Хорижликлар ҳавасда
Мамлакатимиздаги тарихий обидалар, замонавий шаҳарлар, хушманзара табиат ва файзли гўшалар, қулай иқтисодий ва сармоявий муҳит хорижликларнинг эътиборини тортади. Юртимизга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар ва меҳмонлар буни алоҳида эътироф этади. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.
Эрхард Штрекер (Германия):
– Ўзбек халқининг тарихи ва маданиятига оид кўп китоблар ўқиганман, фильмлар кўрганман. Ўзбекистон жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган юрт сифатида дунёга машҳур.
Мамлакатингизда энг кўркам, энг муҳташам бинолар таълим масканлари экан. Ўзбекистонда илм-фанга эътибор нақадар баланд эканига ҳавас қилдим. Жойларда бўлиб, ёшлар билан суҳбатлашиб, бунга янада кенгроқ ишонч ҳосил қилдим. Ёшларингиз жуда билимли. Исталган соҳада ҳар қандай одам билан баҳслаша олади. Ўқувчиларнинг чет тилларда бемалол сўзлаша олиши эътиборимни тортди. Бундай билимли ва соғлом ёшлар мамлакатингизнинг катта бойлиги.
Ченглей Моу (Хитой):
– Ўзбекистон пахтасидан тайёрланадиган матолар ва кийим-кечакларга дунёда талаб юқори. Мамлакатингизда тўқимачилик, мода ва дизайн соҳалари тобора ривожланиб бормоқда. Бунинг учун юртингизда барча зарур омиллар – иқтисодий барқарорлик, замонавий саноат тармоқлари ва интеллектуал ғоялар мавжуд.
Юртингизга келишимдан асосий мақсад тўқимачилик корхоналари билан танишиш ва ҳамкорлик ўрнатишдир. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги яқин ва эркин алоқалар бунга мустаҳкам замин яратади.
Мохана Девган (Ҳиндистон):
– Ёшларингизга ҳавасим келади. Улар Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби улуғ алломаларнинг авлодларидир. Уларнинг буюк мероси бутун дунёга кенг ёйилган, цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган. Буюк шоир ва қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари ҳам нафақат ўзбек халқининг, балки инсониятнинг маънавий мулкига айланган.
Шундай алломалар туғилган юртни, эртак ва ҳикоятларда эшитганим Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини кўриш кўп йиллик истагим эди. Ниҳоят, орзуим амалга ошиб, Ўзбекистоннинг ушбу қадимий шаҳарларини, тилларда достон тарихий обидаларини ва меъморий ёдгорликларини зиёрат қилиш имкони туғилганидан жуда бахтиёрман.
Деметрио Гарсес (Испания):
– Ўзбекистонга бундан 17 йил илгари келган эдим. Шундан буён мамлакатингиз жадал ривожланибди. Тошкент шаҳрини таниш қийин. Замонавий муҳташам бинолар, йўл ва кўприклар қурилибди, тарихий обидалар таъмирланибди. Аҳоли ва меҳмонларнинг дам олиши учун кенг шароит яратилган. Гўзал хиёбонларни, ресторану қаҳвахоналарни, супермаркет ва дўконларни ҳар қадамда учратиш мумкин. У ерларда кўрсатилаётган юқори сифатли хизмат ҳар қандай сайёҳга манзур бўлиши шубҳасиз.
Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2015 йил мамлакатингизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинганини эшитиб ҳавас қилдим. Бу саъй-ҳаракатлар аввало кексаларнинг, қолаверса, уларни соғ-саломат кўришни хоҳлайдиган барча инсонларнинг кўнглини кўтаради.
Ирода Умарова, ЎзА
Кўрилди 1110
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL