Амир Темур мақбараси
XIV асрнинг сўнгги йиллари Соҳибқирон Амир Темурнинг Кичик Осиёга қилган юриши янги-янги зафарлар билан бойиб бормоқда. Амир Темур жўнатган чопар, 1401 йили пойтахтга етиб келиб, бобоси томонидан Самарқанд ҳокими қилиб тайинланган Муҳаммад Султонга соҳибқироннинг мактубини топширди. Мактубда, бобоси Муҳаммад Султонни ўз ёнига, яъни, Кичик Осиёга зўдлик билан чорлаган эди. Бобоси унга Форснинг шимоли-ғарбий вилоятларини тортиқ қилмоқчи эди. Кичик Осиёга етиб келган Муҳаммад Султон бу ерда олиб борилаётган уруш ҳаракатларида ҳам қатнашиб ўз жасорати билан ҳукмдор бобосини яна хушнуд этади. Туркияда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар зафар билан якунлангач, Муҳаммад Султон бобосининг рухсати билан ўзига инъом қилинган вилоятлар томон йўлга тушади. Аммо, Муҳаммад Султон кўзланган манзилига етиб боролмади, йўлда тўсатдан касалланиб 1403 йилнинг баҳорида, Қораҳисор яқинида вафот этади. Тахт вориси, 29 ёшли жасур Муҳаммад Султоннинг бевақт ўлими Амир Темурни чуқур қайғуга солди. Мотам эълон қилиниб, барча қўшин қора ва кўк либос кийди, ҳаттоки, оқ от миниш ҳам тақиқланди. Шаҳзоданинг танасини Арзирум яқинидаги Оник шаҳрига келтирадилар ва бу ерда бошқа тобутга солишиб Султониядаги авлиё Ҳайдар қабристонига дафн этадилар. Соҳибқирон Оник шаҳрига етиб келиб набирасига бағишлаб катта худойи беради, руҳига Қуръон тиловат қилади. Соҳибқирон Самар¬қандга чопар жўнатиб, Муҳаммад Султонга атаб у қурдирган мадраса ёнида мақбара қуришга буйруқ беради. Муҳаммад Султон вафотига бир йил тўлиши муносабати билан, Амир Темур йил оши берди, шундан сўнг, шаҳзоданинг онаси Суюнч Оға соҳибқироннинг ижозати билан ўғлининг танасини Султониядан Самарқандга олиб кетади… Муҳаммад Султоннинг жасадини мадраса ёнида янги қурилган мақбарага дафн этадилар. Орадан озгина вақт ўтгач соҳибқирон пойтахтга қайтади ва набирасини қабрини зиёрат қилади. Аммо, соҳибқиронни бу мақбара қаноатлантирмайди. Амир Темур суюкли набираси Муҳаммад Султоннинг хотирасига улуғвор мақбара бунёд қилишга фармон беради. Шу тариқа, 1404 йилнинг кузида ҳозирги Амир Темур мақбарасининг қурилиши бошланади. Кейинги шароитлар туфайли бу мақбара нафақат Муҳаммад Султон учун, балки, Амир Темур, Мир Сайид Барака, Мироншоҳ, Шоҳ¬руҳ ва Улуғбеклар учун ҳам абадий оромгоҳга айланади. Бу мақбара тез суръатлар билан қурилаётган вақтда соҳибқирон Хитой юришига отланади, аммо, ҳозирги Қозоғистон территориясидаги Ўтрор шаҳри¬да касалланиб, 1405 йилнинг 18 февралда вафот этади.
Соҳибқиронни танасини Утрордан олиб келишиб Муҳаммад Султон қабри ёнига дафн этдилар. Амир Темур мақбараси Халил Султон ҳукмронлиги даврида охирига етган, деган фикрлар мавжуд. Аммо, у бобоси Амир Темур ва Муҳаммад Султонларнинг жасадларини янги мақбарага кўчириб ўтказишга улгурмаган эди. 1409 йили Мирзо Шоҳруҳ Самарқанд тахтини Халил Султондан тортиб олади, уни тахтдан тушириб Eроннинг Рай шаҳрига ҳоким қилиб тайинлайди. Мирзо Шоҳруҳ ҳозирги Афғонистоннинг Андҳой шаҳридан 1403 йилнинг қишида вафот этган, отасининг пири, улуғ шайх Мир Саййид Бараканинг хокини олиб келтириб янги мақбарага дафн этдирди, сўнгра, Амир Темур ва Муҳаммад Султонларнинг жасадлари кўчириб ўтказилди. Шу тариқа Гўри Амир мақбараси темурийлар сулоласининг хилхонасига айланди… Мирзо Шоҳруҳ Самарқанд тахтига ўғли Улуғбекни ўтқазиб ўзи Хуросонга қайтиб кетади… Самарқандда барпо қилинган бу улуғвор мақбара ҳақида жуда кўп ёзилган. Не-не сайёҳлар унинг салобати ва улуғворлиги олдида лол қолмаган дейсиз. Мақбара икки қаватли бўлиб унинг пастки қаватида сағана устида эса зиёратхона қурилган. Сағана ва зиёратхона устида думалоқ шаклли, саккиз қаррали иншоот қурилган. Мақбаранинг мовий гумбази ҳам икки қаватли бўлиб, уларнинг орасидаги марказий бино ичини ўта исиб ёки совуб кетишдан сақлаган. Мақбаранинг икки ёнида икки улуғвор минора кўкка бўй чўзиб турибди. Дастлабки лойиҳага кўра мақбарага шимолий томонидан кирилган, Мирзо Улуғбек ўз ҳукмронлиги даврида бу эшикни ёпиб шарқий томонда галерея қурган ва янги эшик очган. Мақбаранинг ички ва ташқи деворлари, гумбази, ранг-баранг кошинлар, нақшлар билан қопланган. Шунингдек, деворларга Қуръондан суралар ёзилгандир. Айниқса, мақбара гумбазнинг ички томонида олтин суви билан ишланган нафис, жимжимадор нақшлар барчани ҳайратга солади. Мақбара ҳовлисига Чўпонотадан келтирилиб силлиқланган тошлар юксак дид билан терилган. Юқорида айтганимиздек, мақбара сағана ва зиёратхонадан иборат бўлиб, сағанада ҳақиқий жасадлар дафн этилган. Юқоридаги зиёратхонада эса пастдаги қабрларнинг айнан нусхалари ясалгандир. Шу сабабли, кўпчилик, ҳақиқий жасадларни қайерда эканлигини ҳам чалкаштирадилар. Пастдаги сағана ҳар қандай безаклардан холи, оддий қурилган бўлса, зиёратхона ўта ҳашаматли қилиб безатилгандир. Бу ердаги қалбаки қабрлар атрофи қимматбаҳо ақиқ (оникс) тошдан, жимжимадор қилиб ясалган панжара билан ўралган. Гумбазнинг шифтига эса чароғон нур сочувчи қимматбаҳо қандил осилган.
Мақбара гумбазининг тепасида соф олтиндан ясалган каттакон қубба қуёш нурларида ярқираб турган. Мақбаранинг фил суяги ва ҳар хил қимматбаҳо тошлар билан безатилган эшикларини ўз даврининг энг моҳир усталари ясаганлар. Ушбу мақбарага Мир Саййид Барака, Амир Темур ва Муҳаммад Султонлардан кейин, соҳибқироннинг ўғиллари Мироншоҳ, Шоҳруҳ ва набираси Мирзо Улуғбеклар ҳам дафн этилган. Олимларнинг фикрларича, мақбарага, шунингдек, Сайид Умар ва Улуғбекнинг бевақт вафот этган икки ўғилчаларининг жасадлари ҳам дафн этилганлар. Тарихий манбаларда ёзилишича, мақбаранинг икки ёнида Муҳаммад Султон томонидан барпо қилин¬ган хонақо ва мадраса бўлган, аммо, вақт ўтиши билан бу икки тарихий иншоот вайрон бўлиб кетган. Аммо, Амир Темур мақбараси узоқ асрларнинг суронларига бардош бериб бизнинг кунларимизгача етиб келгандир. Амир Темур ва темурийлардан сўнг Самарқандда ҳуқмронлик қилган подшолар ва ҳокимлар ҳам улуғ соҳибқирон ётган мақбарани таъмирлашга ғамхўрлик қилганлар. Ҳаттоки, узоқ Ҳиндистонда ҳуқмронлик қилаётган бобурий Аврангзеб, улуғ бобоколони Амир Темурнинг мақбарасига ғамхўрлик қилган, у шу мақсадда Самарқандга Ҳиндистондан маблағ жўнатган. Мақбара самарқандликлар орасида ҳам катта эҳтиромга эга эди, бирор киши мақбара ёнидан от миниб ўтмас, ўтаётганлар қуръондан оятлар тиловат қилар эдилар… 1868 йили руслар Самарқандни истило қилганларида бу улуғвор мақбара яхши ҳолатда эди. Айрим рус олимлари мақбарани ҳар томонлама ўрганишга киришдилар. Лекин, айнан шу даврларда мақбара бошига қора кунлар тушди. Мақбара гумбазининг тепасидаги олтин қубба ўғирланди, нақшинкор, фил суяги ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган эшик ўғирланиб хорижга олиб кетилди. Шунингдек, мақбаранинг жимжимадор панжараси қўпорилиб Санкт-Петербургга жўнатилди, 1903 йилнинг 18 майида шимоли-ғарбий минора қўлаб тушди. Рус маъмурияти мақбара атрофида барпо қилган боғдан сув қочиб сағанадаги қабрларни икки марта сув босди. 1905 йили мақбара эшиги тепасидаги ёзув битилган нафис панно ҳам ўғирлаб кетилди… 1907 йилнинг 8 октябрида юз берган зилзила туфайли қаровсиз қолган мақбара зиён кўрди. 1923 ва 1929 йилларда ёдгорликларни асраш комиссиясининг ходимлари мақбарада айрим таъмирлаш ишларини ўтказдилар.
1941 йилнинг 16-22 июн кунлари Ҳукумат экспедисияси томонидан Амир Темур мақбарасидаги қабрлар бирин-кетин очилди. Биринчи бўлиб Амир Темурнинг ўртанча ўғли Мироншоҳнинг қабри очилди. Қабр устидаги мармар плита очилгач, мармардан териб ясалган лаҳад кўринди. Қабрни сув босганлиги учун суяклар чириб муртлашиб қолган, жасад соф мусул¬мон одатича дафн этилган экан. Қабрдан ошиқча нарсалар топилмади. Жасад такрорий дафн этилганлиги, яъни, бошқа жойдан кўчириб келганлиги яққол кўриниб турибди. Мироншоҳнинг қабри очилгандан сўнг, Мирзо Шоҳруҳнинг қабрини очишга киришилди… Соҳибқирон Амир Темурниинг кенжа ўғли Мирзо Шоҳруҳ 1447 йили 70 ёшида Форсда вафот этган. Уни дастлаб Ҳирот шаҳрига дафн этганлар, сўнгра Мирзо Улуғбек томонидан Самарқандга келтирилиб Амир Темур мақбарасига дафн этилган. Шоҳруҳ қабри устидаги мармар тошда унинг туғилган ва вафот этган саналари ёзилган. Бу қабртош кўчириб олинганида, мармар тошлардан ясалган лаҳад кўринди. Лаҳаддаги жасад мусулмонча маросим билан дафн этилганлиги кўриниб турибди. Жасаднинг устида кафан қолдиқлари сақланган, қабрни сув босганлиги учун суяклар ва кафан чириган. Жасад мумиёланган бўлишига қарамай зах таъсирида кўп жойлари чириган экан. Жасаднинг ёнидан майда тошчалар солинган ёғоч қутича ва райҳон барглари солинган латта халтача топилди. Қабрдан чиқарилган суяклар кимёвий усуллар билан қотирилди ва тадқиқ қилинди. Eкспедесия аъзолари Шоҳруҳ қабрини очиб бўлишгач Мирзо Улуғбек қабрини очишга киришдилар. 1449 йили қотил Аббос қўлида шаҳид бўлган Мирзо Улуғбек ҳам улуғ соҳибқирон бобоси ётган мақбарага дафн этилгандир. Мирзо Улуғбекнинг қабри очилгач, унинг қабрини тузилиши кўп жиҳатлари билан Шоҳруҳ қабрига ўхшаш эканлиги маълум бўлди. Бу қабрни ҳам сув босганлиги учун ичига лойқа кирган, суякларни чиришига сабаб бўлган. Мирзо Улуғбек шаҳид бўлганлиги учун мусулмон одатига кўра, ўлдирилган пайтда қандай кийимда бўлса ўша кийимлар билан дафн этилгандир. Шу сабабли қабрдан Улуғбекнинг камари, чалвори, куйлаги ва бошқа либосларининг қолдиқлари топилди. Улуғбек суякларини ўрганган антропологлар ҳақиқатан унинг боши ўткир тиғ билан кесилганлигини аниқладилар. Мирзо Улуғбекнинг қабри очиб бўлингач экспедисия қатнашчилари Амир Темур қабрини очишга киришдилар. Бу иш 1941 йилнинг 19 июнида бошлан¬ган эди. Дастлаб қабр устидаги қалин мармар плитани кўчириб олишга тўғри келди.
Бу тошга соҳибқироннинг шажараси ёзилгандир. Ёзув битилган тош кўчириб олинганида, лаҳаднинг оғзини беркитиб турган 5та мармар плита кўринди. Бу плиталар ҳам жойидан кўчириб олингач, мармар тошлардан катта маҳорат билан ясалган лаҳад кўринди. Амир Темурнинг қабри очилгач, у арча дарахтидан ясалган ёғоч тобутда дафн этилганлиги маълум бўлди. Тобутнинг устида эса икки қаватли газламанинг қолдиқлари сақланганди. Пишиқ ва нафис қилиб тўқилган бу газламаларга олтин иплар билан арабча ёзувлар битилган экан. Eкспедисия қатнашчилари бу нарсани биринчи марта учратаётганликлари учун ҳайрон қолдилар, уни шарҳлари учун ҳар хил тахминлар айтилди. Айримлар бу газламалар. Амир Темурнинг жанговор байроғи десалар, бошқа бир гуруҳ олимлар, бу газламалар Кааба устига ёпилган каабапуш эканлигини айтганлар. Тобут устидаги газламалар кўчириб олиниб унинг қопқоғи очилганида, Амир Темурнинг суяклари кўринди. Қабрни сув босганлиги учун соҳиб¬қироннинг мумиёланган суякларининг кўп қисми чириган экан. Қабр очилганда ундан таралган хушбуй ҳид сағана ичини қоплаган эди, бу Амир Темурниг қабрига хушбўй модда сепилганлигидан дарак беради. Шу ўринда яна бир нарсани айтмоқ лозимдир. Амир Темурнинг қабри очилишдан олдин кўпчилик ўртасида у катта бойлик билан дафн этилган, деган миш-мишлар юрарди. Шу сабабли Амир Темурнинг қабри очиладиган куни ҳамма сергак, мақбара атрофига кўпчилик томошабинлар тўпланган эди. Қабр очилганидан сўнг маълум бўлишича, у ҳйеч қандай ошиқча нарсаларсиз, соф мусулмонча маросимлар билан дафн этилган экан. Бундан ташқари, араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг гаплари ҳам тасдиқланмади. Унинг ёзишича, Амир Темур шерозлик усталар ясаган пўлат тобутда дафн этилган бўлиши лозим эди. Биз юқорида айтганимиздек Амир Темур пўлат тобутда эмас, арча дарахтидан ясалган оддий тобутда дафн этилгандир. Ҳукумат экспедисияси қатнашчилари, соҳиб¬қи¬рон қабрини очиб бўлишгач, унинг суюкли набираси Муҳаммад Султоннинг қабрини очишга киришдилар. Маълумки, Муҳаммад Султон бобосининг чап томонида абадий уйқуда ётибди. Афсуски, Муҳаммад Султон қабри устидаги ёзувли тош ўғирлаб кетилгандир. Қабр устини ёпиб турган плиталар кўчириб олингач, унинг ичида ёғоч тобутнинг қолдиқлари кўринди. Ёғоч тобутниг устида худди Амир Темурнинг тобути устидаги газламаларга айнан ўхшаш газламалар топилди. Олимлар газлама ва тобутнинг қопқоғини авайлаб кўчириб олдилар. Тобутнинг ичидан кафан парчалари ва райҳон барглари топилди.
Муҳаммад Султоннинг қабрига ҳам хушбуй нарсалар сепилганлиги учун унинг ичидан ҳамон ўша модданинг ҳиди таралиб турарди. Қабрни сув босганлиги учун Муҳаммад Султоннинг суяклари ҳам чириган экан. Суяклар химиявий усуллар билан қотирилгач, текшириш учун қабрдан чиқариб олинди. 1941 йилнинг 24 июнида Гўри Амир мақбарасидаги қазишмалар якунланиб, қабрлардан чиқариб олинган Амир Темур Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг суяклари махсус қутиларга жойланиб пойезд билан Тошкентга олиб кетилди. Мақбаранинг эшиклари муҳрланиб ёпиб қўйилди. Антрополог М.М. Герасимов ўзи яратган усул билан Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг хужжатли портретларини яратди. Ўша даврда М.Герасимов яратган бу портретлар кўпчилик олимлар иштирокида муҳокама қилиниб қабул қилинган эди. Аммо, орадан ярим аср вақт ўтгач, антрополог М.Герасимовнинг, бош чаноқлари асосида одамларнинг портретларини яратиш методикасида кўпгина хатоликлар борлиги аниқланди. 1942 йилнинг охирларига келиб, Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилди. Лекин, қабрлардан олинган кўпгина нарсалар, тобутлар ва газламалар, Мирзо Улуғбекнинг либослари марҳумларнинг мумиёланган тана аъзолари, кафанлар, соч-соқолари қайта ўз жойига қўйилмади. Амир Темур мақбарасининг ичига 9 кишининг жасади дафн этилган бўлса, унинг ҳовлисига 30дан ошиқ марҳумлар дафн этилгани маълумдир. Бу марҳумлар темурийлар хонадонига мансуб аёллар ва эрта хазон бўлган гудаклардирлар. Уларнинг қабрлари 1950-йилларгача бус-бутун турган эди, аммо, шундан сўнг мақбарани таъмирлаш баҳонасида бу қабрлар ва қабртошлар йўқ қилиб юборилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач Самарқанддаги бошқа меъморчилик ёдгорликлари каби Амир Темур мақбарасига ҳам катта ғамхўрлик қилинди, у қайта таъмирланди, XV асрдаги тарихий қиёфаси қайта тикланди. Соҳибқирон Амир Темур, Мир Сайиид Барака, ўғиллари Мироншоҳ, Шоҳруҳ суюкли набиралари Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбеклар абадий уйқуда ётган Гўри Амир мақбараси ҳозирда ер юзининг турли-туман томонларидан Самарқандга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун муқаддас зиёратгоҳга айлангандир.
Мақбара архитектураси
Мақбара саккиз бурчакли гумбаз асосида барпо этилган. Ҳозирги замон мутахассисларини ҳам бирмунча ўйчанлик билан фикрлашга ундайди.
Бинонинг мўтадил ҳароратини сақлаш, Шарқона қурилиш услублари орқали эл ардоғида бўлган шахсларни ўзига хос ҳурмат билан улуғлаш, уларнинг буюклигини бежирим безаклар орқали ифодалаш каби хусусиятлари ҳар қандай кишини лол қолдиради.
Соҳибқирон Амир Темур ҳам ушбу мақбарадан (1405-йил) абадий қўним топган.
1409-йилда Амир Темурнинг кенжа ўғли, Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзо отасининг маънавий пири Мирсаид Бараканинг жасадини (турбати) Андхойдан олиб келтириб, шу мақбарага, Соҳибқироннинг бош томонига дафн эттиради. Бу билан отаси — Амир Темурнинг васиятини бажаради.
1424-йилда Мирзо Улуғбек томонидан мақбара саҳнига қабртошлар қўйилиб, атрофи нафис мармар тошдан қилинган панжара билан ўралди ва кўк гумбазли галерия қурилиб, зиёратхонага Шарқ томон дан кирилиши таъминланди.
Мақбаранинг ички томони тилла суви югуртирилган бўртма қоғоз нақши билан безатилган.
Безакларда ишлатилган композицияда Қуръони Карим оятлари исломий, ҳандасавий нақшлар ҳамда арабий хаттотлик санъатининг калиграфик нақшлари билан битилган.
Мақбарага, шунингдек, Мироншоҳ Мирзо ва Шоҳрух Мирзо ҳам дафн этилиб, темурийлар хилхонасига айланган.
1449-йилда Мирзо Улуғбек ҳам шу мақбарага, бобосининг пойига дафн этилган.
Мустақилликдан сўнг
Мустақиллик йилларида, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ва Мирзо Улуғбек таваллуди нинг 600 йиллиги муносабати билан мақбарада катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилди. XIX аср нинг охирида қулаб тушган минора ва гумбазнинг зар қуббаси қайта тикланди.
Кўрилди 4328
Тавсифлар
Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи
Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси
JUMAGUL