uz en ru

Тавсифлар

«Kasaba sayr» ШК билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Kasaba sayr» ШК ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи

"Каsaba sayr" шўъба корхонаси ёрдами билан 18-21 май кунлари "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиалида самарали фаолият юритаётган 27 нафар ишчи-ходимларимиз учун афсонавий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳатни ташкиллаштиришда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Жамоамиз номидан "Kasaba sayr" ШКга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда алоҳида, Т.Хидировга, Илхомжонга, Хива шахрида бизни кутиб олишдан-жўнатишгача ёнма-ён юриб, ташкилий ишларни елиб-югуриб бажарган Раззакова Дилдорахонга, гид қизимиз Усманова Назокатхонга, "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларига каттадан-катта рахматлар айтиб қоламиз. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг туристик компаниямиз билан ҳамкорликда Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этамиз деган умидда, ишларига ривож тилаймиз.

Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси

ZO'R MA'LUMOTLAR, HAMMASI QIZIQARLI RAHMAT KATTAKON

JUMAGUL

Янгиликларга Обуна

Информерлар

Система Orphus

Термиз сафари: эртакнамо шаҳардаги кечинмалар

Бош сахифа - Янгиликлар - Термиз сафари: эртакнамо шаҳардаги кечинмалар

Биз кўҳна ва навқирон Термиз томон йўл олдик. Мақсадимиз унинг тарихини яхшироқ англаш ва бевосита ўз кўзимиз билан тарихий обидаларни кўриб, уларнинг кўлами ҳақида янада кенг тасаввур эга бўлиш эди. Тошкентдан йўлга чиққан поэзд осмонўпар Ҳисор тоғ тизмаси ичра Бойсун тумани орқали Сурхондарё вилоятига кириб келади. Бойсуннинг бетакрор тоғ манзаралари кишини ҳайратда қолдириши аниқ.

Тошкентда биз баҳорни кутиб олаётган бир дамда, баҳор бизни Термизда кутиб олди. Қуёш юртимизга Фарғона водийсидан чиқса, баҳор Сурхондарёдан кириб келади. Тошкентдан келган меҳмонларни бу гўзал шаҳар илиқ ҳаво ва очилган гуллар билан кутиб олди.

Айтиб ўтиш жоизки, эрамиздан аввалги VI асрда Термизга келган Аҳамонийлар сулоласи, бу шаҳарни “қадимги шаҳар” деб атаган. Унинг қанчалик қадимги эканлигини энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Тамаддунлар чорраҳасида жойлашган ушбу азим шаҳар асрлар давомида вайронага айлантирилган ва қақнус каби кул ичидан яна қайта жонланган. Замонавий Термиз шахри XIX асрнинг сўнги йилларида Паттакесар қишлоғи ўрнида ташкил топган. Тарихий обидалар шаҳар атрофидаги ҳудудларда жойлашган. Шунинг учун қадимги Термиз бўйича саёҳатимизни бошлаш учун “Эски Термиз” томон йўл олдик.

Қирқ қиз

Қирқ қиз мажмуаси VI-IX асрларда барпо қилинган бўлиб, унинг тарихи билан жуда кўп афсоналар, тахминлар ва тарихий фактлар мавжуд. Ким нима десинку, лекин мен ҳозир ўзимга ёққан афсонани ёзмоқчиман: Қадимда Гулсум (Гулойим, Гавҳар) бошчилигидаги 40 жанговор ва мард қиз ўз ерларини талончи кўчманчилардан ҳимоя қилиш мақсадида қишлоқма-қишлоқ юриб, оддий аҳолига ёрдам берган. Узоқ йиллик курашлардан сўнг қизлар бир қалъада қўним топишган. Шу вақт қўрқув билмас бу қизларга қарши душман кучлари уруш эълон қилди. Бир неча куну тун давом этган уруш иккала томон учун ҳам катта талофат олиб келди. Барча аскар қизлардан маҳрум бўлган Гулсум мардларча дарвозадан чиқиб, қалпоғини ечди. Душманларнинг кўз ўнгида қонга бурканган, яраланган, сочлари узун қиз пайдо бўлди. Шунда у барча қолган кучи йиғиб, шаҳарни эгаллаш ниятида келганларнинг қўмондонини яккама-якка жангга чорлади. Қўмондон ҳайрат ва ғазаб билан Гулсумнинг олдига келди ва унинг кўзларидаги шижоатни кўриб, мард қизнинг олдида бошини эгди. Чунки унинг ҳеч бир аскари Гулсум қилган ишни қила олмас эди. Ҳолдан тойиган Гулсум эса барчани кўздан кечириб, охири йиқилди. У узоқда ёрдам кучлари етиб келаётганини кўрди ва “Шаҳар энди қутқарилди!” деган сўзлар билан жон берди.

Султон Саодат

Султон Саодат (ёки баъзи манбаларга кўра Султон Содат) мажмуаси – саййидлар сулоласининг мақбараси бўлиб, унинг ҳозирги кўриниши етти аср (X-XVII) давомида шаклланган. Дастлабки мақбара Х асрда Хасан ал-Амирнинг вафотидан сўнг барпо қилинган. Кейинчалик бу ерда 20 та мақбара пайдо бўлган. Кўплаб уруш ва вайронагарчиликларни бошидан кечирган бу мажмуада 2002 йил катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилди. Султон Саодатни кўпчилик Самарқанддаги Шохи Зинда мажмуасига қиёслайди. Иккала мажмуа ҳам некропол ҳисобланиб, иккаласида ҳам Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в) қариндошлари ва авлодлари дафн қилинган.

Зурмала ступаси

Қадимда Бақтрия буддавийлик динининг узоқ шарқ мамлакатлари тарқалишида муҳим рол касб этган ўлка ҳисобланган. Шунинг учун Бақтриянинг кўҳна ва муҳим шаҳарларидан бири бўлган Термизда қадимги буддавийликка оид меъморий-тарихий обидалар жуда кўп топилган ва топилмоқда. Улар шунчалик кўпки, буғдой даласи ўртасида оддий тепалик деб кўринган нарса аслида буддавийларнинг қадимги ибодатхонаси бўлиб чиқиши мумкин. Ҳудди шундай жойлардан бири Зурмала ступасидир. Ступа Будданинг хоки устида қурилган меъморий иншоотдир. Бу каби ёдгорликлар Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Термиз атрофида жуда кўп учрайди. Бири Кушонлар давлатининг қалъаси, бири қадимги ибодатхона, бири эса ҳақиқатдан ҳам оддий тепалик бўлиши мумкин. Шу сабабли археологларнинг ушбу ўлкага қизиқишлари ниҳоятда баланд.

Фаёзтепа

Фаёзтепа ёдгорлигининг топилиши ҳам оддий бир тасодиф билан боғлиқ. 1968 йилнинг баҳорида оддий чўпон Абсад Бекнаев шу ерлардан ўтиб кетаётиб, бир оқ рангли ҳайкалтарошлик намунасига кўзи тушади ва уни Термиз ўлкашунослик музейига топширади. Кейинчалик бу ерда олиб борилган археологик ишлар натижасида бу тарихий обида Ўрта Осиёда ягона тўлиқ қазиб олинган, илмий ўрганилган ва шу билан бирга тарихи аниқланган ибодатхона мажмуасига айланди. Фаёзтепада топилган ёзувлар, тангалар, ҳайкаллар буддавийлик дини тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи

Ал-Ҳаким ат-Термизий тасаввуфнинг “Ҳакимия” мактаби асосчиси саналади. Ат-Термизий кўплаб шаҳар ва мамлакатларни кезди, замонасининг етук олимлари билан суҳбатда бўлди. У нафақат Ислом динини балки буддавийлик, насронийлик динларини ҳам ўрганди. Унинг бундай кенг дунёқараши ва доимо изланувчанлиги кўплаб қимматли асарларнинг яратилишига сабаб бўлди. Тахминларга кўра, буюк мутасаввиф олим ўзининг узоқ ҳаёти давомида (баъзи манбаларга кўра 120 йил умр кўрган) 400 дан ортиқ қимматли асарлар қолдирган, лекин бизгача уларнинг 60 га яқини етиб келган холос. Ушбу қўлёзмалар ҳозирги кунда Париж, Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Искандария ва Истамбул кутубхоналарида сақланиб, ўрганилиб келинмоқда. Ал-Ҳаким ат-Термизий қабри устида барпо қилинган мақбара бугунги кунда кўплаб сайёҳлар томонидан зиёрат қилинадиган жойга айланган.

Термиз археология музейи 

Термизнинг кўплаб тарихий жойларини кўздан кечиргач, йиғилган билимларни мустаҳкамлаш мақсадида Термиз археология музейига ташриф буюрдик. Бу музей Ўрта Осиёдаги ягона археологияга ихтисослаштирилган музей ҳисобланади. Унинг фондида 27 000 дан зиёд экспонат мавжуд. Бу экспонатлар шу ҳудудда топилган ҳайкаллар, тангалар, амалий санъат асарлари ва бошқа кўплаб тарихий ашёлардан ташкил топган. Албатта, бир кун ичида қўҳна Термизнинг барча тарихий обидаларини кўздан кечириш қийин. Чунки уларнинг сони жуда кўп ва улар бир-биридан етарлича узоқ масофада жойлашган. Ўйлаймизки, Кампиртепа, Қоратепа, Кокилдор ота ҳонақоҳи каби бошқа кўплаб тарихий жойларни кўришга улгурмаганлигимиз, Термизга қайта келишимиз учун яхши сабаб бўлиб хизмат қилади.

қўшилган сана: 30-03-2015
Кўрилди 3368