Ўзбекистонда аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтиришга қаратилаётган эътиборга ҳавасим келди
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ЎзА мухбири мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, аёлларнинг жамиятимизда тутган ўрни ҳақида чет эллик мутахассислар, экспертлар ва сайёҳлар билан суҳбатлашди.
Прем Аҳлувалиа, Тинч океани минтақаси ёзувчилари саёҳати уюшмаси вакили, Жанубий Осиё мамлакатлари хотин-қизлари институти директори (Ҳиндистон):
– Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёлларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар хотин-қизларга ўз бизнесини очиб, оиласи, эл-юрти учун фойда келтириш, ҳаётда ўз ўрнини топиш имконини бераётир.
Мамлакатингизга саёҳатим жуда мазмунли ўтмоқда. Ўзбекистон ва унинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида кўп эшитганман ва ўқиганман. Юртингизга келиб, бу ердаги очиқкўнгил ва меҳмондўст одамлар билан суҳбатлашиб, қалбим қувончга тўлди. Ўзбекистонда сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун барча қулайликлар мавжуд.
Сайёҳликнинг тарихий ва маданий йўналишларини хуш кўраман. Шу боис дунёга машҳур Самарқанд ва Бухорони, у ердаги бебаҳо меъморий обидаларни кўриш, урф-одат ва анъаналарингиз билан танишиш имконига эга бўлганимдан қувончим чексиз.
Сэфра Халлибэртон, тренер (АҚШ):
– Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланиб, нуфузи тобора ошиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингиз улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Шу боис дунёнинг кўплаб одамлари бу ерга саёҳат қилишга интилмоқда. Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, санъати, маънавий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Ўзбек заминида етишиб чиққан олиму фузалоларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини дунё аҳли эътироф этади. Юртингиздаги маҳобатли иншоотлар халқингиз ақл-заковатининг маҳсули сифатида дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Ана шундай буюк мерос ворисларининг ўз аждодларига кўрсатаётган эҳтироми ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Ўзбекистонда хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳавасим келди. Юртингизда бадиий гимнастика жадал ривожланмоқда. Бу хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг турмуш даражасини юксалтиришга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Радха Кришнан, Ганди мемориал жамғармаси раиси (Малайзия):
– Ўзбекистон хотин-қизларининг билим ва салоҳияти жуда юқори. Мамлакатингизда уларнинг ҳар соҳадаги фаолиятини ривожлантириш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Давлатингиз томонидан аёлларни эъзозлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган эътиборга ҳавасим келди.
Мамлакатингизга ҳар гал келганимда барча соҳаларда, хусусан, таълимда эришилаётган муваффақиятлардан ҳайратланаман ва қувонаман. Айниқса, юртингизда чет тилларини ўрганишга қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатингиз ёшлари кўплаб хорижий тилларда, хусусан, инглиз тилида эркин сўзлаётгани эътиборга сазовор. Ўзбекистонда инглиз тилини биринчи синфдан бошлаб ўқитиш йўлга қўйилгани мамлакат эртасини ўйлаб, ёш авлод камолотини таъминлаш йўлида амалга оширилган жуда катта ишлардан ҳисобланади.
Мария Людовика Леали, “Европа хотин-қизлари лоббиси” ташкилотининг Италиядаги бўлими бош котиби:
– Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бирга, уларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ.
Давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун камида 30 фоизлик квота белгилангани, мамлакатингизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар аъзолари сафида хотин-қизлар кўпайиб бораётгани эътиборга молик.
Начо Перез, тадбиркор (Испания):
– Тошкентга хизмат сафари билан келдим. Ўзбекистонда Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланишидан хабарим бор. Байрам яқинлашиб келаётгани ҳар қадамда сезилиб турибди. Шаҳрингиз дўконлари аёллар учун махсус безатилган, турли хил совғалар, гулларга тўла. Эркакларнинг ҳозирданоқ оналари, опа-сингиллари, турмуш ўртоғи ва қизлари учун совға харид қилаётганини кўриб, қувонасан киши. Буларнинг барчаси мамлакатингизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибордан, ҳурмат ва эъзоздан далолатдир.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон хотин-қизларини яқинлашиб келаётган айём билан муборакбод этаман. Уларга оилавий бахт ва улкан муваффақиятлар тилайман.
Кўрилди 1156
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL