Туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айланмоқда
Инсонда дунёни англашга интилиш, томоша қилишга қизиқиш иштиёқи бор. Саргузаштсеварлар саёҳатга отланиб, янги ўлкаларни кашф этган, дунёқараши, тафаккури ортган, халқлар ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланган, савдо-сотиқ ривожланган.
Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Саёҳатнинг моҳияти – шу. Инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон ҳақида ҳам бутун дунё эшитган. Қадимий шаҳарларимиз, юртимизнинг гўзал табиатини бир марта кўришни орзу қиладиганлар жуда кўп.
Самарқанддаги Регистон мажмуаси, Имом Бухорий мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хивадаги Ичанқалъа, Бухородаги Арк, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Қўқондаги Ўрда халқимизнинг бой маданияти ва санъатини ўзида мужассамлаштирган. Зараутсой ва Сармишсойдаги қоятош битиклари, Учқудуқдаги “тош ўрмон”, Тошкентдаги Усмон мусҳафи сайёҳларни ҳайратга солади. Зомин ҳавосию Ҳисор тоғлари, Чимён қорларию Қизилқум чўлларида мамлакатимизнинг ранг-баранг табиати намоён бўлади.
Бу рўйхатни ўқиган юртдошимиз кўнглидан “фалон жойни айтмабди-ку”, деган хаёл ўтиши табиий. Чунки мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорлик мавжуд. Бундан ташқари, қўриқхона ва боғларимизда қанчадан-қанча сўлим масканлар, музейларимизда минглаб ноёб экспонатлар бор. Ҳунармандлик намуналари, миллий таомларимиз ва ўзбекона меҳмондўстлик бошқа ҳеч қаерда топилмайди.
Мамлакатимизда 600 дан зиёд сайёҳлик корхонаси, 660 дан ортиқ меҳмонхона ва кемпинг фаолият юритмоқда. Тарихий объектлар, табиат ажойиботлари ва соғломлаштириш мажмуаларининг аксариятини қамраб олган 110 халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича хизмат кўрсатилмоқда. Анъанавий маданий-тарихий туризм билан бирга сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, гастрономик, этнографик, экстремал, даволаш-соғломлаштириш, альпинизм, балиқ ови, рафтинг каби турлари ҳам ривожланмоқда.
Мамлакатимизнинг 11 халқаро аэропортидан дунёнинг 50 дан ортиқ шаҳрига мунтазам парвозлар амалга оширилмоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Навоий шаҳарлари аэропортлари модернизация қилинди. “Afrosiyob” электр поезди сайёҳларни манзилларига тез ва сифатли етказиб қўймоқда.
Бундай ишлар самарасида юртимизга келаётган туристлар йилдан-йилга кўпаймоқда. 2015 йилда мамлакатимизга 2 миллиондан кўпроқ сайёҳ ташриф буюрган.
Албатта, бу яхши кўрсаткич. Лекин мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳиятига мос эмас. Ҳозирги кунда бу борадаги имкониятлардан 15-20 фоиз фойдаланилмоқда, холос.
Шу имкониятлардан тўла ва самарали фойдаланиш, бунинг учун ташкилий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон сайёҳларга қулайлик ва соҳадаги ташкилотларга енгиллик яратишга қаратилган. “Ўзбектуризм” Миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этиш белгиланди. Унинг мақоми оширилди, ваколатлари кенгайтирилди. Қўмита фаолияти, энг аввало, назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга оширишга эмас, балки туризм соҳасидаги тадбиркорликни кучайтириш, бу йўлдаги ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантиришга йўналтирилади.
Халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини белгилайдиган энг муҳим омил, аввало, тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий барқарорликдир.
Минг шукрки, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукмрон. Бу жиҳатдан ҳеч кимда ҳеч қандай хавотир йўқ. Лекин сайёҳларга хавфсизлик билан бирга замонавий шароит ҳам керак. Шу боис фармонда юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий жаҳон стандартларига, туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган туризм индустрияси объектларини ривожлантириш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда янги меҳмонхоналар, умумий овқатланиш объектлари, транспорт-логистика тузилмалари, ахборот марказлари, маданият ва спорт муассасалари, йўлбўйи инфратузилмаси қурилади ва реконструкция қилинади.
Бу фаолиятга жалб этиладиган хорижий инвесторларга ҳам имтиёзлар берилган. Масалан, камида 4 юлдузли меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширган юридик шахслар фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва ягона солиқ тўловидан 5 йил муддатга озод қилинган. Туризм операторлари улар томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод этилган.
Замонавий меҳмонхоналар қурилиб, янги сайёҳлик йўналишлари очилди, дейлик. Энди уни тарғиб қилиш, харидор топиш керак. Фармонда бу масалаларга ҳам эътибор қаратилган. Туризм маҳсулотлари ва хизматларини ички ва халқаро бозорларда тарғибот қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, қулай туризм ахборот муҳитини ташкил этиш ва ривожлантириш, кенг реклама-ахборот фаолиятини амалга ошириш, мамлакат ҳудудларида туризм ахборот марказлари ва чет элда туризм ваколатхоналари очиш, интернет тармоғидан фаол фойдаланиш, ҳар йили Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ўтказиш йўли билан туризм соҳасида мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантириш вазифалари шулар жумласидандир.
Халқаро тажрибадан маълумки, туристлар мамлакатга кириш-чиқиш тартиб-қоидалари осон ва қулай бўлишини истайди. Бу борадаги қийинчилик, оворагарчиликлар ҳам одамни ўзи истаган жойга боришдан “совитиб қўйиши” мумкин. Фармонга мувофиқ, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб юртимизга саёҳат мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи 15 давлат фуқаролари ва яна 12 давлатнинг 55 ёшга тўлган фуқаролари учун виза режими бутунлай бекор қилинади.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорати тизими, юкларни олиш ва транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиблари жорий этилади.
Фармонда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм хизматларини лицензиялаш ва сертификатлаш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш каби яна кўплаб масалалар бўйича улкан вазифалар белгиланган. Бир сўз билан айтганда, фармонда туризм соҳасига тааллуқли барча жиҳатлар қамраб олинган. Бундай комплекс ёндашув Ўзбекистонимизда туризмни янада ривожлантиришга асос бўлади.
Кўрилди 1170
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL