 

Ҳунарманд усталаримизнинг неча асрлик тажрибасидан юртимиздан ташқарида ҳам кенг фойдаланилмоқда. 

Ўзбекистондаги меъморий ёдгорликларнинг ўрта асрларга хос нақш ва безаклари Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида янги иншоотларни қуришда намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Кулолларимизнинг маҳоратини Франция, Германия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар мутахассислари ўрганмоқда. 

Ўзбекистон Париж, Лондон, Берлин, Рим, Токио, Мадрид ва дунёнинг бошқа шаҳарларида ўтказилаётган йирик сайёҳлик кўргазмаларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. 

Жорий йилда йигирманчи бор ўтказиладиган ва сайёҳлик бизнеси соҳасида мулоқот қилиш учун кенг имконият яратадиган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасига дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан 12 мингдан ортиқ киши келиши кутилмоқда. 

Қадрли дўстлар! 

Биз Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан самарали ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз ва ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга ишонамиз. 

Бу ўринда гап Ўзбекистоннинг сайёҳлик нуфузи ва салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, интернет орқали унинг жозибадорлигини ошириш, бунда Фарғона водийсининг ҳали ўрганилмаган сўлим ва гўзал гўшалари, Тошкент ва Жиззах вилоятларининг тоғ ёнбағридаги экологик тоза масканларидан фойдаланган ҳолда, «Буюк ипак йўли» брендини кенг жорий этиш ҳақида бормоқда. 

Биз сизларни нафақат Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида, балки бошқа шаҳарларимизда ҳам кўриш, ўзбекона самимий меҳмондўстликдан баҳраманд бўлишингиздан ҳамиша мамнунмиз. 

Бугун мана шу муҳташам залда тўпланганларга яна бир бор юксак ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этаман, сессия иши самарали бўлишини, барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда янги-янги ютуқ ва омадлар тилайман. 

Ўзбекистонга кўрсатаётган эътибор ва ҳурматингиз учун миннатдорлик билдираман. 

www.uza.uz

қўшилган сана: 02-10-2014
Кўрилди 1355