Бибихоним мақбараси
Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган, мўжазгина, асрлар юкидан бели букчайиб қолган бир меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обиданинг гумбази остида Амир Темурнинг суюкли хотини, у билан кўплаб иссиқ-совуқларни бирга баҳам кўрган, зукко, тадбиркор, оқила Катта хоним-Сароймулкхоним-Бибихоним абадий уйқуда ётибди. Ҳар хил офатлар, қаровсизлик ва асрларнинг залворли юкидан унинг гумбази йиқилиб тушди, аммо бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Бибихоним мақбараси ҳақидаги илк тарихий маълумотларни биз 1404 йили Самарқандга ташриф буюрган, Кастилия қироли Ҳйенрих ИИИ нинг элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундаликларидан ўқишимиз мумкин. Испан элчиси бу ёдгорлик ҳақида: – “Душанба, йигирма тўққизинчи сентябр куни жаноб (яъни, Амир Темур) Самарқанд шаҳрига жўнади ва шаҳарга кириш йўлининг устида жойлашган бир уйга тўхтади. Бу уйни жаноб хотини Канъонинг (Бибихонимнинг онаси) учун қурдирганди. Унинг онаси шу уйнинг ичидаги сағанага дафн этилган. Уй жуда ҳашаматли бўлиб ичи ажойиб безатилган. Уларда уйларни жуда ҳашаматли безатиш одати бўлмаса-да, бу уй ҳашаматли, у ҳали битмаган, ҳар куни иш бормоқда» – деб ёзган эди. Бу ерда гап Сароймулкхоним-Бибихоним мадрасаси ва унга ёндош қилиб Амир Темур томонидан қайнонаси, яъни, Бибихонимнинг онаси, амир Қозонхоннинг хотини учун қурдирган мақбара ҳақида бораётгани йирик тарихчилар томонидан тан олинган. Бибихоним мақбараси қурилган даврда жуда ҳашаматли ва маҳобатли бўлган, унинг деворлари ранг-баранг кошинлар, нақшлар ҳамда Қуръондан келтирилган оятлар битилган ёзувлар билан безатилган. Мақбаранинг ички тузилиши, худди Гўри Амир мақбарасидек икки, қаватли, пастда сағана, тепада эса зиёратхона бўлган. Мақбаранинг гумбази йиқилганидан сўнг униг ичига қор-ёмғирлар тушиб сағананинг томи ҳам йиқилиб тушган. 1941 йили археолог Яҳё Фуломов раҳбарлигидаги олимлар мақбарада қазиш ишларини олиб боришиб, шу пайтгача нўмалум бўлган кўпгина нарсаларни аниқладилар. Шу пайтгача, сағана ўртасидаги бўш ернинг тагида яширин қабрлар мавжуд, деган тахминлар бор эди. Бу ер қазиб кўрилгада, бу ерда ҳйеч қандай яширин қабр йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, экспедисия аъзолари мақбара XI-XII асрларга оид маданий қатлам устида бунёд қилинганлигини аниқладилар. 1941 йилнинг июн ойида Я.Фуломов бошчилигидаги археологлар мақбарадаги қабрларни ҳам очиб ўргандилар.
Шуни айтиш лозимки, ушбу мақбарага дафн этилганлар, мармартошлардан йўнилган тош тобутларга кумилганлар. Ушбу тош тобутлар дастлаб мақбаранинг пастига, яъни, сағанага қўйилган эди, сағананинг томи йиқилиб тушганидан сўнг эса тош тобутлар токчалар ичига жойлаштирилгандир. Археологлар дастлаб шимолий токчада турган тош тобутни очишга киришдилар. Тош тобутни ёпиб турган тош қопқоқ кўтариб олингач, унинг ичида пахта, газламаларга аралашиб ётган суяклар кўринди. Мумиёланган суяклар шу даражада аралаштириб ташланганки, оёқ суяклари бош суяклари билан бирга ётарди. Антрополог М.Герасимовнинг аниқлашига ушбу суяклар 25-30 ёшли аёл кишига тегишли экан. Тош тобутнинг қопқоғида ҳйеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун маликанинг шахсиятини аниқлаб бўлмади. Шундан сўнг олимлар, шимолий токчага қўйилган иккинчи тош тобутни очишга киришдилар. Бу тобутнинг узунлиги 1 м 90 см, эни 47-66 см, баландлиги 37см, бўлиб у ҳам яхлит, кулранг мармартошдан ясалган эди. Тош тобутнинг қопқоғи очилгач, унинг ичида аралаш қуралаш бўлиб ётган суяклар, тупроқ, пахта ва газлама қолдиқлари кўринди. Тобут ичидаги суяклар шу даражада эзилиб кетган эдики, уни ёшини аниқлашни иложи бўлмади, фақатгина антрополог М.Герасимов ушбу суяклар кекса аёл кишига тегишли эканлигини аниқлади. Шундан сўнг, мақбаранинг шарқий токчасида тур¬ган тош тобутларни очишга киришилди. Бу ерда учта тош тобут ёнма-ён қўйилган бўлиб, улар ҳам яхлит мармартошларнинг ичини йўниб тайёрланган эди. Шарқий токчадаги учала тош тобутнинг иккаласи бўм-бўш бўлиб, фақат биттасининг ичида жасад сақланган экан. Бу тобутдаги жасад ҳам титиб ташланганли учун анчайин тартибсиз ҳолатда ётар эди. Жасад дафн қилинишидан олдин мўмиёланган, жасадниг ёнидан бир неча тақинчоқ, райҳон барглари ва кафаннинг қолдиқлари топилди. 1941 йилда ушбу тош тобут очилаётганда, унинг қопқоғи устида ҳйеч қандай ёзувлар учратилмади, аммо, тарихчи С.А. Лапиннинг ёзишича, у 1889 йили мақбарага кирганида, ушбу тобутнинг усида ёзув битилган тош қопқоқни кўрганлигини ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, қопқоқнинг устида, Қуръондан кўчирилган оят ва пастроқда эса: “Мажнуннинг ўлимидан сўнг минг йил ўца ҳамки, унинг кафанидан ҳамон ишқ дарди таралади” деган ёзув бўлган. 1926 йили рассом И.Мрачковский мақбарада тадқиқот ўтказганида, бу ёзувли тахта ўғирланиб, унинг ўрнига оддий, ёзувсиз қопқоқ қўйилганлигини ёзган эди. Шу ўринда, нега тоштобутлардаги жасадлар титиб ташланган, уни кимлар, қачон қилишган? – деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга жавоб топиш учун гапни илгарироқдан бошламоқ лозимдир.
Самарқанд меъморчилик ёдгорликларни ўрганган археолог М.Е.Массоннинг археолог Я.Фуломовга айтишича, Бибихоним мақбарасидаги тош тобутлар дастлаб 1871 йили Самарқанд Россия империяси томонидан истило қилинганидан сўнг очилган. Аммо, тобутлар қандай мақсадда очилганлигини М.Е.Массон ҳам билмаган. Тош тобутлар иккинчи марта 1926 йили бир гуруҳ ўғрилар томонидан очилган. Ўғрилар тобутларни титиб марҳумларни тақинчоқларини ва бошқа безакларини ўғирлаганлар. Шу туфайли, тоштобутлар 1941 йили учинчи марта очилганида унинг ичидаги суяклар ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Бибихоним мақбарасидаги тош тобутларнинг қопқоқларида ҳйеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун бу ерга дафн этилган марҳумларнинг шахсиятларини аниқлаш анча мушкул бўлди. Олимлар биринчи бўлиб очилган тош тобутдаги маликанинг шахсиятини аниқлай олмадилар, аммо, уни темурийлар хонадонига мансуб олий мартабали малика бўлганлигини эътироф этдилар. Шимолий токчадаги иккинчи тош тобутга дафн этилган марҳумани Бибихонимнинг онасига тегишли эканлиги айтилди. Шарқий токчада жойлашган, учинчи бўлиб очилган мақбарадаги энг йирик тош тобутга дафн этилган жасаднинг шахсияти ҳақида анча баҳслар бўлди. Шун¬инг учун кўплаб тарихий манбалар ўрганилди, ҳар хил тахминлар фаразлар таҳлил қилинди, антропологлар жасаднинг ёшини аниқладилар. Скулптор М.Герасимов марҳуманинг ҳужжатли портретини яратди. Барча далиллар, тахминлар ва илмий хулосалар жамланиб муҳокома этилгач, тадқиқотчилар бу суяклар Амир Темурнинг суюкли хотини Катта хоним-Бибихонимники, деган қарорга келдилар. Шу ўринда Бибихоним шахсияти ҳақида ҳам озгина тўхталмоқ лозимдир. Тарихчиларнинг ёзишларича, Бибихоним, ХИВ асрнинг 40йилларида Мовороуннаҳрга хонлик қилган Чиғатой хонадонига мансуб амир Қозонхоннинг қизи бўлган. Тахминларга кўра у 1341 йили ҳозирги Қашқадарё воҳасидаги Занжирсаройда таваллуд топган. Амир Қозонхон давлатда тартиб ўрнатиш йўлида ҳар хил қаршиликларга учраб 1346 йили бир гуруҳ беклар томонидан ўлдирилади. Бу фожеа юз берганида Бибихоним 5-6 ёшларда эди. У балоғатга етгач амир Қозоғоннинг набираси Ҳусайн¬га турмушга берадилар. 1370 йили амир Хусайн Хутталон амири Кайхусрав томонидан улдирилгач, Бибихонимга Амир Темур уйланади. У хоннинг қизи бўлганлиги туфайли Амир Темурнинг ҳарамида Катта хоним деган унвонга эга бўлади. Бибихонимнинг гўзаллиги, ақл-фаросати, нозик диди, кенг ва шафқатли қалби ҳақида халқ орасида неча-неча афсоналар сақланиб қолган.
Ўша даврда яшаган бир шоир Бибихонимнинг гўзаллиги ҳақида: “Унинг гўзаллигини сўз билан англатиш мушкул, чунки ул ҳар қандай гўзал сўздан-да гўзалдир”-деб ёзган экан. Бибихонимни ақл-фаросати, меҳрибончилигини Амир Темур юксак баҳолар эди, шу сабабли, соҳибқирон оқила маликага темурий шаҳзодаларнинг тарбиясини ишониб топширган эди. Бибихонимга табиат она бўлиш бахтини бермаган эди, у бор меҳр-муҳаббатини Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султон каби суюкли набираларига бахш этди.
Бибихоним ўз сармоясидан Самарқандда улуғвор мадраса бунёд қилди, олимлар шоирлар ва меъморларга ғамхўрлик қилди. Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, уни Халил Султоннинг хотини Шодимулк яширин равишда заҳарлаб ўлдирган… Ҳозирги кунларда Бибихоним мангу уйқуда ётган мақбара таъмирланмоқда, яна ўз аслига қайтмоқда, бу ерга зиёратга келаётганларнинг сони кундан кунга ошиб бормоқда…
Кўрилди 3825
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL