Масжиди Калон
Масжиди Калон иншооти ўрта асрларнинг ноёб меъморчилик намунаси бўлиб, унинг ўрнида дастлаб қорахонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Жума масжиди бунёд этилган. Шайбонийлар даврида эса у Масжиди Калон сифатида қайта қурилди. Масжиднинг ҳозирги кўриниши Шайбонийлар сулоласига мансуб хонлар томонидан бунёд этилган.
Меъморий обидани бунёд эттирган шахслар ҳақида гапирадиган бўлсак, иншоотнинг кўпгина қисмлари Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Абдуллахон даврида қурилган. Абдулазизхон (1509-1550) – Шайбонийлардан, Убайдуллахоннинг ўғли, Хоразм ҳокими (1538-1539). Отасининг вафоти (1540)дан сўнг мамлакатда икки ҳокимиятчилик юзага келиб, Абдулазизхон Бухоро хони (1540-1550), Кўчкинчихоннинг ўғли Абдулатифхон эса Самарқанд хони (1540-1551) бўлган. Абдулазизхон ўз ҳукмронлиги даврида давлат ва аҳоли манфаатларини кўзлаб қарор ислоҳотлар ўтказган, айрим солиқлар (таноб пули, тафовут ва тавфири ва б.)ни бекор қилган, Бухоро атрофини янги девор билан ўрашга киришган (уни Абдуллахон II битказган бўлиб, ХХ аср бошларигача сақланган). Бундан ташқари у Бухорода мадраса, улкан кутубхона, Баҳоуддин Нақшбанд қабристонида хонақоҳлар бунёд эттирган.
Абдуллахон (тўлиқ исми: Абдулла ибн Искандархон ибн Жонибек султон ибн Хожа Муҳаммад ибн Абдулхайрхон) (1534, Миёнқол, Офаринкент қишлоғи – 1598, Самарқанд, Бухоро яқинидаги Баҳоуддин мажмуасига дафн этилган) – ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан чиққан энг йирик ҳукмдори (1583-1598), давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маърифат, маданият ҳомийси. Бобоси Жонибек султон Кармана ва Миёнқол ҳокими бўлган. Отаси Искандар султон ўғли туғилган пайтда Офаринкентни, кейинчалик, афтидан ака-укаларидан бири вафот этгач, Карманани бошқарган. Абдуллахон II Шайбонийхон вафотидан кейин парчаланиб кетган мамлакат ҳудудини қайта бирлаштириш, марказий давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ёшлик чоғидан қаттиқ кураш олиб борган. Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида Бухорода илм-фан, санъат, шаҳарсозлик, адабиёт ва шу каби соҳалар гуллаб-яшнади.
Бухоронинг эски шаҳар қисмида жойлашган Масжиди Калон ривожланган ва сўнгги ўрта асрларнинг ўзига хос меъморий иншооти бўлиб, 1121-йилда бунёд этилган бўлса, 1514-йилда у қайта қурила бошлаган ва XVI асрнинг ўрталарида унинг бунёд этилиши якунланган.
Меъморий обиданинг бунёд этилишида хом ва пишган ғишт, лой, ёғоч, тош, ганч ва чорсу пишиқ ғиштидан кенг фойдаланилган.
Меъморий обиданинг дизайни ҳақида гапирадиган бўлсак, масжид тўғри тўртбурчак тарҳли (127×78 м), кенг ҳовли атрофини гумбазли бостирма айвон эгаллаган. 188 қубба (гумбазча) 208 устунга таянган. Улар ўзига хос маҳобатли кўринишга эга бўлиб, устунларга кейинчалик мурабба тарҳли поюстунлар ўрнатилган. Ҳовлининг тўрт томони марказида нақшинкор пештоқлар бор. Шарқдаги ташқи улкан пештоқ маҳобати ва муҳташам безаги билан ажралиб туради. Масжиди Калоннинг ташқи 7 эшиги бўлиб, асосий шарқий дарвоза олдида ва ичида кенг айвонлар жойлашган. Пештоқ равоқидаги болохона ва унинг ён томонидаги қиррали равоқлар кошин ва сирлашган ғиштлар билан безатилган. Айниқса, ганчкори равоқлар алоҳида ажралиб туради. Пештоқ орқали ҳовли тўридаги хонақоҳ максурага ўтилади. Хонақоҳнинг ташқи пойгумбази баланд, мовий гумбази узоқдан ташланиб туради. Ички гумбаз бағалларига “қолибкори” услубида қатор майда равоқча (16 та)лар ишланган. Меҳроб безаклари нафис кошинкорлик санъатининг юксак намунасидир. Масжиди Калоннинг бош фасади шарқ томонга қараган. Йирик ва мозоика билан пардозланган масжид пештоқи бироз баландда жойлашган. Масжид ҳовлисига бир неча поғонали зинадан кирилади. Ҳовлининг ички тарафида иккита мовий гумбаз жойлашган. Тўғри тўртбурчак шаклига эга бўлган бу ҳовлининг атрофи 228 гумбаздан галерея билан ўралган.
Меъморий обиданинг услубини ёритар эканмиз, Шарқ меъморчилигининг гумбазсимон “Чор” услубида қурилган.
Меъморий обиданинг ўзига хос томонлари шундаки, унинг ҳажми ва бинокорлик безакчилиги у даражада бўлмаса-да, режавий масштаблиги жиҳатидан Самарқанддаги масжидлардан қолишмайди. Бу иншоот қадимийлиги ва йириклиги томонидан Самарқанддаги Бибихоним масжидидан кейин иккинчи ўринда туради. Масжиди Калон (форсча – катта масжид) пештоқи олдидаги саҳндаги кўшкни қайта таъмирлашда (павилён) ХХ асрда Уста Ширин Муродов қатнашган. Бухородаги катта масжидлардан бири бўлганлиги учун Масжиди Калон номи билан аталган.
Меъморий обиданинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида гапирар эканмиз, 1997-йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан масжид қайта реконструксиядан чиқарилди ва атрофи кўкаламзорлаштирилди.
Меъморий обида масжид вазифасини бажариш билан бир қаторда етим-есир, дарвешлар ва мусофирлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Ўзбекистон ҳукумати томонидан берилаётган эътиборга тўхталадиган бўлсак, 1997-йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча обидалар қаторида Масжиди Калон ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди. 2000-йил 30-августда “Маданий мерос обйектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шу ва бошқа қонунлар иншоотнинг ҳуқуқий ваколати ҳисобланади.
МАНБА: Акбар Турғунович Замонов. “Тарих фанидан олимпиадага тайёрланамиз” (олимпиада иштирокчилари учун ўқув қўлланма) – Т.: 2012 й.
Кўрилди 5995
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL