uz en ru

Тавсифлар

«Kasaba sayr» ШК билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Kasaba sayr» ШК ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи

"Каsaba sayr" шўъба корхонаси ёрдами билан 18-21 май кунлари "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиалида самарали фаолият юритаётган 27 нафар ишчи-ходимларимиз учун афсонавий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳатни ташкиллаштиришда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Жамоамиз номидан "Kasaba sayr" ШКга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда алоҳида, Т.Хидировга, Илхомжонга, Хива шахрида бизни кутиб олишдан-жўнатишгача ёнма-ён юриб, ташкилий ишларни елиб-югуриб бажарган Раззакова Дилдорахонга, гид қизимиз Усманова Назокатхонга, "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларига каттадан-катта рахматлар айтиб қоламиз. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг туристик компаниямиз билан ҳамкорликда Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этамиз деган умидда, ишларига ривож тилаймиз.

Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси

ZO'R MA'LUMOTLAR, HAMMASI QIZIQARLI RAHMAT KATTAKON

JUMAGUL

Янгиликларга Обуна

Информерлар

Система Orphus

Арк қалъаси

Энг кўҳна маданий мерос обйектларидан бири Арк қалъаси бўлиб, у қадимда Бухоро шаҳрининг маркази ҳисобланган. Бухоро арки милоднинг бошларида қурила бошланиб, XVI асрда Шайбонийлар сулоласи даврида ансамбл ҳолига келган.
Арк қалъасининг барпо этилиши Эрон подшоси ва турк аёлининг фарзанди Сиёвуш номи билан боғлиқдир. Маълумотларда келтирилишича, Сиёвуш Самарқанд подшоси Афросиёбдан енгилгач, шу ерда – Зарафшон дарёсининг қуйи ирмоқларидан бирининг соҳилида тўхтаган ва шаҳарнинг яратилишига асос солган. Сиёвуш Афросиёб томонидан ўлдирилганидан кейин Бухоронинг Шарқ дарвозаси ёнида кўмилган деган ривоятлар бор.
VII асрда Бухоро ҳокими Бидун вайрона ҳолига келган аркни қайта тиклатган. Ўша даврда арк олдида катта майдон – регистон, унинг атрофида савдогар ва зодагонларнинг юзлаб қўрғонлари бўлган. Ҳоким ва унинг қариндошлари қўрғони ёнида асосий шаҳар – шаҳристон жойлашган.
Кўплаб меъморий ёдгорликларни ўзида жамулжам этган кўҳна Арк қалъаси кўп асрлар мобайнида амирликнинг қароргоҳи бўлиб келган. Бу ерда амир, унинг бош вазирлари, ҳарбий бошлиқлар, амирнинг кўп сонли хизматчилари яшаганлар. Арк қалъасида ҳукмдорлар учун сарой, кўринишхона, масжид ва турар-жой бинолари бунёд этилган.
Арк қалъаси баланд мустаҳкам пештоқ билан улуғланган. Регистон майдонининг салобати ҳокимиятнинг буюклигини кўрсатган, уни босиб олиш мумкин эмаслик белгисини билдирган. Унинг деворлари теварагида шаҳристон жойлашган. Шаҳристонни савдо-ҳунармандчилик маскани – работ қуршаб турган.
Арк қалъасида Рудакий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Умар Хайём сингари улуғ инсонлар яшаб ижод қилганлар. Арк тўғрисида Абу Али ибн Сино қуйида келтирилган фикрни билдирган: “Мен бу ердаги кутубхонада шундай китобларни топдимки, уларни аввал кўрмаганман ва умримда бошқа кўрмадим ҳам. Мен уларни ўқидим ва шундан кейин ҳар бир олимнинг ўз фани бўйича ўрнини англадим. Менинг олдимда фанларнинг тубидаги шундай эшиклари очилдики, мен уларни тасаввур ҳам қилолмасдим. Аркдаги китобхонанинг кейинги тақдири сир бўлиб қолган. Кутубхона жанглардан бирида талаб кетилган бўлса ажаб эмас”, деган маълумотлар бор.

Арк қалъаси тўғрисида биринчи ёзувлар Абу Бахр Наршахийнинг (899-939-йиллар) “Бухоро тарихи” китобида ҳам учрайди. Бухоро подшоси Бидун бу қалъани қурди, аммо у тезда бузилди, яна янгидан қурди, у яна бузилди. Шундан кейин узоқни кўра биладиган доно кишиларни чақиради. Донишмандлар аркни катта айиқ юлдузи шаклида барпо этишни маслаҳат бердилар. Арк қалъаси ана шу шаклда қурилади, кейин эса у бузилмади деган маълумотлар бор.
Арк қалъаси ер устидаги катта баландлик, у баландлиги 20 м ча бўлган тепалик устига қурилган. Арк ғарбдан шарққа чўзилган нотўғри тўртбурчак шаклига эга. Жануби-шарқ бурчаги бироз кесилган. У қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрининг ғарб томонида жойлашган. Қалъа деворининг узунлиги 789,6 м., баландлиги 16-20 м., ер майдони 3,96 га ни ташкил этади.
Арк қалъаси бир неча марта таъмирланган ва қайта қурилган. Кўтарила борувчи йўл (пандус) орқали аркнинг ғарб томонидан улкан ёғоч дарвоза (XVI аср) орқали ичкарига кирилади. Пандуснинг узунлиги 20 м ни ташкил этади. Унинг икки ёни массив тошли пирамида билан ўралган.
Арк қалъаси пештоқининг икки тарафидаги бурчаклардаги минорачалар – “гулдасталар” конструксияси ва улар оралиғидаги уч қаватли бино яхши сақланган. Арк ичкарисига олиб кирадиган узун долон – йўлакнинг чап деворида 12 та ва ўнг деворида 13 та тахмон-токча жойлашган. Чап томондаги токчаларнинг баъзиларида зиндонга кирадиган эшикчалар бор.
“Гулдаста”лар тагида хавфли жиноятчилар сақланадиган зах ва дим ертўла – канахоналар бўлган. Долоннинг ўнг томонидаги ўрта токчада афсонавий қаҳрамон Сиёвуш арвоҳига Наврўз байрамларида чироқ ёқилган. Амир сайсхонасига (отхонасига) ҳам шу ердаги зинадан кирилган (отхона маҳбуслар жойлашган хоналар устида бўлган).
Долондан чиқаверишда тўпчи бошининг маҳкамаси, шу ердаги айвон тагидаги ертўлада эса қийноқхона бўлган. Ундан сал нарида (ғарбий бурчакда) XVIII асрда пешайвонли Жума масжиди қурилган. Масжид деворларини ички томонидаги нақшлар орасига Қуръон оятларидан битилган. Пешайвон шипи мураккаб гиррих нақшлар билан безатилган.
Арк қалъасининг шимоли-ғарб бурчагида тўпчи бошининг уйи жойлашган. Масжиднинг шарқ тарафида ошхона, орқа тарафида зарбхона (олтин, кумуш ва чақа тангалар зарб қиладиган хона) жойлашган. Зарбхонанинг шимоли-шарқида заргархона, жанубида девонбегининг маҳкамаси ва қушбегига қарашли бинолар бўлган (баъзи бинолар ҳозир ҳам бор). Жума масжидидан бошланган тор йўлак қушбеги ҳовлиси орқали чорсуга туташган.
Чорсунинг чап томонида тош ётқизилган катта ҳовли – кўринишхона ўрнашган. У ерда элчилар қабул қилинган ва амирларнинг тахтга ўтириш маросимлари ўтказилган. Ҳовлига кираверишдаги нақшли пештоқ 1605-йилда қурилган. Ҳовлининг уч қуёш тушар томони пешайвон билан ўралган. Олдинги пешайвонда икки қатор нақшли устунлар бўлиб, уларнинг қоши пастдан юқорига йўғонлашиб борувчи муқарнаслар билан безатилган. Нурота мармаридан қилинган тахт ана шу айвондаги тахтиравон тагида турган.
Ҳовлининг жануб томонида Меҳмонхонаи Раҳимхоний ва қорихона қурилган (XVIII аср). Бу бинолар тагида ертўлалар бўлиб, уларда хазина сақланган. Аркнинг ғарб томонидаги ҳовлида мирзалар ва хизматчилар учун икки қаватли бинолар қурилган. Сал нарида саломхона, ундан Шарқ томонда меҳмонхоналар, мансабдорларга қарашли бошқа бинолар (миён ҳовли) жойлашган. Жануброқда ҳаммом, унинг Шарқ томонида кичкина масжид қурилган, улар ҳозиргача сақланган.
Аркнинг марказида ўрда (амирнинг хотинлари турадиган уйлар), шимолида қушбеги хотинлари турадиган уйлар жойлашган. Ҳаммомнинг шарқида духтархона – амир ҳарамидаги қизлар уйлари ўрнашган. Шимоли-шарқий бурчакда Чил духтарон масжиди ва Баттол ғози мозори бўлган. Аркнинг шарқий девори бўйлаб ғуломбаччалар (соқчилар) хонаси, жануби-шарқий бурчакда дорихона (ўқ-дорилар хоналари) жойлашган. Ҳозирги пайтда бу биноларнинг тахминан 20%и сақланган. Аркнинг ғарбий деворидан бошқа ҳамма деворлари ва уларнинг бурчаклардаги миноралар бузилиб кетган. Арк ансамбли мустақиллик йилларида сўнгги бор реставрация қилинган.
Агар Бухоро шаҳрининг меъморий ёдгорликларини ўрганмоқчи бўлсангиз, ишни Исмоил Сомоний мақбараси (IX-XII асрлар) билан танишишдан бошлаган маъқул. Ушбу мақбара Бухоро Аркининг ғарб томонида, ундан узоқ бўлмаган ерда жойлашган.
1993-йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (1-сессия, Колумбия) “Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати”га киритилган.

қўшилган сана: 27-10-2014
Кўрилди 10442

Бухоронинг диққатга сазавор жойлари