Улуғбек мадрасаси
Бухоро шаҳрида жойлашган Улуғбек мадрасаси Муҳаммад Тарағай Улуғбек томонидан бунёд этилган.
У Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг тўнғич ўғли бўлиб, 1394-йил 22-мартда Эроннинг Султония шаҳрида туғилган. У 1409-йил отаси Шоҳрухнинг ёрдамида Мовароуннаҳр тахтини эгаллайди ва у ерда 40 йил, 1449-йилгача ҳукмронлик қилган. У буюк олим бўлиб, астрономияга оид “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини, тарихга оид “Тўрт улус тарихи” асари ва мусиқага оид 5 та рисола ёзган.
Мадраса қурилиши ўрта асрларнинг сўнггига тўғри келади. У XV асрнинг биринчи чорагида, яъни 1417-йилда қуриб битказилган.
Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида бунёд этилган бу обида Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмида, Абдулазизхон мадрасаси рўпарасида бунёд этилган.
XV асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳрда Темурийлар ўртасида тахт учун кураш кучайиб кетди. Мовароуннаҳр ва Хуросондан ташқари барча ҳудудлар Темурийлар қўлидан чиқиб кетди.
Меъморий обиданиннг қурилишида гувала ва пахсадан ташқари хом ва пишиқ ғишт, ёғоч (тут ва ёнғоқ дарахти)лардан кенг фойдаланилган.
Меъморий иншоотдаги (дизайн) устунлар, деразалар, деворлар ганч ўймакорлиги асосида ишланган. Шифтлар ғишт ўймакорлиги асосида нақшланган. Бош тарзида маҳобатли пештоқ, 2 қанотида 2 қаватли ҳужралар ва бурчакларида гулдасталар жойлашган. Гулдасталар тепаси қуббали қилиб ишланган. Мадрасанинг асосий безаги пештоқида бўлиб, унда сиркор ғиштчалардан ташқари, ранг-баранг гулли парчин ва кошиндан фойдаланилган. Ҳовлининг шимолий ва жанубий томонлари қисқароқ кўринишга эга бўлиб, деворлари, равоқ ва пештоқлари оқ, феруза ва бинафша ранг ва сиркор ғиштлар билан пардозланган. Ҳужралар ичи ганч сувоқли. Мадраса 53 метрга 41,6 метрни ташкил этади. Масжид 15,5 метрга 5,5 метрни ташкил этади. Дарсхона эса 5,5 га 5,5 метрни ташкил этади. Мадраса эшигининг табақаларига араб ёзувида “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деб ёзиб қўйилган. Бундан ташқари пештоқда Амир Темур даврида Эрондан келтирилган устанинг авлоди Исмоил ибн Тоҳирнинг номи ганчкор ва турли безаклар асосида ёзилган настаълиқ хатида сақланиб қолган. Нақшларида юлдузсимон безаклар кўп ва айвон устунлари зарҳалланган.
Меъморий иншоот Шарқ анъаналарини ўзида мужассамлаштирган гумбазсимон, аркли, тўртбурчак ва “Чор” услубда қурилган.
Мадрасанинг ўзига хос томонларидан бири шундаки, у баландлиги жиҳатидан Бухородаги бошқа мадрасаларга қараганда пастроқ ва ҳужраларининг кўплиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу Улуғбек томонидан қурдирилган дастлабки мадрасадир. Мадрасанинг бошқа мадрасалардан фарқи шундан иборатки, унинг икки четида миноралар мавжуд эмас. Хонақоҳ пеш айвонлари эса 8 тани ташкил қилади.
Бугунги кунгача меъморий обида атрофларида боғлар ташкил қилинган. Бизгача Улуғбек мадарасаси анча ўзгарган ҳолда етиб келган. 1950-1970 ва 1990-1996-йилларда таъмирланган. Мадрасанинг таъмир талаб ерлари қайта реконструксиядан чиқарилган. Мадраса кўчасига эса ўрта аср услубида тошлар ётқизилиб, йўллар ҳосил қилинган. Ҳозирги кунда мадраса очиқ осмон остидаги музей сифатида чел эл сайёҳлари ҳамда Ўзбекистонлик миллий маданий меросга қизиқувчиларнинг зиёратгоҳига айланган.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан берилаётган эътиборга тўхталадиган бўлсак, 1997-йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча обидалар қаторида Улуғбек мадрасаси ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди. 1993-йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (1-сессия, Колумбия) “Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати”га киритилган.
Меъморий иншоот ривожланган ва сўнгги ўрта асрларнинг энг йирик таълим муассасаси бўлган. Абдуллахон II даврида Жўйбор шайҳи Хожа Саъд томонидан (1586) бутунлай қайта тикланган ва йирик маданият ва маърифат маскани вазифасини ўтаган. Манбаларда айтилишича, Улуғбек 1419-йил 28-ноябрда мадрасага ташриф буюрган ва таълим олаётган талабаларга инъомлар улашган.
МАНБА: Акбар Турғунович Замонов. “Тарих фанидан олимпиадага тайёрланамиз” (олимпиада иштирокчилари учун ўқув қўлланма) – Т.: 2012 й.
Кўрилди 5570
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL