uz en ru

Тавсифлар

«Kasaba sayr» ШК билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Kasaba sayr» ШК ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи

"Каsaba sayr" шўъба корхонаси ёрдами билан 18-21 май кунлари "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиалида самарали фаолият юритаётган 27 нафар ишчи-ходимларимиз учун афсонавий Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳатни ташкиллаштиришда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Жамоамиз номидан "Kasaba sayr" ШКга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда алоҳида, Т.Хидировга, Илхомжонга, Хива шахрида бизни кутиб олишдан-жўнатишгача ёнма-ён юриб, ташкилий ишларни елиб-югуриб бажарган Раззакова Дилдорахонга, гид қизимиз Усманова Назокатхонга, "Шамс Хива" меҳмонхонаси ходимларига каттадан-катта рахматлар айтиб қоламиз. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг туристик компаниямиз билан ҳамкорликда Республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этамиз деган умидда, ишларига ривож тилаймиз.

Махмудова Назокат Нурмамедовна "Ўзбектелеком" АК Самарқанд филиали КУҚ раиси

ZO'R MA'LUMOTLAR, HAMMASI QIZIQARLI RAHMAT KATTAKON

JUMAGUL

Янгиликларга Обуна

Информерлар

Система Orphus

Регистон майдони

Қадимий Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар бу муаззам шаҳарнинг юраги бўлмиш Регистон майдони ва унда қад ростлаган уч мадрасанинг кўрки, салобатидан ҳайратга тушадилар. Унинг нафис гўзаллигини соатлаб томоша қиладилар, сеҳрли оқшомларидан тараладиган сукунат қўшиғини тинглайдилар. Регистон - бу ном ҳар бир самарқандлик учун бағоят таниш ном. Регистон майдони қадим-қадимдан бошлаб Самарқанднинг бошидан кечган шодлик ва қайғули кунларнинг тирик, тилсиз гувоҳидир. Мирзо Улуғбек замонасидан буён бу майдон Самарқанд аҳли учун Бош майдон ҳисобланади. Самарқанд ҳукмдорларининг фармонлари шу ердан эълон қилинади. Ёвга қарши эрк жангига отланган жасур лашкарлар, айнан, шу майдонда қасамёд қилишиб кексалардан дуо-фотиҳа олганлар... Регистон майдонида олиб борилган археологик қазишмаларнинг кўрсатишича, ибтидоий жамоа даврида бу ерда улкан чангалзор бўлиб энг қадимги овчилар чангалзорда ҳар хил ёввойи ҳайвонларни овлаганлар. Қазишмалар пайтида Регистон майдонининг энг пастки қатламларидан ибтидоий одамларнинг ов қуроллари топилгандир. Антик даврда эса ҳозирги Регистон майдонидан Афросиёб шаҳарчаси томонга катта ариқ ўтказилган экан. VIII-X асрларда Регистон майдони ўрнида жуда кўплаб иморатлар пайдо бўла бошлайди, чунки, Самарқандни истило қилган араблар Афросиёбдан бир неча минглаб маҳалий аҳолини мажбурлаб кўчирган эдилар. Айнан шу даврларда бу ерда хунармандларнинг устахоналари, савдо расталари бунёд этилади. XI-XII асрларда ҳозирги Регистон майдони ўрни ва атрофидаги маҳаллалар ташқи мудофаа девори билан ўралиб "ташқи шаҳар" номи билан атала бошлайди. 1220 йили Афросиёб Чингизхон томонидан вайрон қилингач, бу ерда яшашни иложи қолмайди, тирик қолган халқ ҳозирги эски шаҳар томонга, яъни, Регистон майдони атрофига кўчиб ўтади. Бу ердан оқиб ўтувчи канал анча кенгайиб саёзлаша бошлайди. Шундан сўнг, канал учун янги ўзан қазилиб жиловланади. Каналнинг эски ўзанида жуда кўп қум тўпланганлиги учун бу жой Регистон, яъни, "қумлоқ жой" деб атала бошланди. Соҳибқирон Амир Темур даврида Регистон майдони ўрнида марказий бозор жойлашган эди, шунингдек, бу ерда жаҳонгирнинг хотини Туман оға томонидан барпо қилинган усти ёпиқ савдо тими-расталар қурилган эди. Регистон майдонининг меъморий томондан шаклланиши Мирзо Улуғбек ҳукумронлиги давридан бошланган. Самарқандга 40 йил (1409-1449 й.) ҳуқмронлик қилган улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек бу шаҳарнинг ободончилиги борасида ҳйеч нарсани аямади. Мирзо Улуғбекнинг фармони билан Туман оға тимининг ғарбий томонида ҳашаматли мадраса қуриш бошланади.
1420 йили қуриб битказилган бу мадраса ўз салобати ва гўзаллиги билан замондошларининг ҳайратига сазовор бўлган эди. Мадрасанинг тўрт бурчагида тўртта баланд минора бунёд қилинади. Мадрасанинг ички ҳовлисида бир неча қулай ва шинам ҳужралар, дарсхоналар юксак маҳорат билан икки қаватли қилиб қурилган эди. Шунингдек, мадрасанинг ички ва ташқи деворлари ранг-баранг кошинлар билан безатилган эди. Мадраса ҳовлисидаги ҳовузчада лиммо-лим сув жимирлаб турар, унга қуёш нури тушгач эса, деворлардаги нақшларга қуёш нури урилиб киши кўзини қамаштирарли даражада акс-берар эди. Регистонда Мирзо Улуғбек ҳашаматли мадраса қуришдан ташқари улкан хонақоҳ ва улуғвор карвонсарой ҳам бунёд қилдиради. Бунинг учун кўҳна иморатлар текисланади. Булардан ташқари Мирзо Улуғбек, карвонсаройнинг яқинида янги ҳаммом ҳам бунёд қилдиради. Мирзо Ҳаммоми номи билан машҳур бўлган бу иншоот ўз меъморий ечимлари билан темурийлар даври меъморчилигида алоҳида ўрин эгаллагандир. Мирзо Бобурнинг таърифича, бу хилдаги ажойиб ҳаммом Мовароуннаҳр ва Хуросонда ягона бўлган. Шунингдек, ҳозирги Регистон майдонида Мирзо Шоҳруҳнинг тарбиячиси Алика Кўкалтош томонидан бунёд қилинган ҳашаматли масжид ҳам қад ростлаб турган. Мирзо Бобур Самарқанд ҳақида ёзар экан, Улуғбек томонидан Регистон майдонида барпо қилинган Муқатта масжидини ҳам эслаб ўтади. Ушбу масжид Улуғбек мадрасасининг жанубий томонида қад ростлаб турган. Темурийлардан кейин Самарқанд тахтига ўтирган шайбонийлар ҳам бу шаҳарнинг ободончилиги борасида катта ишлар қилдилар. Тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Абдуллахон 1581 ва 1587 йилларда, икки марта, Самарқанддаги меъморчилик ёдгорликларини таъмирлашга фармон берган, шу мақсадда катта маблағ сарфланган. Регистон майдони XVII асрнинг бошларида яна улкан қурилиш майдонига айланди. Бу ерда Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир бири - биридан гўзал, ҳашаматли ва улуғвор икки мадрасасини бунёд қилдирди. Улуғбек мадрасасининг қарама-қарши томонида қад растлаган Шердор мадрасасини қурилиши 1619 йили бошланган эди. Бу мадрасанинг лойиҳасини яратган меъморлар уни ҳар томонлама Улуғбек мадрасасига ўхшатишга ҳаракат қилдилар. Шу туфайли Шердор мадрасасининг пештоғини баландлиги, мовий гумбазлари, салобатли миноралари XV асрда қурилган Улуғбек мадрасасига ўхшаб кетади. Аммо, Улуғбек мадрасасидан икки аср кейин қурилган Шердор мадрасаси унинг такрори, нусхаси дейиш адолацизлик бўлар эди. Аммо, Шердор мадрасасининг кошинлари, ва безаклари фақат ўзигагина хос, бетакрордир. Шунингдек, Шердор мадрасасининг ҳовлиси ва ундаги ҳужралар ҳам ўз меъморий ечимлари билан Улуғбек мадрасасидан фарқ қилади.
Шунингдек, Шердор мадрасаси пештоғига ишланган шер, унинг белидаги одамюзли қуёш, ва орқасига қараб ҳадиксираб, ҳуркиб бораётган оҳу тасвирлари ҳам бу мадрасанинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Қуёш, шер ва оҳу тасвирлари қандай фалсафий ғояни англатиши ҳақидаги баҳслар ҳалигача ўзинининг тугал ечимини топган эмасдир. Шердор мадрасасининг деворларида уни қурган уста-меъмор Абдул Жабборнинг ва меъморчилик безакларини яратган моҳир уста Муҳаммад Аббосларнинг номлари абадий муҳрланиб қолгандир. Мадраса деворларида, уни бунёд қилдирган Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодирнинг номи ва унинг номига битилган мадҳия ҳам сақлангандир. Ушбу мадраса қурилган пайтда халқ орасида ва ҳужжатларда "Ялангтўшбийнинг катта мадрасаси" дея аталар эди, аммо, кейинги даврларда нотўғри равишда Шердор дея аталиб кетгандир. Регистон майдонида бунёд қилинган учинчи мадраса Тиллакори мадрасасидир. Бу мадраса ҳам Яланг¬тўшбий Баҳодир томондан барпо қилинган бўлиб, тарихий манбалардан англашилича 17йил давомида қурилгандир. Тиллакори мадрасасининг пештоғи ҳам худди Улуғбек ва Шердор мадрасалариники каби баланд ва улуғвордир. XVII асрларга келиб Амир Темур жомеъ масжиди анчайин харобага айланган, Регистондаги Алика Кўкалдош масжиди эса батомом йўқ бўлган эди. Шу сабабли, Самарқанд аҳли янги жомеъ масжидга эҳтиёж сезар эди. Буни яхши англаган Ялантушбий Баҳодир янги қурила¬диган мадрасада ҳашаматли масжидни ҳам уйғунлаштиришга қарор қиди. Меъморлар ҳукмдорни ниятини яхши англадилар ва уни лойиҳага кўчирдилар. Мадраса ҳовлиси ҳам бу ерга намоз ўқишга келадиган намозхонларга қулай қилиб қурилди. Масжид ва мадрасани безатишда жуда кўплаб олтин ишлатилганлиги учун унинг деворлари ярқираб турарди. Шу сабабли ҳам бу мадраса қурилган даврларда, "Ялангтушбийнинг кичик мадрасаси" деб аталганлигига карамай, кейинчалик, "Тиллакори" деган ном билан аталиб кетди. Тиллакори масжид - мадрасасининг деворлардаги кошинлар ва мозаик паннолар ўз гўзаллиги билан танҳо, бетакрордир. Регистон майдонида қад растлаб турган бу уч улуғвор мадрасаларда бир неча асрлар давомида юз-юзлаб толиби илмлар таълим олганлар. Унинг ҳужраларида тунни тонгга улаб илм сирларини эгаллаганлар. Уларга ўз даврининг не-не улуғ алломалари таълим берганлар. Бундан ташқари бу учала мадрасаларда Марказий Осиёнинг XV-XVII асрлардаги юксак меъморчилик гоялари абадий муҳрланиб қолгандир. Регистон бугунги кунларда Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим маданий тадбирларни ўтказадиган бош майдонга айлангандир.

қўшилган сана: 27-10-2014
Кўрилди 8765

Самарқанднинг диққатга сазавор жойлари